Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Улар халқ хизматига қайтарилиши керак” – ССВ вазири “қизамиқ эпидемияси” бўйича қамалган наманганлик врачлар ҳақида
2023-2024 йилларда республика бўйлаб қизамиққа чалиниш ҳолатлари учраган. Айниқса, Тошкент шаҳри, Тошкент, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида вазият жиддий тус олган: сурункали касаллиги ва ногиронлиги бўлган болалар қизамиқ асоратидан вафот этган. Бироқ “қизамиқ эпидемияси” республика бўйлаб кузатилган вазиятда фақатгина наманганлик врачлар жиноий жазога тортилган. Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг ССВда ўтказилган сайёр мажлисида вазир наманганлик врачларга тайинланган жазо адолатсиз эканини билдирди.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати
Соғлиқни сақлаш вазирлигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси ўтказилди.
Kun.uz манбасига кўра, йиғилишда вазир Асилбек Худоёров Олий суд раиси Бахтиёр Исломовга “қизамиқ эпидемияси” бўйича наманганлик врачларга тайинланган жазо адолатсиз экани, тиббиёт ходимлари жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниб, халқ хизматига қайтарилиши мақсадга мувофиқлиги ҳақида фикр билдирган. Вазир ўз фикрларини республикада эпидемиолог-врачларга катта эҳтиёж борлиги, кадрлар етишмовчилиги оқибатида Санэпидқўм тизимидаги муассасаларда 30 фоиз эпидемиолог штатлари вакант экани, фаолият олиб бораётган эпидемиологларнинг ҳам 50 фоизидан ортиғи пенсия ёшидаги ходимлар бўлгани билан асослаган.
Вазир айтган врачлар кимлар?
2023 йил январидан республиканинг деярли барча вилоятларида қизамиқ касаллиги билан касалланиш қайд этила бошланган. Айниқса, Тошкент шаҳри, Тошкент, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида касаллик жиддий тус олган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғининг Kun.uz танишган маълумотномасида келтириб ўтилган.
Маълумотнома ЖИБ Наманган шаҳар судининг 2024 йил 14 ноябрдаги ҳукми билан судланган судланувчиларнинг иш ҳужжатларини ўрганиш бўйича тайёрланган. Ушбу суд ҳукми билан Наманган вилояти “СЭС” ва соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи айрим масъуллар судланган.
Kun.uz ўрганган суд ҳукмида келтирилишича, бошқарма масъуллари М.Т., У.М. ва Ш.Л. 2023 йил январ-август ойлари давомида вилоятда 311 нафар беморда қизамиқ аниқланган бўлса-да, эпидемиологик вазиятни гўёки “ижобий” кўрсатиб, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига сохта маълумотлар тақдим қилишган.
Суд ҳужжатида вилоятда қизамиққа чалинган беморларни аниқлаш, ажратиб қўйиш ва юқумли касалликлар шифохоналарига ётқизиш, улар билан мулоқотда бўлган шахсларни лаборатория текширувидан ўтказиш ва эмлаш чораларини кўриш ишлари амалга оширилмагани, касалликка чалинган беморлар устидан эпидемиологик суриштирув ва тиббий кузатувлар олиб борилмагани келтирилган. Бунинг оқибатида вилоят ҳудудида аҳоли, айниқса ёш болалар ўртасида қизамиқ касаллиги кескин кўпайиб, эпидемиологик вазият ёмонлашган. Жумладан, вилоятда 2023 йилда 1 912 нафар, 2024 йил январ-феврал ойларида 875 нафар фуқарога қизамиқ юққан, 25 нафар сурункали касаллиги бўлган болалар эса ушбу касаллик асоратидан вафот этган.
Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори лавозимида ишлаб келган И.Т. эса аниқланган юқумли касаллик бўйича ҳудудий СЭО ва ЖС бўлимларига 12 соат ичида телефон орқали ва 24 соат ичида ёзма равишда шошилинч хабарнома жўнатмаганлиги ва ҳақиқий ҳолатни яшириш мақсадида 74 нафар беморнинг касаллик тарихига қизамиқ ташхиси ўрнига бошқа турдаги касаллик ташхисини ёзиб қўйгани айтилади.
Ҳукмга кўра, Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори лавозимида ишлаган А.Р. эса 2023 йилда марказда 46 нафар бемор юқумли касалликка гумон қилиниб, уларнинг 18 нафарида қизамиқ касаллигининг клиник аломатлари мавжуд бўлса-да, лаборатория текширувларини ташкил этмаган. Бунинг оқибатида марказда даволанаётган беморлар ўртасида ҳамда улар билан яқин мулоқотда бўлган бошқа шахслар орасида қизамиқ кенг тарқалишига ва эпидемиологик вазият кескинлашиб кетишига сабабчи бўлган.
Суд ҳужжати билан 5 нафар врач 3 йил 1 ойдан озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғининг маълумотномасида республикада қизамиқ касаллиги билан касалланиш бўйича Наманган вилояти 2023 йилда 2-ўринда, 2024 йилда 3-ўринда бўлгани қайд этилган. Маълумотномада Наманганда вафот этган 25 нафар боланинг кўпчилиги касалланишдан олдин эмланмагани, қўшимча касалликлари бўлгани, хусусан, касаллик пневмония билан асоратлангани айтилади.
Бундан ташқари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Баҳодир Юсупалиев ҳам 2025 йил 30 июн куни Олий суд раиси Б.Исломовга расмий хат билан мурожаат қилган.
Хатда тиббиёт ходимларининг жавобгарликка тортилиши ноқонуний ва тайинланган жазо адолатсиз экани билдирилган.
Мавзуга оид

14:34
Тошкент ва Наманганда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилганлар ушланди

11:04 / 12.07.2025
ССВ тизимида уч турдаги коррупцион жиноят кўп учраяпти

17:51 / 07.07.2025
Президентга Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги бўйича ҳисобот берилди

19:42 / 02.07.2025