Жаҳон | 21:40 / 01.07.2025
7599
6 дақиқада ўқилади

Москва ва Боку ўртасида низо давом этмоқда

Озарбойжон бош прокуратураси Екатеринбургда икки озарбойжонлик қийноққа солингани ва ўлдирилгани юзасидан жиноий иш қўзғатди. РФдагилар «икки томонлама муносабатлар демонтаж қилинаётгани»дан нолимоқда.

Ака-ука Зияддин ва Ҳусайн Сафаров. Фото: azertag.az

Озарбойжон бош прокуратураси Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мамлакатнинг икки фуқароси қасддан ўлдирилгани бўйича жиноий иш қўзғатди. Озарбойжон экспертизаси ака-ука Зияддин ва Ҳусайн Сафаров олинган тан жароҳатларидан кейин посттравматик шокдан вафот этганини кўрсатган. Россия Тергов қўмитаси версиясида қўлга олинганлардан бирининг ўлимига юрак етишмовчилиги сабаб бўлгани айтилганди.

Икки кишининг ўлими ва Екатеринбургда оммавий ҳибсга олишлар ҳақидаги хабарлар Боку ва Москва ўртасидаги муносабатлар яна кескинлашишига олиб келди.

Озарбойжонда Россия маданий тадбирлари бекор қилинди, «Спутник» агентлигининг Бокудаги офисида Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) икки агенти ҳибсга олингани айтилмоқда. Кремл душанба куни Екатеринбургдаги воқеалар Озарбойжон томонидан демарш учун баҳона бўлмаслиги кераклигини айтиб чиқди.

27 июн куни эрталаб Екатеринбургда анча вақт муқаддам содир этилган жиноятларга алоқадорликда гумон қилиниб, Озарбойжон фуқаролари ва озарбойжон миллатига мансуб шахслар қўлга олинди, дейилади Озарбойжон прокуратураси пресс-релизида.

Озарбойжон терговчилари ҳибсга олинганлар «амалда иложсиз ҳолатда бўлиб, ўзларини зарбалардан ҳимоя қила олмагани, ҳибсга олиш пайтида ҳам, уларни олиб кетаётган транспорт ичида ҳам қаттиқ, ўтмас нарсалар билан тананинг турли қисмларига кўплаб зарбалар бериш орқали қийноққа солингани ва оғир тан жароҳати етказилгани»ни қайд этишган.

Аввалроқ Россия расмийлари Екатеринбургда 2001, 2010 ва 2011 йиллардаги қотилликларга алоқадорликда гумонланувчилар қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Ҳибсга олиш чоғида келиб чиқишига кўра Озарбойжондан бўлган ака-ука Зияддин ва Ҳусайн Сафаров вафот этган, яна бир неча киши шифохонага ётқизилган.

Озарбойжон экспертизаси нималарни аниқлади?

Душанба куни кечқурун ака-ука Сафаровларнинг жасадлари Бокуга олиб келинди, сешанба куни эса улар Озарбойжоннинг Ағжабеди туманидаги қишлоқ қабристонига, ота-онасининг ёнига дафн қилинди.

Фото: azertag.az

Дафн маросимидан олдин Озарбойжон суд-тиббиёт экспертлари Сафаровларнинг жасадини текшириб, уларнинг ўлимига жароҳатлар сабаб бўлгани ҳақида хулосага келишди.

Озарбойжон бош прокуратураси маълум қилишича, кичик бизнес билан шуғулланган 60 ёшли Ҳусайн Сафаров Екатеринбургдаги ички ишлар бўлимида ўлдирилган. Унинг 55 ёшли укаси, такси ҳайдовчиси Зияддин Сафаров эса эрталаб хизмат машинасида ўлдирилган, деб ҳисоблайди прокуратура.

Озарбойжонда ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Ҳусайн Сафаров кўплаб тан жароҳатлари, жумладан, қовурғалар синиши оқибатида посттравматик ва постгеморрагик шок оқибатида, унинг укаси эса кўплаб тан жароҳатлари оқибатида посттравматик шок оқибатида вафот этган.

