Жаҳон | 13:45
1266
4 дақиқада ўқилади

Дума Россия софтини смартфонларга юклашни мажбурий қилиб қўйди

1 сентябрдан бошлаб Россияда смартфонларни олдиндан ўрнатилган RuStore иловалари дўконисиз сотиш тақиқланади. Бу Apple маҳсулотларига ҳам тегишли.

Фото: Ведомости

24 июн, сешанба куни Россия Федерацияси Давлат думаси иккинчи ва учинчи ўқишда мамлакатда расман сотиладиган барча смартфонларга Россиянинг RuStore иловалари дўконини ўрнатишни мажбурий белгиловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Тегишли ўзгартиришлар «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга киритилади, дейилади Россия қонун чиқарувчи органининг расмий сайтида чоп этилган пресс-релизда.

Ўзгартиришларга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Россия Федерациясида смартфон ва электрон планшетларни сотишда «ягона иловалар дўконидан фойдаланган ҳолда дастурларни ўрнатиш ва янгилаш имконияти бўлиши керак». Ускуналар ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, RuStore орқали тўлов имконини таъминлаши керак.

Бундан ташқари, россиялик депутатлар «Россия иловалари ва ягона иловалар дўконидан фойдаланишни чеклаш ёки имконсиз бўлишига олиб келадиган шарт-шароитларни ўрнатиш, жумладан, иловаларни қидириш, янгилаш, уларнинг созламаларини бошқариш, истеъмолчилар билан ўзаро алоқани таъминлаш, уларга билдиришномалар жўнатиш бўйича чекловлар»ни тақиқлади.

RuStore — гаджетлар учун рус иловалари дўкони, у VK корпорацияси (собиқ Mail.ru Group) томонидан Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Уни ривожлантириш учун расмий шартлар гаджет ишлаб чиқарувчилари томонидан Россия Федерацияси компанияларининг аризаларига нисбатан киритилган чекловлар бўлиб, уларга нисбатан Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши фонида Ғарб мамлакатларида санкциялар жорий этилган. Масалан, санкцияга учраган Россия банкларининг иловалари расмий Google Play ва AppStore иловалари дўконларидан бир неча бор олиб ташланган.

Ишлаб чиқарувчиларга рус иловалари дўконини гаджетларга олдиндан ўрнатиш талаби «Apple'га қарши қонун» деб аталяпти. Ташаббус муаллифлари буни инкор этмайди – ҳужжатнинг тушунтириш хатида «айрим қурилмалар ишлаб чиқарувчилари (биринчи навбатда Apple смартфонлари ва планшетлари) мустақил манбалардан бундай иловаларни ўрнатиш имкониятини чеклаб, тақиқловчи шартларни ўрнатишда давом этиши» ҳақида сўз юритилади. Депутатлар Россиянинг RuStore иловалар дўкони Android операцион тизимига эга қурилмаларда мавжудлигини таъкидламоқда.

Apple компаниясининг ўзи Россия расмийларининг талабларини изоҳламади. Расмий равишда корпорация 2022 йилнинг март ойида Россиянинг Украинага бўлган тажовузи туфайли Россия Федерациясида ўз маҳсулотларини сотишни тўхтатди. Ўшандан бери Apple қурилмалари Россияга «параллел импорт» деб аталадиган усул ёрдамида етказиб берилади.

Apple бундай схемалар орқали қайта сотиладиган гаджетларни блоклаш имкониятига эга, бироқ корпорация Россия Федерациясига норасмий етказиб бериш ҳолатларида ундан фойдаланмайди. AppStore'нинг русча версияси ҳам ишлашда давом этмоқда ва Appleʼнинг ўзи Россия расмийларининг цензура билан боғлиқ талабларига жавоб беради – масалан, у Россияда блокланган оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларига кириш имконини берувчи VPN хизматларини дўкондан олиб ташлаяпти. Аммо ҳокимият билан ҳамкорлик қилиш корпорацияни Россия Федерациясида таъқиб ва ​​жарималардан қутқармаяпти.

Россия расмийларининг Америка корпорациясига талаби прецедент ҳисобланмайди. Аввалроқ Европа Иттифоқида ушбу соҳадаги гигантларнинг монополиясига қарши туриш учун ишлаб чиқилган Digital Markets Act, DMA қонуни кучга кирди.

2025 йил апрелида Европа Комиссияси AppStore'га компаниянинг савдо майдончасидан ташқаридаги ҳаволаларни нашр этиш тақиқлангани сабабли ушбу қонунга риоя қилмагани учун Appleʼни 500 миллион евро миқдорида жаримага тортди.

Бунга жавобан Apple ЕК жаримасига суд орқали эътироз билдиришини билдирди. Корпорацияга кўра, бундай қарорлар «фойдаланувчиларнинг шахсий ҳаёти ва хавфсизлигига зарар етказади» ва «бизни технологиямизни текинга беришга мажбур қилади».

Мавзуга оид