Жаҳон | 22:41 / 04.07.2025
1581
2 дақиқада ўқилади

Туркия ва Белгия Украина учун «дронлар коалицияси»га қўшилди

Шундай қилиб, ушбу коалицияга аъзо мамлакатлар сони 20 тага етди. 2025 йилда Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича уларнинг умумий молиявий мажбуриятлари 2,75 млрд еврони ташкил этади.

Фото: Reuters

Ригада бўлиб ўтган халқаро «дронлар коалицияси» йиғилишида Латвия ва Буюк Британия раҳбарлик қилаётган мазкур ташаббусга Белгия ҳамда Туркиянинг қўшилиши маъқулланди. Бу ҳақда Латвия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Ригада халқаро дронлар коалициясининг раҳбарлик қўмитаси Белгия ва Туркиянинг Латвия ҳамда Буюк Британия ҳамраислигидаги халқаро дронлар коалициясига қўшилиш истагини қўллаб-қувватлади», — дейилади расмий баёнотда.

Янги кенгайишдан сўнг, дронлар коалицияси таркибига энди 20 та давлат киради: Латвия, Буюк Британия, Украина, Австралия, Белгия, Чехия, Дания, Франция, Эстония, Италия, Янги Зеландия, Канада, Литва, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Полша, Туркия, Германия ва Швеция.

Коалиция аъзоларининг 2025 йилда Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича умумий молиявий мажбуриятлари 2,75 миллиард еврони ташкил этади. Шундан тахминан 180 миллион евро Буюк Британия бошқарувидаги дронларнинг ягона хариди жамғармасига йўналтирилган. Бу маблағлар Украина Қуролли кучларига зарур бўлган дронларни марказлаштирилган тарзда харид қилиш учун мўлжалланган.

«Дронлар коалицияси»ни яратиш ташаббуси 2024 йили «Рамштайн» халқаро формати доирасида Украинанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида ишга туширилган эди. Латвия ушбу лойиҳа доирасида полигонлар ҳамда тестдан ўтказиш ва янги учувчисиз бошқариладиган аппаратлар технологиясини ривожлантириш учун ишлаб чиқариш қувватларини тақдим этади.

2024 йил декабр ойида Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари Люк Поллард 2025 йил январдан бошлаб «дронлар коалицияси» ва «денгиз коалицияси»га кирувчи давлатлар Украинага турли мақсадларга мўлжалланган «ўн минглаб» учувчисиз учиш аппаратларини етказиб беришни бошлашини маълум қилганди.

Мавзуга оид