Жаҳон | 22:00 / 08.07.2025
2088
6 дақиқада ўқилади

Роман Старовойт – урушнинг курсидаги қурбони

Сўлим оқшомларнинг бирида худди шундай сўлим экзекютор Иван Дмитрич Червяков театр иккинчи қаторида ўтириб, дурбин билан «Корневилские колокола» деган спектаклни тамоша қиларди. У саҳнага қараб ўзини энг роҳатда ўтирган томошабиндек ҳис қилди. Лекин бирданига...

Бу рус ёзувчиси Антон Чехов қаламига мансуб «Чиновникнинг ўлими» ҳикоясининг кириш қисми эди. Сезганингиздек бугун Россиядаги чиновникнинг ўлими ва бироз адабиёт ҳақида гаплашамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Россиялик вазир ўзини отди

7 июл эрталаб Россия президенти Путин мамлакат транспорт вазири Роман Старавойтни истеъфога чиқарди. Кечга бориб вазир ўз жонига қасд қилди. Вазир яқинда сотиб олган Tesla автомобили ичида тўппончадан ўқ узиб ўзини ўлдирган. Старовойт 2023 йил Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти совға қилган тўппонча билан ўзини отган.

Россияда бир вазир ўзини ўлдирганининг бизга нима қизиғи бор, дейишга шошманг. Биринчидан, Россия ҳамон минтақадаги энг таъсир доираси катта давлат бўлиб, унда бўлаётган сиёсий воқеалар табиийки диққат билан кузатилиши керак. Масалан, Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳаётини Россиясиз тасаввур қилиш имконсиз.

Россия тўрт йилдан буён собиқ иттифоқ таркибидаги бошқа бир давлат Украина ерларини эгаллаб олиш учун уруш очган. Бундай вақтда Россия сиёсий ҳаётидаги воқеалар икки ҳисса муҳимлашади. Кеча ўз жонига қасд қилган вазир Россия фронтидаги энг қайноқ ҳудуд Курск областининг собиқ губернатори эди. Шу боис бу воқеани кузатиб бориш керак.

Украина ғарбдаги ҳамкорларидан етарлича қурол ололмагач, жанг майдонида қийналиб қолди. Россия тинимсиз фронтга одам ёллагани, Украинада оммавий сафарбарлик эълон қилинмагани, кап-катта эркаклар ҳамон ресторанларда чилим чекиб ўтиргани фронтдаги вазиятни Киев учун критик ҳолатга олиб келди. Бундай вақтда қандайдир ноодатий қароргина вазиятни ўзгартириши мумкин эди. Ана шу ноодатий қарор Украина Россиянинг Курск областига бостириб киргани бўлди. Украинлар қисқа вақтда Курскдаги 1000 км. квадрат майдонни эгаллаб олиб, яқингача уни назоратда ушлаб туришди. Россия мажбуран Курскка катта куч ташлади, Шимолий Кореядан «ҳашарчи» чақирди, Донбассдаги баъзи гуруҳларни Курскка ташлашга мажбур бўлди. Хуллас, Украина кўзлаган мақсадига эришди.

Киев ҳеч нарса бўлмагандай бемалол Курскка бостириб кирганида россиялик уруш тарафдорларида савол пайдо бўлди: чегара қўрғонлари қани? Давлат ажратган пуллар қаерга кетди? Босқин содир бўлишидан икки ой аввал Роман Старовойт Курск губернатори лавозимидан кетган ва транспорт вазири бўлганди. Унинг ўрнини Смирнов деган ёрдамчиси эгаллади ва бир йил ўтмай айнан мудофаага ажратилган пулларни «туя қилгани учун» қамалди.

ОАВда ёзишларича, ўз жонига қасд қилган Старовойт устидан ҳам худди ўша иш бўйича айблов қўзғатилган бўлиши мумкин. Чунки унинг ўрнига келган Смирнов яқинда қамалган, мудофаа учун пул берилган вақтда Смирнов губернатор Старовойтнинг ёрдамчиси эди. Балки тергов давомида Смирнов собиқ бошлиғини сотгандир, бунисини билмаймиз, лекин вазир ўз жонига қасд қилгани, Путин ўша куни эрталаб уни ишдан бўшатганига қараганда, дарахтнинг учи бежиз қимирламаган кўринади.

Урушнинг курсидаги қурбони

Энди бу воқеа нимаси билан аҳамиятли экани ҳақида. Биз 2022 йил февралдан буён бир гапни кўп такрорлаймиз: урушни ҳеч қачон бошламаслик керак. Мен Роман Старовойтнинг урушни фаол қўллаган губернатор бўлгани, ҳарбий кийимда юриб «Вагнер» билан қалин бўлгани, уруш сабаб яхшигина сиёсий карьера қилиб олгани ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бу инсон – урушнинг қурбони. Окопдаги, жанг майдонидаги эмас, фронт ортидаги, курсидаги қурбони. Ажойиб ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов «Урушнинг сўнгги қурбони» деган ҳикояси ёзган. Унда қаҳатчиликдан силласи қуриган кампир ногирон боласига қулупнай оламан деб ток уриб ўлади. Ёзувчи уруш келтирган қашшоқлик сабаб ўлган ўша аёлни уруш қурбони деб атайди.

Ҳа, азизлар, уруш шунақа шафқатсиз нарсаки, унда фақат окопдаги, казармадаги аскарлар эмас, егулик қидиргани чиққан оддий кампирлар, бомба тушган магазинда буханка сотиб олгани борганлар, онаси билан боғчага кетаётган коляскадаги болалар ҳам ўлади. Ва барчамиз гувоҳ бўлдикки, урушда кучли томоннинг мулозими, бутун бошли вазир, қўриқчилар билан юрадиган чиновниклар ҳам ўлиб кетавераркан. Ҳеч қандай ракета зарбисиз, Tesla машинаси ичида, давлати совға қилган пистолетдан ўқ узиб...

Сўзимиз аввалида Антон Чехов қаламига мансуб «Чиновникнинг ўлими» ҳикояси кириш қисмини келтиргандик, сўнгсўзда ҳикоя якунини келтирсак.

Червяковнинг қорнида нимадир узилиб кетди. У ҳеч нимага қарамай, ҳеч нимани эшитмай, эшиккача тисарилиб борди, кўчага чиқиб, жўнаб қолди... Уйига қандай борганини ҳам билмай, вицмундирини ҳам ечмай, диванга ётди-ю... ўлиб қолди.

Худди Ўртоқ Бойкенжаев филмининг якунига ўхшайди, тўғрими? Азизлар, вақтингиз бўлганда, биз бугун эслаган икки ҳикояни албатта ўқинг. Иккиси ҳам жуда кичик, лекин катта маънога эга ҳикоялар. Омон бўлинг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид