Ўзбекистон | 19:10 / 21.06.2025
3065
6 дақиқада ўқилади

"Президент ташрифи бўлиши аниқ, лекин вақти номаълум" - Британия элчиси билан суҳбат

Kun.uz Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт билан суҳбатлашди. Дипломатга кўра, Ўзбекистоннинг энг катта ютуқларидан бири – камбағаллар сонини қисқартиргани бўлди. Бироқ узоқ йиллар давлат иқтисодни бошқарган, ҳукуматга танбеҳ бериб бўлмасди. Биз Ўзбекистоннинг катта давлатлар таъсирига тушиб қолишини истамаймиз, дейди элчи.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тимоти Смарт Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида 2023 йилнинг августидан иш бошлаган. Kun.uz билан суҳбатлашган дипломат республикадаги сиёсат хусусида ўз фикрлари билан бўлишди. Аввало, Буюк Британия ташқи сиёсатида Марказий Осиёнинг роли муҳимлигини айтди. Ўзбекистондаги ўзгаришлардан Буюк Британия ҳукумати ва инглизлар хабардор эканини қўшимча қилди. Сизнинг демократик тизимингиз яратилганига аслида энди 8 йил бўлди, деди элчи.

“Кўплаб ижобий кўрсаткичлар бор, аммо мен учун энг таъсирлиларидан бири — камбағаллик даражасининг 2016 йилда 30 фоиздан юқори бўлиб, бугун эса 10 фоиздан камайгани. Ҳозирда тахминан 7–8 фоиз, яқин келажакда 5 фоизгача тушиши кутиляпти. Бу 3 миллиондан ортиқ инсон камбағалликдан чиққани дегани. Бу ҳар қандай давлат учун фахрли натижа ва биз бу жараённи қўллаб-қувватлаймиз” – Тимоти Смарт, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси

Иқтисодиётда давлат иштирокининг устунлиги ва ёпиқ модел самарасизликка сабаб бўлди. Элчининг фикрича, биринчи маъмурият даврида давлатга танбеҳ бериш ёки ҳукуматга йўл-йўриқ кўрсатиш нотўғри саналган. Аслида ривожланиш ва ислоҳотларни халқ ва ҳукумат доимий мулоқотда бўлиб муҳокама қилиши керак. Айниқса, коррупция борасида давлат нима билан банд эканини халқ билиб туриши лозим.

Британиялик дипломатга кўра, икки томон ҳам олий даражадаги ташриф учун тайёргарлик кўрмоқда. Ўзбекистон президенти Европанинг Франция, Германия, Италия, Венгрия, Словения ва Словакия давлатларида бўлди. Бироқ минтақанинг асосий иқтисодий кучларидан саналган Буюк Британияга ҳали сафар қилинмаган. Элчига кўра, бу ташриф шунчаки рамзий аҳамиятга эга бўлмай, икки халққа манфаат келтириши керак.

“Ҳа, ҳозирча расмий ташриф амалга оширилмади. Лекин мен президентнинг Буюк Британияга ташриф буюришини жуда истардим. Ҳукуматимиз ҳам буни истайди. Буюк Британиядаги энг юқори даражадаги раҳбарлар мендан сўрашади: “Ўзбекистон ҳукуматидан асосий сўров нима?” деб. Жавобимиз аниқ — президентнинг ташрифи. Бундай истакни анча очиқ вa яққол эшитдик. Ҳозирча барча маълумотларни очиқ айта олмайман, аммо сўнгги юқори даражадаги вазирлик музокараларида айнан шу масала фаол муҳокама қилинди. Ушбу ташрифни фойдага айлантириш учун қандай аниқ натижаларга эришиш мумкин — айнан шуларни муҳокама қиляпмиз” - Тимоти Смарт, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси

Марказий Осиё дунёнинг гигант давлатлари билан дипломатий ва сиёсий форматларига эга бўла бориб, мулоқотни кучайтирмоқда. Масалан, охиргиси Остонада Хитой раиси билан “Марказий Осиё–Хитой” саммити, ундан олдин эса Италия бош вазири минтақа лидерлари билан кўришганди. Хўш, Буюк Британия ҳам ўз форматига интиладими?

“Қисқа жавоб — ҳа. Аввало вазирлар даражасида, сўнгра етакчилар даражасида бундай мулоқот йўлга қўйилиши мумкин. Биз ҳозирда бундай имкониятларни фаол ўрганмоқдамиз. Британия ташқи ишлар вазири вa Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Саидов жорий йилнинг охирида “С5 + Британия” форматида ташқи ишлар вазирлари учрашувини ўтказиш масаласини муҳокама қилган. Бизга буни амалга ошириш вазифаси юклатилган вa шубҳасиз, бу саммитни кўришингиз керак — чунки биз буни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз” - Тимоти Смарт, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси

Элчининг қўшимча қилишича, ташқаридан келиб бирор куч Ўзбекистонга нима қилишини ўргатмаслиги керак. Ташқи сиёсат нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг мустақиллиги, хавфсизлиги a ҳудудий яхлитлиги — Британия учун Марказий Осиёдаги асосий приоритетлардан. Сизнинг мустақиллигингиз — БМТ Хартиясида белгилаб қўйилганидек — ҳимоя қилиниши керак. Ҳеч бир давлат куч ишлатиб бошқасининг ҳудудини босиб олмаслиги шарт. Бу — зўравонларнинг ҳаракати ва биз бунга қатъий қарши чиқамиз, дейди элчи.

Унинг қўшимча қилишича, йирик ҳарбий кучга эга давлатлар бир томонлама ер олишни ўзларига эп кўраётган вазиятлар – таҳдид. Бу — БМТ Хартиясига бутунлай зид вa мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат.

“Биз сизнинг ҳеч бир геосиёсий таъсир доирасига тушишингизни истамаймиз ва бу позициянгизни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Сиз мустақил мамлакатсиз. Агар кимдир Ўзбекистонни шахмат тахтасидаги фигура сифатида кўраётган бўлса, биз бунга қарши чиқамиз” - Тимоти Смарт, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси

Элчи медиа, журналистика ва жамоатчилик фикри билан боғлиқ вазиятга ҳам тўхталди. Дипломатга кўра, ҳукумат матбуот ва блогерлар танқидларига кўникиши, уларни қабул қилиши керак. Чунки бу билан расмийлар мавжуд муаммолар ҳақида аввалроқ хабар топади ва бунга қарши курашади.

“Бу муаммоларни одамлар кўчага чиқишидан аввал билиш дегани”, дейди Тимоти Смарт.

Суҳбатни Kun.uzʼнинг YouTubeʼдаги саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади.

 Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид