Жаҳон | 13:58 / 23.06.2025
19021
3 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШга яна бир бор таҳдид қилди

Эрон АҚШ ҳарбий можарога аралашганидан кейин яна бир бор унга таҳдид қилиб, Исроилга қарата ракета ва дронлар учирди. Исроил армияси Эрон режимининг ҳарбий инфратузилмасига зарба берди.

Фото: UGC

Теҳрон АҚШ Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий можарога кирганидан кейин яна бир бор унга таҳдид қилди. «Ислом жангчилари кучли ва мақсадли амалиётлар орқали сиз учун жиддий, олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларни келтиради», деди Эрон Қуролли кучлари вакили Иброҳим Золфағарий 23 июн, душанба куни Эрон давлат телевидениеси орқали. Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг ҳарбий можарога кириши Эрон армиясининг минтақадаги уруш йўлидаги «қонуний нишонлари доирасини кенгайтиради».

Шу куни Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Эрондан янги ракета ҳужумлари ҳақида хабар берди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари таҳдидни қайтармоқда, дейилади баёнотда. Ракета таҳдиди Исроил шимолидаги бир қанча ҳудудларда, кейин эса мамлакатнинг марказий қисмида, жумладан Тел-Авив ва Қуддусда эълон қилинди. AFP мухбирининг хабар беришича, Қуддусда бир неча портлаш овозлари эшитилган. Исроил матбуоти Эрон 15 га яқин ракета отганини ёзмоқда. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)га яқин бўлган "Тасним" ахборот агентлиги Исроилга учувчисиз учоқлардан икки марта ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берди.

Ўз навбатида Исроил яна Эронга зарба берди. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ғарбидаги Кирмоншоҳдаги ҳарбий инфратузилмага ҳужум қилди, деди ЦАҲАЛ вакили. Унинг сўзларига кўра, зарбаларда 15 та қирувчи самолёт иштирок этган, учириш майдончалари ва «ер-ер» синфидаги ракеталарни сақлаш жойлари нишон бўлган.

Бундан ташқари, Исроил армияси Эрондаги олтита аэродромга ҳужум қилиб, учиш-қўниш йўлакларини вайрон этди, 15 та ҳарбий самолёт ва вертолётни йўқ қилди. Шундай қилиб, Исроил ҳарбийлари Эрон ҳаво ҳудуди устидан назоратни кенгайтиришга интилмоқда. Исроил армияси «Эрон режимининг ҳарбий салоҳиятини заифлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда», дея қўшимча қилди ЦАҲАЛ.

22 июнга ўтар кечаси Қўшма Штатлар Исроил ва Эрон ўртасидаги 13 июнда бошланган ҳарбий можарога аралашди. Америка армияси Эрон ядро дастурининг учта объектига зарба берди. B-2 бомбардимончи самолётлари Фордо заводига ўн иккита 13,6 тонналик бункерга қарши бомба билан ҳужум қилди ва яна иккита бундай бомба Натанзга ташланди. Сувости кемалари Натанз ва Исфаҳондаги объектларга 30 та «Томагавк» ракетасини учирди.

АҚШ президенти Доналд Трамп халққа мурожаатида Эроннинг уран бойитиш бўйича асосий иншоотлари йўқ қилинганини айтди. У Эронни «Яқин Шарқдаги золим» деб атади ва «сўнгги саккиз кун ичида кўрганимиздан ҳам каттароқ тинчлик ёки фожиа»га дуч келиши ҳақида огоҳлантирди. Эрон олий раҳбари Али Хоминаийнинг маслаҳатчиси АҚШ ҳарбий базаларини Эрон ҳужумлари учун «қонуний нишон» деб атади.

Мавзуга оид