Жаҳон | 10:57
1595
2 дақиқада ўқилади

Эстония ва Литва БМТни Оттава конвенциясидан чиқиши ҳақида хабардор қилди

Россиянинг Украинадаги уруши фонида Эстония ва Литва БМТни пиёдаларга қарши миналарни тақиқлаш конвенциясидан чиқиши ҳақида хабардор қилди. «Путин Россияси Европа учун энг катта узоқ муддатли экзистенциал таҳдиддир», деди Литва ТИВ раҳбари.

Фото: AP

27 июн, жума куни Эстония Бирлашган Миллатлар Ташкилотини пиёдаларга қарши миналарни тақиқловчи Оттава конвенциясидан чиқиши ҳақида расман хабардор қилди. Тегишли ҳужжатлар БМТ штаб-квартирасига тақдим этилди, деб хабар қилди Эстония ТИВ. Таллин конвенциядан чиқишнинг асосий сабабларидан бири сифатида «Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги натижасида ёмонлашган минтақадаги хавфсизлик ҳолати», шунингдек, миллий хавфсизлик соҳасидаги «шошилинч мулоҳазалар»ни келтирди.

«Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши сабоқлари шуни кўрсатадики, мамлакатимизни яхшироқ ҳимоя қилиш учун биз душман амал қилмайдиган қуролларга бир томонлама чекловлар қўймаслигимиз керак», — деди Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна. Унинг сўзларига кўра, Оттава конвенциясидан чиқиш Эстонияга «мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган қурол тизимлари, воситалари ва ечимларни танлашда кўпроқ мослашувчанлик» беради.

Худди шу куни Литва ҳам БМТни пиёдаларга қарши миналарни тақиқловчи конвенциядан чиқиши ҳақида хабардор қилди. «Путин Россияси Европа учун энг катта узоқ муддатли экзистенциал таҳдиддир... Бундай таҳдидлар олдида Литва ўз давлатини, аҳолисини ва НАТО ҳудудининг ҳар бир сантиметрини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўради – барча самарали ҳарбий воситалар билан», — деб ёзди Литва ташқи ишлар вазири Кястутис Будрис.

1997 йилда имзоланган Оттава конвенцияси пиёдаларга қарши миналардан фойдаланиш, сақлаш, ишлаб чиқариш ва топширишни тақиқлайди. Уни 160 дан ортиқ давлат ва ҳудудлар, жумладан, Украина имзолаган. Россия ва АҚШ имзолаганлар орасида йўқ. Сўнгги ойларда Литва ва Эстониядан ташқари, Латвия, Полша ва Финландия ҳам конвенциядан чиқишини эълон қилди. Бу мамлакатларнинг барчаси Россия билан чегарадош ва Москва уларга бевосита таҳдид солади, деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид