Жаҳон | 18:52 / 22.06.2025
10544
8 дақиқада ўқилади

Урушга қўшилган АҚШ, «бутун Украина бизники» деган Путин – ҳафта дайжести

Ассалому алайкум. Бугун 22 июн, якшанба. Ортда қолаётган ҳафтада Эрон ва Исроил уруши давом этди. Америка Эронга зарба йўллаб, урушга қўшилди. Путин бутун Украина, умуман, рус аскарининг оёғи теккан барча ер Россияники эканини айтди. Арманистон бош вазири Туркияга тарихий ташрифни амалга оширди. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, ҳафта давомида дунёда нималар бўлганини биргаликда эслаймиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Уруш давом этади

Эрон ва Исроил ўртасида тарихдаги илк жиддий уруш давом этмоқда. Ҳафта давомида икки давлат бир-бирига ҳаво зарбалари йўллади. Эрон ракеталари Исроил шаҳарларига, хусусан, Ҳайфа ва Тел-Авивга тушди. Эрон телеканалида Исроилдаги Неватим авиабазасига ҳужум қилингани айтилди. Исроил шаҳарларида кучли портлашлар эшитилган. 21 июн куни Эрон томони Исроилга кўп миқдорда дрон учирди.

Исроил Эрон ядровий объектларига, хусусан, уранни қайта ишлаш заводларига, шунингдек, юқори мартабали ҳарбийларга ҳужумларни давом эттирди. 21 июн куни Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Фаластин бўйича масъули» экани айтиладиган Саид Изади ўлдирилди. Уни Қум шаҳридаги квартирасига зарба бериб ўлдиришган. Исроил баёнотида айтилишича, Саид Изади 7 октябрдаги ҳужумда ҲАМАСга ҳомийлик қилган.

20 июн куни Теҳронда муҳофизлар корпусининг дронлар бригадаси қўмондони Аминпур Жудакини ўлдиришди. Унинг юриб кетаётган машинаси портлатиб юборилган.

Путиннинг баёнотлари

Ҳафта давомида Россия президенти Путин жуда фаол бўлди. Аввалига турли давлатлар ахборот агентликлари вакиллари билан мулоқот қилди, кейин Петербург форумида нутқ сўзлаб, халқаро майдондаги воқеаларга муносабат билдирди, «бонусига» Sky News Arabia телеканалига интервю берди.

Россия президенти қизиқ гапларни айтди. Хусусан, руслар ва украинларни навбатдаги марта бир миллат деб атади. «Шундай экан бутун Украина бизники», деди у. Шунингдек, жаноб Путин рус аскарининг қадами етган барча ерлар Россияники эканини қўшимча қилди.

Пашинян Туркияга борди

Ҳафта давомида Арманистон бош вазири Никол Пашинян Туркияга борди. Бу Арманистон ҳукумат раҳбарларининг Туркияга илк расмий ташрифи бўлди. Ташриф Эрдўған ташаббуси билан амалга оширилган. Пашинян 2023 йилда ҳам Туркияга борган, лекин унда Арманистон бош вазири шунчаки Эрдўғаннинг инаугурация маросимида иштирок этганди.

Туркия билан дипломатик алоқага эга бўлмаган Арманистон томони ташрифни тарихий деб атади. Бунинг нимаси тарихий деманг, Арманистон Озарбойжоннинг асосий душмани, улар 40 йил Қорабоғни талашишди ахир. Туркия эса Озарбойжоннинг биринчи рақамли стратегик иттифоқчиси. Дўлмабаҳчеда ўтган учрашувда томонлар нимани муҳокама қилгани аниқ эмас. Расмий баёнотда шунчаки Жанубий Кавказдаги тинчлик жараёни масаласида сўз боргани айтилган.

Ҳафта муҳокамаси

Ҳафта давомида Исроил Эрон олий етакчиси Али Хоминаийни ўлдирадими, деган савол энг кўп муҳокама қилинди. Ишончли манбалар АҚШ президенти Трамп Исроилга Хоминаийни ўлдиришни тақиқлагани ҳақида ёзиб чиқди. Нетаняҳу бу ёлғон, Эрон лидерини ўлдира оламиз, деган маънода гапирди. Журналистлар Путиндан ҳам бу борада сўрашди. Россия президенти Хоминаийни ўлдириш масаласини ҳатто муҳокама қилишни истамаслигини айтди. Шунча катта-катта одамлар ўлдириш-ўлдирмасликни муҳокама қилиб юрган бир пайтда эса Хоминаий ҳамон телеэфирда кўриниш бериб, Америкага таҳдид қилмоқда. Марк Твеннинг Путин севиб ишлатадиган иқтибосида айтилганидек, «менинг ўлимим ҳақида гаплар бўрттирилган».

