Ўзбекистон | 22:39 / 01.07.2025
2351
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудига шиддатли иссиқ ҳаво оқими кириб келмоқда, Ҳаж мавсумида 8 нафар ўзбекистонлик вафот этди — маҳаллий дайжест

Ғиждувондаги боғчада тарбиячи болаларни калтаклади. Ҳаж мавсумида 8 нафар ўзбекистонлик вафот этди. 9-синф битирувчилари учун техникумларга қабул бошланди. Энди ички авиарейслар учун электрон ҳужжатлар билан рўйхатдан ўтиш мумкин. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳаж мавсумида 8 нафар ўзбекистонлик вафот этди

Бу йилги Ҳаж ибодати пайтида кузатилган жазирама натижасида сурункали касаллиги бўлган 4 нафар ўзбекистонлик Саудия Арабистонида вафот этди. Шунингдек, Ҳажга ноқонуний йўллар билан борган яна тўрт нафар ватандош ҳам ушбу мамлакатда оламдан ўтди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон расмийлари Ҳажга йўл олган ватандошларнинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратиб, барча зарур чораларни кўрган.

Ҳаж ибодати тугаганидан кейин Бош консулхонага 40 нафардан зиёд зиёратчилар хорижга чиқиш паспортларини йўқотгани боис Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш учун мурожаат қилган.

Умуман, Ҳаж-2025 мавсумида Ўзбекистондан 15 мингдан зиёд ҳожи Ҳаж амалларини адо этди. Уларнинг Саудия Арабистонига келиши 13 майдан бошланиб, 30 майга қадар давом этди. Ҳаж ибодатлари тугаганидан сўнг ватанга қайтишлари эса 12 июндан бошланиб, сўнгги гуруҳ 29 июнда Ўзбекистонга қайтиб келди.

Шиддатли иссиқ ҳаво оқими кириб келмоқда

3-5 июл кунлари Ўзбекистонда аномал даражага яқин иссиқлик тўлқини кутилмоқда. Ўзгидромет огоҳлантиришига кўра, республиканинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +44 даражагача, жануб ва чўлларда ундан ҳам юқори даражагача кўтарилиши мумкин.

Таъкидланишича, бу каби шиддатли об-ҳаво шароитида аввало инсон саломатлигини таъминловчи тизимлар оқибатларга шай турмоғи лозим. Шу билан бирга шиддатли иссиқлик қишлоқ хўжалиги, энергетика тизими, сайёҳлик инфратузилмаси учун жиддий хавф туғдиради.

Шунингдек, иссиқлик ортидан кучли шамол ва чанг бўронлари кузатилиши эҳтимоли ҳам бор. Одатдагидан фарқли, бу сафар совуқ ҳаво фронти шиддатли шамол билан бирга келади — шамол тезлиги айрим жойларда сониясига 25 метргача етиши мумкин.

Пенсия миқдорини олдиндан аниқлаш хизмати жорий этилади

Президент фармони билан пенсия ва ғазначилик фаолиятига замонавий хизматларни жорий этишнинг асосий йўналиш ва мақсадлари белгиланди.

Унга кўра, 2026 йил 1 декабрдан фуқароларнинг мавжуд иш стажи ва иш ҳақлари тўғрисидаги электрон маълумотларга асосан пенсия миқдорларини олдиндан аниқлаш бўйича «Менинг пенсиям» онлайн хизмати жорий этилади.

Шунингдек, пенсия таъминотига оид барча хизматлар тўлиқ проактив, электрон ҳамда интерактив шаклга ўтказилади.

Бундан ташқари, ҳукумат қарори билан «Ногиронлик пенсиясини проактив шаклда тайинлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш» схемаси тасдиқланди. Қарорга кўра, проактив шаклда пенсия тайинланган ёки тайинлаш рад этилгани тўғрисидаги маълумотлар фуқароларга СМС-хабар кўринишида юборилади.

Ғиждувондаги боғчада тарбиячи болаларни калтаклади

Kun.uz ихтиёрига Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 53-сонли давлат боғчасида тарбияланувчилар калтакланганига оид видеолар келиб тушди. Тасвирларга кўра, воқеа 22 ҳамда 27 май саналарида ёзиб олинган. Унда тарбиячи болаларга бақириб, «оёғинг синсин», дея уларни бир неча маротаба шапалоқлаб ургани кўринади.

Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига кўра, тарбиячи меҳнат мажбуриятларини қўпол бузгани сабаб у билан тузилган меҳнат шартномаси ташкилот директорининг 30 июндаги тегишли буйруғи билан бекор қилинган.

Айни пайтда мактабгача таълим ташкилотида бу ҳолатни юзага келтирган сабаблар ўрганилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди.

9-синф битирувчилари учун техникумларга қабул бошланди

Бугун, 1 июлдан умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини техникумларга қабул қилиш бошланди.

515 та техникумнинг бирида кундузги ёки дуал таълим шакллари бўйича ўқиш учун my.edu.uz электрон платформаси орқали 20 июл кунига қадар онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин.

Платформага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки ID карта маълумотлари, 3х4 ҳажмидаги фотосурат киритилади.

Ички авиарейслар учун электрон ҳужжатлар билан рўйхатдан ўтиш мумкин

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 1 июлдан бошлаб йўловчилар маҳаллий йўналишлардаги парвозларга шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон вариантидан фойдаланган ҳолда рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлди.

Аэропортда рўйхатдан ўтишдан олдин йўловчи my.gov.uz сайти/мобил иловаси ёки «Ижтимоий карта» мобил иловасидаги шахсий кабинетига кириб, шахсий маълумотлар саҳифасига ўтади ва электрон шаклда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни рўйхатдан ўтиш жойидаги ходимга кўрсатади.

Фақат my.gov.uz сайти/мобил иловаси ёки «Ижтимоий карта» мобил иловасидаги жорий маълумотлар шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида қабул қилинади. Шунинг учун рўйхатдан ўтиш пайтида шу каби ҳужжатларнинг нусхалари, фотосуратлари, паспорт/IDʼнинг сканерланган вариантлари ёки шахсий маълумотлар бўлган веб-сайт саҳифасининг «скриншот»лари қабул қилинмайди.

Мавзуга оид