Россия «Толибон»ни тан олди, Трамп Путиндан хафа – ҳафта дайжести
Ассалому алайкум. Бугун 6 июл, якшанба. Ўтган ҳафта давомида дунёда янги уруш бошланмади. Шунақа даврда яшаяпмизки, янги уруш бошланмаганини яхши хабар сифатида қайд этишга мажбурмиз. Ортда қолаётган ҳафтада Трампнинг Путиндан хафсаласи пир бўлди. Россия ва Озарбойжон ўртасида дипломатик низо авж олди. Москва «Толибон»ни расман тан олди. Энди Россияда қўшнимизни расман Афғонистон Ислом Амирлиги деб аташади. Қуйида бир ҳафта ичида дунёда нималар бўлганини биргаликда эслаймиз.

Хафсаласи пир Трамп
Ҳафта давомида АҚШ президенти Трамп россиялик ҳамкасби Путин билан телефонда гаплашди. Бу – икки президентнинг Трамп ҳукуматга қайтганидан кейин амалга оширган олтинчи суҳбати бўлди. Сайлов кампанияси вақтида «Урушни бир кунда тўхтатаман», деб катта кетган Трамп урушни бошлаган одам билан олти марталаб телефонда гаплашиб ҳам ҳеч нима қилолмади: уруш тўхтамади, иссиқ ўрни ва оиласини ташлаб зах окопда урушаётган украинлар, руслар ўлишда давом этмоқда. Жаноб Трамп урушни тўхтатиш унинг эмас, гўшакнинг нариги томонидаги одамнинг қўлида эканини аста-секин тушуниб етаётганга ўхшайди.
Охирги суҳбатдан кейин Трамп Путиндан хафсаласи пир бўлганини айтди. «Путин урушни тўхтатадиган одамга ўхшамайди», деди АҚШ президенти журналистлар билан суҳбатда.
Аввалроқ Америка Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ўқдори беришни тўхтатгани маълум бўлганди. Путин билан суҳбатдан кейин Трамп Украинага ҳаво мудофааси бўйича ёрдам беришини айтди. Яъни, Путин ва Трампнинг телефон суҳбати Украина учун фойдали бўлган кўринади.
Исроил – ҲАМАС музокараси
Эрон билан урушни тугатган Исроил яна Ғазони бомбардимон қилишга киришди. ҲАМАС аллақачон Исроилга хавф туғдирмаяпти, гуруҳ охирги марта қачон Исроилга қўлбола ракета учиргани ҳам эсдан чиқиб кетди. Лекин Исроил бутун бино қолмаган, юз минглаб одамлар харобадан харобага қочиб жон сақлаётган Ғазога ракета учиришни бас қилмаяпти. Олдинги видеоларда айтганимиздек, ҲАМАС қўлида бир уюм асирлар қолаётгани Исроил ҳукумати учун айни муддао бўлиб, Нетаняҳу ҳукумати уларни баҳона қилиб исталган вақтда уруш бошлайверади. Исроил амалдаги ҳукумати учун уруш тахтда қолиш воситасига айланиб қолганига энди кўпчилик шубҳа қилмаяпти.
Ҳафта давомида АҚШ Исроил ва ҲАМАСга 60 кунлик сулҳ таклиф қилди. Исроил уни қабул қилди, ҲАМАС эса музокарага тайёр эканини айтди. Исроилдаги ҳукумат тахтдан айрилмаслик учун Ғазони тинимсиз бомбалаётганини айтдик, лекин ҲАМАС нега асирларни қўйиб юбормаётгани тушунарсиз. Ахир бир неча ой аввал эълон қилинган сулҳ таклифларида ҳам асирлар озод қилинса, уруш тугаши айтилганди. Исроил бир нечта асирни озод қилиш учун ўн минглаб тинч аҳоли вакилларини ўлдиргани ҳам ҲАМАСни асирларни озод қилишга ундай олмаяпти...
Россия – Озарбойжон можароси
Ҳафта давомида Россия ва Озарбойжон ўртасидаги дипломатик низо кўпчиликнинг диққат марказида бўлди. Екатеринбургда икки озарбойжонлик ўлдирилиши ортидан Боку бир гуруҳ россиялик дастурчиларни қўлга олди. Ўласи қилиб калтакланган бу россияликлар эмаклаб юрган кўйи намойишкорона видеога олинди.
Кейин Россия пропагандачи ахборот агентлигининг Озарбойжон бўлими мухбирлари ФСБ агенти сифатида ушланди. Москвада эса озарбойжонлик қонунга беписанд ўғри қўлга олинди. Озарлар ўтган йил декабрда руслар ўққа тутган Embraer 190 ҳалокати оид аудиони ОАВга сиздирди. Хуллас, икки давлат ўртасидаги низода интрига кучайди. МДҲ давлатининг Россия билан бунақа ишлар қилиши уникал ҳодиса бўлди.
Ҳаага судида ислоҳот
Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путин, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу каби ҳарбий жиноятларда гумонланган шахсларни ҳибсга олишга ордер берганидан хабарингиз бўлса керак. Лекин бу икки мулозим халқаро суд ҳукмига шунчалик беписандки, халқаро ҳуқуқ уларга тегина олмаслигини кўрсатиш учун атайин, ҳеч қандай муҳим иши бўлмаган ҳолатда Рим статутини ратификация қилган давлатларга бориб келишди: Путин Мўғулистонга, Нетаняҳу Можароситонга.
Россия, АҚШ, Исроил каби давлатлар «Биз Рим статутини имзоламаганмиз, халқаро жиноят судининг талабларига тупурганмиз», дейишади. Лекин энди бунақа давлатлар ўзини ғорда юрган ибтидоий қабила эмас, замонавий цивилизациянинг бир қисми деб ҳисобласа, Ҳаага суди ҳукмига беписанд бўлолмайди. Чунки БМТ Рим статутига тузатиш киритмоқда. 7 июл куни имзоланиши кутилаётган ўзгаришга кўра, энди Ҳаага суди ҳукми Рим статутини имзоламаган давлат вакиллари, хусусан, давлат раҳбарларига нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин бўлади.
Яъни, Хитой, Россия, Исроил, АҚШ каби бутун дунёни писанд қилмайдиган давлат раҳбарлари ҳам Ҳаага суди томонидан таъқиб қилиниши қонуний бўлади. Агар бу қонун ишласа, албатта...
Трамп «катта ажойиб қонун»ни имзолади
Доналд Трамп сайлов кампанияси вақтидаги иттифоқчиси Илон Маск билан жанжаллашиб қолишига сабаб бўлган солиқларни камайтириш ва давлат қарзи чегарасини ошириш имконини берувчи «катта ажойиб қонун»ни имзолади. Айнан Маск бу қонунга «катта ажойиб қонун» деб ном берганди. Янги қонунга кўра, АҚШ давлат қарзи эндиликда 4 триллион доллардан ошиши мумкин. Трамп ҳужжатни АҚШ мустақиллик кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда имзолади. Тадбирда Эронга ракета ташлаган ҳарбий учувчилар ҳам иштирок этди. Ҳужжат жуда қийинчлик билан қабул қилинди. Уни қўллаб 218 конгрессмен овоз берган бўлса, 214 киши қарши чиқди.
Ню-Йоркда мусулмон мэр?
АҚШнинг Ню-Йорк шаҳрида қизиқ ишлар бўлмоқда. Мен бу ҳақда вақт топиб алоҳида видео қиламан. Хуллас, шаҳар мэри бўлиш учун демократик партия праймеризида угандалик муҳожир, социалист ва мусулмон 33 ёшли Зоҳран Мамдани ғолиб бўлди. У ички сайловда катта-катта номларни, хусусан, собиқ мэр Эндрю Куомони мағлуб этди. Уни кимсан Берни Сандерс ва Алесандрио Окасио Кортес кабу машҳур демократлар қўлламоқда.
Ню-Йорк азалдан демократлар шаҳри бўлган ва Мамдани мэрлик сайловини ютиш эҳтимоли юқори. Ишчилар синфини қўллашини айтаётган Мамдани ню-йоркликларга ижара нархини музлатиш ва бепул болалар боғчалари каби ижтимоий ислоҳотлар ваъда қилмоқда.
Россия «Толибон»ни тан олди
Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси, менимча, Россия «Толибон»ни тан олиши бўлди. Эндиликда Россияда қўшни давлатни расман Афғонистон Ислом Амирлиги деб аташади. «Афғонистон Ислом Амирлигини тан олиш икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиршга йўл очишига умид қиламиз», дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Маълумот учун, Россия бир неча йил аввал ўзига қарши жиҳод эълон қилган «Толибон»ни расман тан олган дунёдаги биринчи давлатга айланди.
Лондон ва Берлин келишуви
Жуда қизиқ замонда яшаяпмиз, азизлар. Иккинчи жаҳон уруши вақтида кимдир Лондин ва Берлин ҳали Европа шарқидаги бошқа бир давлатдан биргаликда мудофааланиш учун келишув имзолайди, деса ҳеч ким ишонмаган бўларди. Чунки Иккинчи жаҳон уруши бошланиши сабабларидан бири айнан фашистлар Германиясининг Лондонга ҳужуми бўлганди. Энди Берлин ва Лондон бир-бирига ҳужум бўлганда ёрдам кўрсатиш мажбурий бўлган битим бўйича келишувга эришди.
Келишув асосини Германия олдинги канцлери Олаф Шолц ва Британия бош вазири Кир Стармер яратган. Шартнома шартлати 18 та музокара раунди доирасида ишлаб чиқилди. Германия катта эҳтимол Британия ядровий қуролига умид қилиб бу келишувга эришди. Чунки Доналд Трамп келгач, Германия ядровий кўмак борасида АҚШ ёрдамига умид қилиши ишончсиз вариантга айланиб қолганди.
Бизда ҳозирча шулар. Бу – сизларга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Ҳафталик дайжест кўрсатуви билан келаси якшанбада кўришгунча. Омон бўлинг, азизлар.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид

18:43 / 29.06.2025
Уруш тугади, раҳбар бункердан чиқди – ҳафта дайжести

18:52 / 22.06.2025
Урушга қўшилган АҚШ, «бутун Украина бизники» деган Путин – ҳафта дайжести

20:41 / 15.06.2025
Уруш бошланди, Нетаняҳу эронликларни исёнга чорлади – ҳафта дайжести

20:27 / 08.06.2025