Россия ҳужумлари

Ҳафта давомида Россия бир неча марта Украина шаҳарларига ҳужум қилди. Хусусан, 17 июнга ўтар кечаси Киевга 175 та дрон ва 14 та ракета учирилди. Камида 14 киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар яраланди. Кўплаб уйлар вайрон бўлди, жасадлар вайроналар орасида олиб чиқилди. 20 июнга ўтар кечаси Харкив, Одесса ва Сумига зарба берилди. Бу ҳужум учун руслар дронлардан фойдаланган. Зарбалар сабаб кўп қаватли уйлар, ҳовлилар ёнган, машиналар зарарланган, одамлар ярадор бўлган.

Россия томони доимгидек ҳужум нишони ҳарбий объектлар бўлганини маълум қилди. Бу гал кўпчилик Россия ҳужумига эътибор ҳам қилмади. Трамп «Vladimir, STOP», деб пост ҳам ёзмади. Россия Украинага тўрт йилдан бери ҳар куни ракета ёғдиради, одамлар бунга ўрганиб қолди, худди шундай бўлиши керакдай. Лекин уруш одатланадиган нарса эмас...

Эронда ядровий хавф

Исроил Эрондаги ядровий объектларга зарба беришда давом этмоқда. Бу уруш фонида кўпчилик бир нарсага эътибор бермаяпти: дунёда ядровий радиация хавфи кескин ошди. Чунки тонналаб бомбалар ядровий объектларга бориб урилиши яхшиликдан нишона эмас. Бу бомбаларнинг тили, қулоғи йўқки, уларга фалон жойга тегиб кетмагин, деб айтишса.

Эрондаги бир завод ичкарисига аллақачон радиация сизиб чиқди ҳам. Тўғри, радиация ҳимоя қобиғидан ўтмаган, лекин кейинги зарбаларда радиация атрофга тарқалмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Радиация ҳеч қандай сиёсий чегарани тан олмайдиган оғу, у ҳаводан тарқалади ва одамни камида ногирон қилади. Бунақа хавф билан ўйнашиб бўлмайди.

Халқаро атом энергетикаси агентлиги раҳбари Гросси жонкуярлик билан ядровий хавфсизликни таъминлаш учун Эронга боришга тайёрлигини айтди. Агар бу урушаётган давлатлар тепасида турган мулозимчалар ҳеч бўлмаса мана шу кўп ҳолларда сочи тўзиб, доим шошиб юриши сезиладиган жаноб Гроссидек масъулиятли бўлганида, дунё йўқ жойдан ядровий хавф ёқасига келиб қолмасди.

Ҳафта зарбаси

Видеони тайёрлаш жараёнида ҳафтанинг энг муҳим воқеаси содир бўлди. АҚШ душманлик тарихида илк марта Эронга зарба берди. Америка ҳарбийлари баҳайбат «B-2» самолёти билан бамайлихотир Эрон осмонига учиб кириб, тоғ остида жойлашган Фордодаги заводга ҳар бири 13 тоннадан оғир бўлган олтита бункерга қарши ракеталар ташлади ва яна бемалол Эрон осмонидан чиқиб кетди. Етмаганига Натанз ва Исфаҳондаги уранни бойитиш объектларига денгиздан туриб Tomahawk ракеталари учирди.

Уруш бошлангач Исроил Эроннинг кўплаб ядровий объектларига зарба берган, лекин эронликлар хотиржам, атом бомбаси орзусидан узоқлашганимиз йўқ, дейишаётганди. Чунки Эрондаги асосий уранни бойитиш объекти Фордо Теҳрон жанубидаги тоғ остида жойлашганди-да. Фордо Эрон учун энг муҳим объект, Исроил учун энг исталган нишон эди.

Трампнинг айтишича, Америка худди мана шу объектни йўқ қилди. Энди Эрон ядро дастури билан нима бўлиши аниқ эмас. Америка бу бир марталик зарба экани, Вашингтон Теҳронда ҳукумат ўзгаришидан манфаатдор эмаслиги ҳақида Эронни хабардор қилгани айтилмоқда. Трамп Эрон жавоб берса, Американинг навбатдаги ҳужуми янада кучлироқ бўлишини айтди.

Шу тариқа Эрон ва Исроил ўртасидаги урушга расман АҚШ ҳам қўшилди. Кўп ўтмай Яман ҳам урушга қўшилганини эълон қилиб, Қизил денгиздан кемалар хавфсизлиги учун жавоб бермаслигини маълум қилди. Бу ҳозирча учинчи жаҳон уруши эмас, лекин Яқин Шарқда камида регионал уруш аломатлари кўрина бошлади. Эсингизда бўлса, Иккинчи жаҳон уруши ҳам 22 июнда бошланган. Ишқилиб бу шунчаки тасодиф бўлсин...

Бизда ҳозирча шулар. Бу сизларга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Ҳафталик дайжест кўрсатуви билан келаси якшанбада кўришгунча.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид