ТИВ раҳбари: Эрон АҚШ билан музокараларга тайёр
Теҳрон АҚШ билан ядровий дастур бўйича музокараларга тайёр, аммо Трамп ўз оҳангини юмшатиши керак, деди ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи.

Фото: AP
Эрон АҚШ билан ядровий дастур бўйича музокараларга тайёрлигини эълон қилди, аммо президент Доналд Трамп ўз оҳангини юмшатиши кераклигини таъкидламоқда. Ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи 28 июн, шанба куни X ижтимоий тармоғида тегишли хабарни жойлаштирди.
«Агар президент Трамп келишувга эришиш борасида жиддий бўлса, у Эроннинг олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаийга нисбатан ўзининг ҳурматсиз ва қабул қилиб бўлмас оҳангидан воз кечиши ва унинг миллионлаб содиқ издошларига зарар етказишни бас қилиши керак», деди Эрон ташқи ишлар вазири.
«Яхши ният яхши ниятни, ҳурмат эса ҳурматни уйғотади», деб қўшимча қилди Эрон вазири.
НАТО саммитида Трамп келаси ҳафта Теҳрон билан музокаралар ўтказилишини эълон қилди, бироқ тафсилотларни келтирмади, дея эслатади dpa. Оқ уй раҳбаридан Теҳронда уран бойитиш билан боғлиқ хавотирлар яна пайдо бўладиган бўлса, АҚШ Эроннинг ядровий иншоотларига яна зарба берадими, деган саволга Трамп: «Албатта, шубҳасиз», деб жавоб қайтарди.
Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги керак ва сўнгги ҳужумлар Ислом Республикасининг ядровий дастурини орқага суриб ташлади, дейди у.
Эрон парламенти депутатлари шу ҳафтада Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) билан ҳамкорликни вақтинча тўхтатиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Айни пайтда Трамп айрим оммавий ахборот воситаларида АҚШ маъмурияти Эронга тинч ядровий дастур учун 30 миллиард доллар ажратиш имкониятини ўрганаётгани ҳақидаги хабарларни фейк деб атади.