Озарбойжон соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертиза бирлашмаси бошлиғи Адолат Ҳасанов журналистларга Ҳусайн Сафаровнинг кўкрак қафаси деформацияланган ва ассиметрик бўлгани, мурда ёриб кўрилганда бошнинг қаттиқ ва юмшоқ тўқималарида қон қуйилиш ва ўпкага зарар етказган етти-саккиз қовурғанинг силжиган синишлари аниқланганини айтди.

Озарбойжон бош прокурори бир гуруҳ шахслар томонидан ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш, қийноққа солиш ва оғир оқибатларга олиб келган мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатган.

Бу орада Екатеринбург суди ака-ука Сафаровлар қўлга олинган иш бўйича яна бир озарбойжонликни ҳибсга олди.

Бакир Сафаров олдинги йиллардаги буюртма қотилликлар иши бўйича ҳибсга олинган тўртинчи гумонланувчи бўлди, деб ёзади ТАСС агентлиги. Сафаровнинг адвокати агентликка унинг мижози айбланаётган жиноятларда айбига иқрор бўлмаганини айтган.

29 июн куни суд Аёз, Акиф ва Мазаҳир Сафаровни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарганди.

Россияда нималар дейишмоқда?

Озарбойжондаги манбалар бунгача ҳам Ҳусайн ва Зияддин Сафаровни ҳибсга олиш чоғида хавфсизлик кучлари «шафқатсизларча ўлдиргани» ҳақида гапирганди.

Гумонланувчилардан баъзилари суд залида тан жароҳатлари излари билан кўриниш берди. Фотода Екатеринбургда қўлга олинганлардан бири Аёз Сафаров.

Россия Тергов қўмитаси эса ака-укалар ўлдирилмагани, балки «қўлга олиш чоғида вафот этгани»ни иддао қилганди.

«Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчилардан бири юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этган, иккинчи шахснинг ўлими сабаблари аниқланмоқда. Суд-тиббий экспертизаси натижаларига кўра, судланувчиларнинг ўлими сабаблари бўйича якуний хулосалар чиқарилади», – деганди душанба куни тергов қўмитаси вакили Светлана Петренко.

Кремл расмийси Дмитрий Песков бир кун аввал Озарбойжонда Россия маданий тадбирлари бекор қилинишини, шунингдек, Озарбойжон парламенти делегациясининг Москвага ташрифи бекор қилинганини қоралаганди. У ҳуқуқ-тартибот идораларининг хатти-ҳаракатлари дипломатик демаршлар учун сабаб бўла олмаслигини таъкидлаганди. «Биз бундай қарорлар қабул қилинганидан чин юракдан афсусдамиз», – деганди РФ президентининг матбуот котиби.

Россия ТИВ вакили Мария Захарова Бокуга Екатеринбургда озарбойжонликларнинг қўлга олиниши бўйича «керакли тушунтиришлар» берилганини айтди.

Сешанба куни Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳам Бокудан «Спутник Озарбойжон» агентлигининг ҳибсга олинган ходимлари Игор Картавх ва Евгений Белоусовни озод этишни талаб қилди.

Шу муносабат билан Озарбойжоннинг Россиядаги элчиси Раҳмон Мустафоевга «оғзаки нота топширилди», дейилади вазирлик сайтида.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин ҳам элчига «Бокунинг сўнгги нодўстона ҳаракатлари, Озарбойжон томонининг икки томонлама муносабатларни демонтаж қилиш бўйича онгли қадамлари туфайли» протест билдирган.

Шу билан бирга, ташқи ишлар вазирлиги Екатеринбургда озарбойжонликларни қўлга олишда Россия органлари ваколат доирасидан четга чиқмаганини маълум қилди.

Россиянинг протест нотасидан бир неча соат ўтгач, Боку суди Игор Картавх ва Евгений Белоусовни тўрт ойга ҳибсга олишга қарор қилди. Уларга нисбатан фирибгарлик, ноқонуний тадбиркорлик ва жиноий йўл билан орттирилган мол-мулкни легаллаштириш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид