Жамият | 17:46 / 15.04.2025
18510
10 дақиқада ўқилади

Жонни хатарга қўйиб... “Ошқозон”сиз озиш орзуси ҳақида

Охирги вақтда оммалашаётган ошқозон кесиш операциялари блогер Кокош ва ундан аввалроқ актриса Ҳалима Ибрагимова билан боғлиқ ҳолатларда аянчли оқибатларини кўрсатди. Kun.uz бу амалиётнинг хатарлари, психологик сабаблари ва оқибатларини ўрганди.

Бугун ортиқча вазндан халос бўлиб, оғир операция орқали бўлса-да чиройли қоматга эга бўлиш урфга айланди. Бу эса “оздириш бизнеси”ни келтириб чиқарди. Instagramʼда диетология ва косметология курслари, оздирувчи дорилар бизнеси миллионлаб даромад келтирмоқда. Рекламаларда бунинг фақат ёрқин тарафи кўрсатилади. Унинг хатарлари, психологик сабаблари ва оқибатлари ҳақида билмаймиз. Яқинда вайнер Кокошнинг операциядан кейинги ҳолати, ундан аввалроқ актриса Ҳалима Ибрагимованинг ўлими бу ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилади.

Таниқли шахслар билан келиб чиққан бу муаммо оддий одамлар орасида ҳам бор. Kun.uz шундай операцияни бошдан кечирган икки нафар аёл билан боғланди.

Дилором, 32 ёшда.

Операция қилдирганига: 1,5 йил бўлди.

“Умрим мобайнида ўзимни ёмон кўриб яшадим. Ҳамма мени ‘бўғирсоқ’ деб атаган. Турмуш қурдим, фарзандли бўлдим, лекин кўнглимда доим ўша оғриқ бор эди. Бир куни Instagram’да бир блогерни кўрдим — “ошқозон операцияси”дан кейин қандай ўзгарганини кўрсатган. Шу заҳоти қарор қилдим: мен ҳам шундай бўлишим керак!

Операциядан кейин ҳаётим кескин ўзгарди. 30 килограммга оздим. Лекин... мен ўзимни ҳали ҳам яхши кўра олмадим. Қўрқув, тушкунлик, овқатдан қочиш — ҳар куни мен билан бирга. Энди тушуняпман — муаммо вазнимда эмас, ўзимни қабул қилмаганимда экан”.

Азиза, 27 ёшда.

Операция қилдирганига: 8 ой бўлди.

“Мен реклама компаниясида ишлайман. Ишга олишганда биринчи савол шундай бўлган: “озиш ниятингиз борми?” Шу саволдан кейин ўзимни жуда ноқулай ҳис қилдим, негадир миямга шу нарса ўрнашиб олди. Кейин операцияга пул тўплай бошладим. 2024 йил февралда операция қилдирдим. Илк ойларда ўзимни ажойиб ҳис қилдим. Оздим, идеал қоматимга кўйлаклар мос кела бошлади. Лекин кейин... жигарим яхши ишламай қолди. Темир етишмовчилиги. Шамоллашдан бошим чиқмай қолди. Ишонасизми, кун давомида қайси витаминимни қайси пайтда ичишим кераклигини ўйлаб юраман. Чунки шуни ичмасам, мазам қочади. Ўйлаб қоламан – эркин яшашимга нима халал бераётган эди олдин деб. Ҳар нарсанинг нархи бор экан. Меники — соғлиғим бўлди”.

Ижтимоий тармоқларда оздирадиган пластик операцияларнинг жуда кучли рекламаси кетяпти”

Мурод Ҳакимов, Тошкент тиббиёт академияси кафедра мудири, профессор

“Айни пайтда Ўзбекистонда бариатрик ва метаболик хирургияга аниқ тасдиқланган чегаралар ёки стандартлар мавжуд эмас. Ҳозирги мавжуд стандартларда тана вазни индекси 40 дан юқори бўлса, жарроҳлик амалиётига кўрсатма бериш мумкин. Лекин бемордаги ортиқча вазни унинг яшаш тарзига, иш фаолиятига таъсир қилмайди, қон босими, қанд миқдори, холестерин меъёрида бўлади. Бунда ортиқча вазн физиологик норма саналади.

