Ўзбекистон | 22:33 / 30.06.2025
1018
6 дақиқада ўқилади

Президент ёшлар билан учрашди, кўчмас мулк савдоси нақдсиз шаклга ўтказилиши мумкин ва ёшларга имтиёзли таълим кредити берилади — маҳаллий дайжест

Ёшлар кунида президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказди. Фирибгарликда айбланган фуқаро Туркиядан депортация қилинди. Ўзбекистонда кўчмас мулк савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш режалаштириляпти. ЯТТга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказди

Бугун, 30 июн — Ёшлар кунида президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказди.

Учрашув аввалида давлат раҳбари ҳозирги вақтда дунё нотинч ва мураккаб бўлиб бораётганини, тинчлик – энг буюк неъмат, инсон қадри ва адолат – энг олий қадрият экани ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этилаётганини таъкидлади.

Президент мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, ҳудудини намунали қилган вилоят ва туманлар кўплигини қайд этди. Масалан, ёш тадбиркорлар ташкил қилган 261 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган.

Шунингдек, таъкидланишича, республика бўйича 15 мингга яқин ўқув ва 7,5 мингта касбга тайёрлаш марказлари мавжуд бўлиб, сўнгги йилларда уларга 100 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилган.

Президент ушбу марказларга ҳам мурожаат қилиб, ҳозирги кўрсаткичлар билан чекланиб қолмасликка, кенгайишга, замонавий касблар ва хорижий тилларни ўрганаётган ёшларни кўпайтиришга чақирди, бунинг учун ҳар қандай шароит яратишга тайёрлигини билдирди.

«Янги технологиялар асрида ким ютади? Фақат креатив фикрлайдиган, замонавий билим ва касбларни эгаллаган мутахассислар. Шижоатингиздан кўриб турибман, албатта сиз, ёшлар бу корхоналарни бошқариб, катта-катта кашфиётлар қиласизлар, уларга инновацияларни олиб кирасизлар! Шу боис ҳозирданоқ бундай лойиҳаларга кадрлар тайёрлашни бошлаймиз», — деди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, ёшлар билан учрашувда «Гарвардчилар» мактаби Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида фаолиятини бошлаб юборгани қайд этилди. Ушбу халқаро мактабга бу йилги 8-синф битирувчилари орасидан 60 нафар ўқувчи саралаб олинади ва 3 та йўналишда ўқитилади. Келгусида ўқув ўринлари каррасига кўпайтирилади.

Умуман, миллий дастур асосида ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчи селекция қилиниб, Гарвард, Йел, Колумбия, Корнел каби дунёнинг нуфузли олийгоҳларига тайёрланади.

Энди топ-300 талик олийгоҳга кирганлар учун ўқиш ва яшаш харажатини қоплаш тизими янги тартибда ишлай бошлайди.

Энг аввало, STEM йўналишлари, энергетика, транспорт, урбанизация, архитектура, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги каби драйвер соҳалар учун квоталар бир неча карра оширилади. Эндиликда банклар топ-300 талик олийгоҳга кирган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити беради.

Қимматбаҳо металл ва тошлар ноқонуний муомаласи учун жавобгарлик жорий этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида валюта қимматликлари, қимматбаҳо металлар ва тошлар муомаласига оид қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ҳужжат қимматбаҳо металлар ва тошларни ноқонуний олганлик ёки ўтказганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни назарда тутади.

Валюта тушумларининг бир қисмини мажбурий сотишдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш кўзда тутилган. Мазкур қоидабузарлик учун мансабдор шахсларга ҳозирда базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 бараваридан 12 бараваригача, яъни 4,5 миллион сўмгача жарима солинади.

Фирибгарликда айбланган фуқаро Туркиядан депортация қилинди

Фирибгарлик жиноятни содир этганликда айбланаётган ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан қидирувга берилган 29 ёшли ўзбекистонлик Туркиянинг Истанбул шаҳрида қўлга олинди ва Ўзбекистонга депортация қилинди.

Бу Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Истанбул шаҳридаги Бош консулхона билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида амалга оширилди.

ИИВ ушбу шахснинг ноқонуний ҳаракатларидан жабрланган фуқаролар бўлса, яқин орадаги ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишини сўради.

Кўчмас мулк савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш режалаштириляпти

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида Солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев уй-жой олди-сотдиси бўйича барча операцияларни фақат банклар орқали нақд пулсиз шаклга ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, кўплаб давлатлар 2030 йилгача нақд пулсиз ҳисоб-китобларга тўлиқ ўтишни мақсад қилиб қўйган. «Шунингдек, кўчмас мулк билан боғлиқ операциялардан бошлаб йирик тўловларни нақд пулсиз шаклга ўтказишни режалаштирганмиз», — дейди Мирзаев.

Ҳозирда уй-жой олди-сотдиси асосан нақд пулда амалга оширилмоқда. Янги қоидаларга кўра, тўловлар фақат банклар орқали, қонуний шаклда амалга оширилади.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосарига кўра, бу чора яширин иқтисодиётга қарши курашишга қаратилган. Қарор лойиҳаси аллақачон барча вазирлик ва идоралар билан келишиб олинган.

ЯТТга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади

«Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади.

Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалаш бўйича сайёр хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани ҚҚСдан озод қилишга оид имтиёз; олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим бекор қилинади.

Мавзуга оид