Жаҳон | 14:16
748
3 дақиқада ўқилади

Бундестаг мигрантларнинг оилалари билан бирлашишини тўхтатиб қўйди

Чекланган ҳимоя мақомига эга бўлган қочқинлар учун оила бирлашиши икки йилга тўхтатилди. Бу Германияга мигрантлар оқимини чеклаш бўйича кўрилган чора-тадбирлардан бири, холос, деди Германия ички ишлар вазири Добриндт.

Фото: Peter Jülich/epd

Германия Бундестаги 27 июн, жума куни чекланган ҳимоя мақомига эга бўлган қочқинлар учун оилалар бирлашишини тўхтатди. Бундестаг томонидан қабул қилинган қонун лойиҳаси икки йилга кўпи билан 12 минг оила аъзосининг Германияга ҳар йили кириш амалиётини тўхтатади. Ташаббус Бундестагда кенг қўллаб-қувватланди, чунки уни нафақат ҳукмрон ХДИ/ХСИ ва ГСДП фракциялари, балки "Германия учун муқобил" (ГуМ) ўнг партияси ҳам ёқлаб овоз берди.

Ички ишлар вазири Александр Добриндт томонидан илгари сурилган қонун лойиҳасини қабул қилишдан аввал эмоционал баҳслар бўлиб ўтди. Якунда ҳужжат 135 га қарши 444 та овоз билан қабул қилинди. ХДИ/ХСИ ва ГуМ фракцияларида йиғилган барча аъзолар ижобий бўлди. ГСДПда икки депутат қонунга қарши овоз берди. "Яшиллар" ва Сўл партия бир овоздан қонунга қарши чиқди.

Добриндт янги қонун Германиядаги интеграция тизимларига юкни камайтиради ва муҳожирларни ноқонуний олиб ўтиш билан боғлиқ жиноий тармоқлар фаолиятини заифлаштиради, деб умид қилмоқда. Христиан-социал сиёсатчи немис ижтимоий тизими, таълим, парвариш ва уй-жой бозорининг ресурслари чексиз эмаслигини таъкидлади. «Шунинг учун Германияга оқимнинг ҳам чегаралари бўлиши керак — ва биз буни сиёсий жиҳатдан акс эттирамиз», деб тушунтирди у.

Вазир шу пайтгача мавжуд бўлган оилалар бирлашиши қоидаларини Германияга миграцияни осонлаштирган «тортишувчи омил» деб атади. Унинг сўзларига кўра, агар қочқин мамлакатга бошпана ҳуқуқисиз кирган бўлса, у ҳолда «бутун оила унга эргашиши мумкин бўлган». Унинг фикрича, бу муҳожирларни ноқонуний олиб ўтиш билан шуғулланувчи «жиноий тўдаларнинг бизнес модели»ни кучайтирган, аммо энди бу модел «йўқ қилинади».

Добриндтнинг таъкидлашича, фақат битта қонун қабул қилиш билан чекланиб бўлмайди. Унинг сўзларига кўра, «миграция соҳасидаги ютуқ» учун бутун бир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.

Мавзуга оид