Жаҳон | 18:14
1268
2 дақиқада ўқилади

Британиялик амалдорлар бир йил ичида 2 мингдан ортиқ мобил қурилмани йўқотиб қўйди — The Guardian

Уларни алмаштириш учун 1,3 млн фунтдан ортиқ маблағ талаб этилади. Молиявий зарардан ташқари, ҳукуматдаги хизмат қурилмаларининг йўқолиши «миллий хавфсизлик учун улкан таҳдид» уйғотади.

Фото: Allenden/Alamy

Буюк Британия ҳукумати аъзоларига хизмат вазифаларини бажариш учун берилган минглаб мобил қурилмалар (смартфонлар, планшетлар ва ноутбуклар) охир-оқибат йўқолган ёки ўғирлатиб қўйилган. The Guardian’га кўра, охирги бир йилнинг ўзида ҳукумат 2 мингдан ортиқ қурилма йўқолгани аниқланган, уларни алмаштириш учун ҳар йили 1,3 миллион фунтдан ортиқ маблағ талаб этилади.

Маълумотларга кўра, Меҳнат ва пенсия таъминоти вазирлиги ўтган йили 240 та ноутбук ва 125 та телефон йўқолганини қайд этган. Ҳукумат фаолиятини мувофиқлаштирувчи Вазирлар маҳкамаси эса 66 та ноутбук ва 124 та мобил телефон йўқолган ёки ўғирланганини маълум қилган. Жорий йилнинг беш ойида эса Мудофаа вазирлиги 103 та ноутбук ва 387 та телефон йўқолганини қайд этган.

Киберхавфсизлик соҳасидаги мутахассисларнинг таъкидлашича, молиявий зарардан ташқари, ҳукуматдаги хизмат қурилмаларининг йўқолиши «миллий хавфсизлик учун улкан таҳдид» уйғотади.

«Бу ҳайратланарли даражада катта рақамлар. Бундай катта рақамлар ҳақида кетганда, бу ҳакерларга ҳужум учун улкан имкониятлар тақдим этади. «Агар бу рақамнинг атиги 1 фоизи тизим администраторларидан ўғирланган телефонлар бўлса ҳам, бу аллақачон тизимни бузиш учун етарли», — дейди Суррей университетининг киберхавфсизлик бўйича эксперти профессор Алан Вудворд.

Мудофаа вазирлиги ва Англия банкининг маълум қилишича, қурилмалар йўқолган ёки ўғирланган тақдирда ҳукумат маълумотлари шифрлаш орқали ҳимоя остида қолади. Шу билан бирга, ўғирлик ҳолатлари бўйича терговлар олиб борилади.

Мавзуга оид