Тана индексини ҳисоблаш осон: инсоннинг бўйидан 100 ни олиб ташланса, тана вазни индекси келиб чиқади. Масалан, бўйи – 160 см, вазн 60 кг бўлиши керак.

Ачинарлиси, халқимиз бу жарроҳлик амалиётининг қора, манфий томонларидан хабарсиз. Кўпчилик оздирадиган пластик операциялар ҳақида ижобий маълумотга эга. Чунки ижтимоий тармоқларда бу йўналишнинг жуда кучли рекламаси кетяпти. Реклама 100 фоиз ҳақиқат эмас, унда камчиликлар кўрсатилмайди. Камчиликни биз жарроҳлар айтамиз. Ижтимоий тармоқнинг таъсири катта бўлган жойда афсуски, шифокорлар буни халққа етказиб бера олмаяпти ёки хоҳламаяпти.

Кўп жарроҳлар бариатрия билан шуғуллангиси келади. Бунга махсус тажриба, талаб бўлиши керак. Ҳозирги кунда бу билан шуғулланаман деган шифокорга аниқ талаб йўқ: маълум муддат тажриба, операция деган. Сертификати, малакаси бўйича. Тушунча йўқ. Шуларнинг ҳисобига хаос бўляпти.

Семизлик аслида эндокринологик касаллик, яъни модда алмашинуви бузилиши оқибатида юзага келади. Бу амалиётга кўрсатмани жарроҳ эмас, эндокринолог, диетолог, психоневролог қўйиши керак”.

Профессор ҳозирги юзага келаётган асоратларда мултидисциплинар ёндашув, яъни бир нечта мутахассиснинг биргаликдаги ёндашуви йўқлиги сабаб эканини айтди.

Ўзбекистонда бу операциялар йил сайин кўпайиб бормоқда. Уларнинг кўпчилиги Instagram стандартлари ва “идеал қомат” муаммоси билан операция илинжида келишади. Шифокорлар буни “асоссиз операция” деб аташади. 2020 йилларда Тошкент тиббиёт академиясининг ўзида бир йилда 100 га яқин операциялар ўтказилган бўлса, 2024 йилга келиб бу рақам 400 га етган. Уларнинг орасида 30-40 фоиз беморлар операцияга асос йўқлиги сабаб қайтарилади.

Операциягача олиб келиш керак эмас”

Зуҳра Солиева, актриса

“Менда эҳтиёж бўлган – бариатрия операциясини бошдан ўтказганман. Организмимда эндокрин гормонларим бузилиб, кундан кунга соғлиғим ёмонлашгани сабаб операция шарт бўлган. Жуда синчковлик билан шифокор танлаганман, реклама эвазига таклиф қилишган кўп клиникалар.

Аввало инсон организмини ўша операциягача олиб келиши керак эмас. Секин қадам босиб, табиий йўл билан бошлаш керак. Агар бу фойда бермаса, кейин жарроҳлик амалиёти ҳақида ўйлаш керак. Ўзим ҳаммасини синаб кўрдим: тўғри овқатланиш, спорт залга бориш, сузиш. Лекин 100 грамм ҳам озмасдим. Кейин билсам, гормонларим бузилиб бўлган экан, бузилиш жараёнида бўлса қутқариш имкони бўларди, дейишди.

Бу амалиётга боришдан аввал инсон ўз организмини ўзи ўрганиб бориши керак. Бошқа одамда яхши кечган амалиёт сизда яхши кечмаслиги мумкин. Шифокор айнан шу жарроҳликни қандай бажарган, шифохона ҳамма техникалар билан таъминланганми, беморларнинг фикри қандай – ҳаммасини ўрганиб чиқиб, кейин бориш керак”.

