Жаҳон | 18:18
5353
5 дақиқада ўқилади

Урушнинг иқтисодий жиҳатлари: Эрон ва Исроил миллиардлаб доллар йўқотди

Эрон ва Исроил ўртасидаги қуролли тўқнашув ҳар иккала томон учун ҳам жиддий молиявий зарар келтирди. Хусусан, Исроил учун кунлик харажатлар ҳарбий ҳаракатлар интенсивлигига қараб 800 млн долларгача етган. Эрон эса фақат ўрта масофали ракеталарга деярли 2 млрд доллар сарфланган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳар қандай сиёсий зиддият, қуролли тўқнашув ва урушлар ижтимоий-иқтисодий йўқотишларга олиб келиб, инсоният тараққиётининг бир неча йиллар ортда қолишига сабабчи бўлади. Хусусан, Эрон ва Исроил ўртасидаги қуролли қарама-қаршиликнинг авж олиши ҳам ҳар икки томон учун жиддий молиявий зарар келтиряпти. Ҳали расмий маълумотлар эълон қилинмаган бўлса-да, таҳлилчилар умумий зарар кўламини тахминан ҳисоб-китоб қилишди.

Исроил қанча зарар кўрди?

Исроил тўғридан тўғри ва билвосита жуда катта йўқотишларга дучор бўлди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, ҳарбий ҳаракатлар интенсивлигига қараб, кунлик харажатлар 800 миллион долларгача етган. Хусусан, The Wall Street Journal Исроил ҳарбий операциянинг дастлабки икки кунида тахминан 1,45 миллиард доллар сарфлагани ҳақида ёзди.

Энг катта харажат Эрон томонидан учирилган ракеталарни тутиб қолиш учун сарфланган. David's Sling va Arrow 3 каби ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ҳар бир ракетаси 700 минг доллар туради. Шу жиҳатдан баъзи кунларда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг ўзига 200 миллион долларгача ишлатилган.

Ўқ-дорилар нархини ҳисобга олмаганда, 1300 кмдан ортиқ масофада амалга ошириладиган F-35 қирувчиларининг жанговар парвози ҳар бир самолёт учун соатига тахминан 10 минг долларга тушган. Аарон номидаги Иқтисодий сиёсат институти баҳосига кўра, агар можаро давом этса, Исроилнинг ой давомидаги умумий ҳарбий харажатлари 12 миллиард долларга етиши мумкин.

Шунингдек, Ҳайфадаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводида ишлар вақтинча тўхтатилган, Бен Гурион аэропорти ёпилган, қурилишлар тўхтаб қолган ва инфратузилмага жиддий зарар етказилган.

Исроил солиқ бошқармаси маълумотига кўра, тўғридан тўғри мол-мулкка етган зарар бўйича 35 мингдан ортиқ ариза келиб тушган ва уларни қоплаб бериш нархи тахминан 1,2 миллиард доллар бўлади. Бу миқдор янада ортиши мумкин. Уйлардан тахминан 9 минг киши эвакуация қилинган.

Маълумот учун, Ғазодаги уруш ҳам 2024 йил охирига келиб Исроилга 250 миллиард шекел ёки 67,5 миллиард долларга тушган. Бу умумий сумма бевосита ҳарбий операциялар, фуқароларга ёрдам учун сарфланган маблағлар ва уруш туфайли иқтисодий узилишлардан келиб чиққан даромад йўқотишларини ўз ичига олади.

Эрон қанча зарар кўрди?

Эрон қанча зарар кўргани ҳақида расмий маълумотлар йўқ, аммо расмий Теҳрон ҳам уруш давомида миллиардлаб долларни йўқотди. Исроил разведкасининг баҳолашича, «Шаҳаб» ёки «Сижжил» каби ўрта масофали битта ракетани учириш Эрон учун тахминан 5-6 миллионга тушади. Можаронинг дастлабки бир ҳафтаси давомида Теҳрон шу турдаги 370 га яқин ракета учирган, яъни фақат ўрта масофали ракеталарга деярли 2 миллиард доллар сарфланган.

Эроннинг Натанз, Фордо ва Исфаҳондаги ядровий иншоотларига ҳам зарбалар берилди. Жумладан, Фордо объектига Американинг GBU-57 бункерга қарши бомбалари ташланган. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ерости инфратузилмаси ва центрифугалар жуда жиддий шикастланган. Масалан, IR-1 центрифугасининг нархи 50 минг доллардан ошади. IR-2, IR-4, IR-5, IR-6 каби замонавийроқ технологиялар янада қиммат. Уларнинг баҳоси ҳар бир бирлик учун 100 минг долларни ташкил қилиши мумкин.

Натанз заводида Исроил ҳужумидан олдин деярли 50 мингта илғор IR-4 ва IR-6 центрифугалари бўлган ва уранни 60 фоизгача бойитган. Агар Америка зарбаси натижасида ушбу қурилмаларнинг барчаси ишдан чиққан бўлса, зарар 5 миллиард доллардан ошиши мумкин.

Ушбу ҳужумларнинг иқтисодий таъсири нафақат миллиардлаб долларлик мураккаб инфратузилмани тиклаш заруратини, балки операцион имкониятларнинг йўқолишини ҳам ўз ичига олади. Центрифугалар, бойитиш тизимлари ва хавфсизлик қурилмаларини тиклаш катта харажатлар вақт ва техник тажрибани талаб қилади.

Эрон томони расмий молиявий ҳисоб-китобларни тақдим қилмаган бўлса-да, халқаро экспертлар зарар ўта жиддий ва унинг оқибатларини бартараф этиш катта ҳажмдаги сармоя талаб қилишини таъкидлашяпти.

Мавзуга оид