Жаҳон | 18:03 / 09.07.2025
1341
4 дақиқада ўқилади

​​​​​​​АҚШ аэропортларида текширувдан ўтишда пойабзал ечиш талаби бекор қилинди

Аэропортлардаги ушбу талаб – 2001 йилда Париждан Майамига пойабзали ичига портловчи модда яшириб учаётган йўловчи сабаб жорий қилинганди. АҚШ ички хавфсизлик котибига кўра, эндиликда ривожланган хавфсизлик технологиялари билан бунга зарурат йўқ. Оқ уй эса бу мавзуда «оёқлар ёпиқ, ҳаво сифати тикланди», дея ҳазил пост қолдирди.

Фото: Getty Images

Америка Қўшма Штатларидаги аэропортларда хавфсизлик текшируви вақтида йўловчилар энди пойабзалларини ечишга мажбур бўлмайди — бу талаб деярли йигирма йилдан сўнг бекор қилинди.

АҚШ Ички хавфсизлик котиби Кристи Ноэмнинг айтишича, Транспорт хавфсизлиги бошқармаси (TSA) ушбу хавфсизлик талабини «дарҳол кучга кирадиган тарзда» бекор қилмоқда.

«TSA энди йўловчилардан хавфсизлик текширув пунктларидан ўтаётганда оёқ кийимларини ечишни талаб қилмайди. Ушбу ўзгариш текширув пунктларида йўловчилар кутиш вақтини сезиларли даражада қисқартиради ва умумий саёҳатни янада ёқимли ҳамда самарали қилади, деб кутмоқдамиз. Аммо бу билан бирга хавфсизлик стандартларини сақлаб қолишимиз ва одамларни ҳимоя қилишимиз шарт.

Бизнинг ёндашувимизнинг калити — бу бир неча босқичли хавфсизлик. Йўловчилар ҳали ҳам бир неча даражадаги текширувлардан ўтишади. Улар шунингдек, шахсни тасдиқлаш босқичини ҳам босиб ўтишади», деган Ноэм.

CNN нашрининг ёзишича, мазкур қоиданинг бекор қилиниши Жо Байден маъмурияти даврида кўриб чиқилган эди. Бироқ Ноэм бу ташаббусни президент Доналд Трамп берганини алоҳида таъкидлади.

Ноэмнинг айтишича, TSA хавфсиз жорий этиш имконияти бўлса, бошқа хавфсизлик қоидаларини (камар, суюқлик каби) ҳам ўзгартиришни кўриб чиқмоқда.

Аэропортлардаги пойабзални ечиш талаби жорий қилинишига, Ричард Рейд номи билан танилган «пойабзал бомбачиси» сабаб бўлган. У 2001 йил декабрь ойида Париж–Майами рейсида пойабзали ичига яширилган портловчи моддани гугурт билан ёқишга уринган эди. TSA томонидан йўловчиларнинг пойабзалини ечиш талаби эса 2006 йил август ойида «давом этаётган хавф» ҳақидаги разведка маълумотларига асосланиб жорий этилган. Мақсад йўловчиларнинг пойабзалини сканерлаш орқали портловчи моддаларни аниқлаш ва самолёт хавфсизлигини таъминлаш бўлган.

«Ўша сиёсат кучга кирганидан бери ўтган 20 йилда хавфсизлик технологиямиз сезиларли даражада ривожланди. TSA ўзгарди. Янги сканерлар ва айрим ҳудудларда кўпроқ офицерлар ишга туширилди», дейди АҚШ ички хавфсизлик котиби.

Фото: АҚШ ички хавфсизлик котиби Кристи Ноэм / Фото: Getty Images

Шунингдек, Ноэм «REAL ID» мувофиқлиги ҳам хавфсизликни кучайтиришга ёрдам беришини, чунки бу орқали текширувдан ким ўтаётгани аниқ билинишини таъкидлади.

АҚШ аэропортларида шу кунгача TSA PreCheck дастурида иштирок этувчи ишончли йўловчилар, 12 ёшгача бўлган болалар ва 75 ёшдан катта қариялар пойабзалини ечмасдан ўта олган. Бироқ улар аввал фон текширувидан ўтиб, ариза тўловини тўлашлари керак эди. Ноэмнинг фикрича, бу дастур ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайди, чунки бу бошқа енгилликлар билан ҳам боғлиқ.

Бу мавзуда ҳатто Оқ уй ҳам «оёқларингизни озод қилинг», деган пост қолдирди. «Оёқлар ёпиқ, ҳаво сифати тикланди», дейилади Оқ уйнинг Х ижтимоий тармоғидаги ҳазил постида.

Аэропортга киришдаги текширув давомида оёқ кийимни ечиш талаби, хавфсизликни консерватив ечимлар билан таъминлайдиган кўплаб давлатлар мавжуд. Жумладан Ўзбекистон аэропортларида ҳам халқаро рейсларга чиқишдан олдин текширув давомида оёқ кийимлар ечиб, сканердан ўтказилади.  

Мавзуга оид