Дунё тиббиётида ҳам бу йўналишда хаос кузатилган. Ҳатто косметологлар томонидан ўтказилган операциялар актриса ва моделларнинг ўлимига сабаб бўлган. Бу ҳолатлар оммавий ахборот воситаларининг пластик операцияларга нисбатан танқидларини кучайтиришга, шунингдек, мутахассислар лицензиясини текширишни кучайтиришга сабаб бўлди. Айниқса, эстетик хирургия оммалашган мамлакатларда (масалан, Жанубий Корея ва АҚШда) врачларнинг малакасини ошириш ва бундай процедуралар учун хавфсизлик талабларини мустаҳкамлаш бўйича талаблар кучайтирилди.

Бундай рискка кетиш ўзи нотўғри”

Жаҳонгир Жўраев, анестезиолог-реаниматолог, Кувайтдаги Jaber Al Ahmad hospital шифохонаси

“Ўзбекистонда ёки Америкада бўлишидан қатъи назар, ҳар бир бемор операцияга киришида маълум риск билан киради. Мамлакатнинг тиббиёт имкониятларига қараб бу риск кам ёки кўп бўлиши мумкин. Бу риск касалхона тиббий анжомлар билан таъминлангани, шифокорлар малакаси билан боғлиқ. Шифокорга боғлиқ бўлмаган рисклар бор: инфекция тушиш эҳтимоли. Ҳамма нарса стерилланган бўлган тақдирда ҳам инфекция тушиб қолиш эҳтимоли бор. Ўз қоматини чиройли кўринишга келтирмоқчи бўлган бемор шу рискларга рози бўлиб киради. Одатда соғлиги сабабли операция қилдираётган семиз беморлар қандли диабетга чалинган, вазни 120-150 кг. Бу унга зарар етказяпти, оғирлик сабабли ҳансираш, юрак ишлаш функцияси бузила бошлайди. Бўғимлар оғирликни кўтара олмайди, умуртқа поғонасида чурралар чиқишни бошлайди. Бу вазиятларда операция қилиш керак бўлади. Шундаям операцияни энг охирги вақтга қолдириш керак.

Ўзбекистонда шунақа вазиятларни кўрдим. Бемор 90-96 кг, ошқозони операция қилиняпти – шунчаки беморнинг “семизман, озишни хоҳлайман” дегани учун. Бундай рискка кетиш ўзи нотўғри. Бу ерга 10 йил олдин келганимда ошқозон кесиш операциялари анча олдин бошланган эди. Ҳозир эътибор берсам, камайиб боряпти, таҳлил қилинса, операция ўрнини босувчи бошқа дорилар чиқди. Бу дорилар ҳам ҳали тўлиқ йўлга қўйилмади, текширувлардан ўтиб, бутун жаҳон тиббиёти бўйича тасдиқланмаган”.

Жамол Деҳқонов, Тошкент тиббиёт академияси клиникаси метаболик ва бариатрик жарроҳлик бўлими мудири

“Оғирлик нуқтаи назаридан бу жарроҳлик амалиёти кичик жарроҳлик амалиёти эмас. Бу аппендицит ёки чурра эмас. Бу мураккаб жарроҳлик амалиёти турларига киради. Беморлар буни қанчалик мураккаб эканини тушунишлари керак. Биз хурсанд бўлардикки, эстетика, чиройли бўлиш учун эмас – соғлом бўлиш учун мурожаат қилишса. Бунда соғлом ҳаёт тарзи, спорт билан мунтазам шуғулланиш ва имкон қадар табиий йўллар билан озишга эришиш керак. Буларнинг натижаси бўлмаган ҳоллардагина кўрсатмаларга риоя қилиб, психологик жиҳатдан тайёр бўлиб жарроҳлик столига ётиш керак”.

Бугун ижтимоий тармоқлар, айниқса Instagramʼда минглаб озиш курслари, марафонлар эълон қилинади. Жисмоний-физиологик имкониятлари турлича бўлган инсонларнинг барига бир хил парҳез, озиш усуллари таклиф этилади. Турли оздирувчи дорилар савдоси авжида. Kun.uz бу мавзуга яна қайтади.

Мавзуга оид