Жаҳон | 13:43
888
2 дақиқада ўқилади

Германия ва АҚШ мудофаа вазирлари Украинага қурол етказиб бериш масаласини муҳокама қилди

Борис Писториус ва Пит Ҳегсет Вашингтонда музокара ўтказди ва Украинага Patriot тизимларини етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни «тез ва жимгина» ҳал қилишга келишиб олди.

Фото: AP

Германия ва АҚШ мудофаа вазирлари Борис Писториус ва Пит Ҳегсет 14 июл, душанба куни Вашингтонда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Украинага қурол етказиб бериш масаласини муҳокама қилди. Американинг Bloomberg агентлиги хабарига кўра, Германия вазири, хусусан, америкалик ҳамкасбидан Киевга иккита Patriot тизимини тақдим этишни сўраган. Писториус ва Ҳегсет, журналистларнинг хабар беришича, ушбу келишув билан боғлиқ муаммоларни «тез ва жимгина» ҳал қилишга келишиб олди.

Борис Писториус ўз нутқида Қўшма Штатларнинг ҳиссаси «коллектив хавфсизлик учун ажралмас» бўлиб қолаётганини айтди, бироқ Германия «Европани тўхтатиб туриш ва ҳимоя қилиш учун каттароқ масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр» эканини қўшимча қилди.

Вазирнинг эслатишича, Берлин 2029 йилгача мудофаа учун ялпи ички маҳсулотининг 3,5 фоизини сарфлашни режалаштирмоқда.

Журналистларнинг АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинага Patriot ҳаво мудофаа тизимларини етказиб беришни режалаштиряптими деган саволига Доналд Трамп 14 июл куни НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашувда бу «бир неча кун ичида» амалга ошишини айтди. «Бизда 17 та Patriot тизимини жўнатиш учун тайёрланаётган битта мамлакат бор. У уларга керак бўлмайди. Шунинг учун биз ўша 17 та тизимнинг аксарияти қаерга боришини келишиб оламиз. Улар уруш томонига боради», — дея қўшимча қилди Трамп.

Patriot келишувида бу комплексга эга бўлган бир қанча давлатлар иштирок этади, деди у. Улар буни «алмаштиради», деди Трамп. «Украина ҳақиқатда катта миқдорда ҳарбий техника олади: ҳаво мудофааси ҳам, ракеталар ва ўқ-дорилар ҳам», — дея маълум қилди Рютте.

Мавзуга оид