Фан-техника | 12:07
2001
3 дақиқада ўқилади

Жигар касалликларини операциясиз даволаш усули топилди

Ҳужайраларни “ёпишқоқ” қобиқ билан қоплаш орқали жигарнинг зарарланган қисмини тиклаш процедураси ишлаб чиқилди. Бу усул келажакда трансплантациянинг ўрнини босиши мумкин.

Фото: Shutterstock

Жигар – танамиздаги энг муҳим органлардан бири. У қонни тозалайди, заҳарли моддаларни зарарсизлантиради, организм учун зарур бўлган оқсилларни ишлаб чиқаради. Бироқ мазкур орган ҳам бошқа тана аъзолари каби касалланади.

Жигар шикастланишининг оғир ҳолатларида ягона ечим трансплантация, яъни бошқа одамнинг жигарини кўчириб ўтказишдир. Донор органлар етишмовчилиги, шунингдек, трансплантациянинг қиммат ва мураккаб операция экани кўпчилик учун оғир жигар касалликларини даволашни имконсиз қилиб қўяётган эди.

Шу боис, олимлар йилдан йилга ҳужайра терапияси (касал органни соғлом ҳужайралар ёрдамида тиклаш йўли)ни излаб келишмоқда. Ҳозиргача ҳужайрали терапияда қўлланадиган гепатик проженитор ҳужайралар (жигарни тиклашга қодир ҳужайралар) организмга яхши сингмас, жигар тўқималарига заиф бирикарди.

Олимлар бу муаммони ҳал қилиш йўлини топди: ҳужайраларни гигалурон кислотаси ёки алгинат каби полисахаридлар билан қоплаш, яъни ёпишқоқ молекулалардан иборат махсус бирикма билан ўраш усулини ишлаб чиқди. Бу амалиёт молекуляр елим вазифасини бажариб, ҳужайраларнинг керакли жойда мустаҳкамланишига ёрдам беради.  

Мазкур процедурада биологик бирикмалар жигар тўқималари ва қон томирлари ички қисмини қоплайдиган эндотелиал ҳужайраларга анча яхши бирикиши аниқланган.

Қоплама ҳужайраларнинг ташқи муҳитга боғланишини таъминловчи интегрин оқсилларини фаол ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Энг муҳим жиҳати, у вақтинчалик бўлиб, ҳужайралар янги жойига мослашгач, ўз-ўзидан йўқолади. Кичик ҳажмли жигар моделларида ўтказилган тажрибалар бу усулнинг самарали ишлашини кўрсатган.

Тадқиқот Бирмингем университети олимлари томонидан олиб борилиб, Communications biology (ComBio) журналида эълон қилинди.

Бугунги кунда оғир жигар касаллигига чалинган беморлар учун ягона йўл бу – трансплантация. Афсуски, донор органлари жуда кам. Бизнинг технологиямиз эса арзонроқ, кам шикаст етказадиган ва кўпроқ одамларга етиб борадиган усул бўлиши мумкин”, - дейди тадқиқот муаллифи, доктор Мария Кьяра Арно.

Тадқиқот гуруҳи эндиликда бу қопламанинг инсон иммун тизимига қандай таъсир қилишини ўрганмоқчи. Шунингдек, мазкур усулни бошқа турдаги ҳужайраларда ҳам қўллаш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Янги технология келажакда фақат жигар учун эмас, балки бошқа органлар учун ҳам муҳим ҳужайравий терапия воситасига айланиши мумкин.

Мавзуга оид