Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига ташриф буюрди
Шунингдек, президент давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган «Имкониятлар олами» муассасасидаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказида бўлди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.
Марказда 12 тоифадаги муҳтож инсонларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Бунинг учун муассасада замонавий шароитлар яратилган. Мурожаатларни қабул қилиш, эҳтиёжни баҳолаш, хизматни белгилаш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари инсонларга қулай тарзда йўлга қўйилган.
«Энг муҳими, эндиликда вазифа бир марта ёрдам билан тугамайди. Ижтимоий хизматдан фойдаланувчининг кейинги ҳолати, ўзини ўнглаши ҳам мониторинг қилиб борилади. Мазкур барча жараёнлар рақамлаштирилган ва дахлдор ташкилотлар билан боғланган», - дейилади хабарда.
Шайхонтоҳурдаги марказда 25 нафар мутахассис ҳамда маҳаллаларда 51 нафар ижтимоий ходим фаолият кўрсатмоқда. Ногиронлиги бўлган болалар ва шахслар, ёлғиз кексалар билан манзилли тарзда иш юритилмоқда.
«Бу ер ҳар бир инсоннинг дарди билан яшайдиган, уларни рози қиладиган даргоҳ. Бу тизим орқали жамиятимизда ижтимоий адолат, инсон қадри қарор топади», - деди президент.
Шу ерда давлат-хусусий шериклик асосида «Имкониятлар олами» муассасаси ташкил этилган. Давлат раҳбари ундаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.
Муассасада 3 ёшгача гўдаклар учун эрта аралашув, ногиронлиги бўлган болалар учун ижтимоий мослашув ва реабилитация, шунингдек, кундузги парвариш ва қараб туриш хизматлари ташкил этилган. Ҳозирда бу 80 га яқин инсоннинг оғирини енгил қилмоқда. Уларга 12 нафар малакали ходим меҳр-эътибор кўрсатмоқда.