Эрон урушмоқда, Россия нега жим?
Исроил ва Эрон уруши бир ҳафтадан буён давом этмоқда. Одатда бу икки давлат ўртасидаги тўқнашув бунақа узоқ давом этмас ва уруш дейишга арзимасди. Ўзи Исроил ва Эрон тўғридан-тўғри бир-бирига ракета отиши охирги икки йилда кузатилаётган ҳолат. Узоқ йиллар Эрон Исроил билан очиқчасига эмас, прокси кучлар ёрдамида курашиб келди. Лекин энди жанг майдонида икки душман яккама-якка қолди. Прокси кучлар ҳам яксон қилинган.

Уруш бошланганда иттифоқчи деган сўз тез-тез тилга олинади. Чунки исталган давлат иттифоқчисиз уруша олмайди. Буни жуда қудратли, ресурслари битмас-туганмас Россия мисолида кўрдик. Совет иттифоқидай қудратли империянинг меъросхўри ўзидан чандон баробар кучсиз қўшнисига қарши урушда одамларининг қорни зўрға тўядиган Шимолий Кореядан қурол сотиб олишга мажбур бўлди.
Эрон – Исроил урушида ҳозирча фақат бир томоннинг иттифоқчиси кўриниш бермоқда. АҚШ Исроилга Эрон ракеталарини тутиб қолиш орқали бўлса ҳам ёрдам берди. Маъжозий маънода айтганда, АҚШ жанг майдонига кирмаган бўлса-да, исталган пайтда урушга қўшилишга шай.
Хўш, Эроннинг иттифоқчилари қани? Нега жуда кучли Америка қўлловидаги Исроилга қарши тарихдаги илк урушда Теҳрон ёлғиз жанг қилмоқда? Украинага қарши урушда Эрон янги санкциялар хавфига қарамай Россияга қурол етказиб берди, нега Москва энди оғир паллада ёрдамга келмаяпти? Қуйида шу ҳақда.
Россия қандай ёрдам бериши мумкин?
Демак Эрон қайси масалада Россиянинг ёрдамига муҳтожлигидан бошласак. Энг аввало ҳаво мудофааси бўйича. Ҳозир Исроил самолётлари деярли қаршиликсиз Эрон осмони узра учиб, яна Исроилга қайтиб кетмоқда. Чунки операция бошланишидан аввал Моссад агентлари Эрон ичкарисига кириб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига зарба берган. Бўлмаса Исроил самолётларини бунчалик бемалол Эрон устидан учира олмасди. Яхшиям ўртада Ироқ ва Сурия ерлари ястаниб ётибди, акс ҳолда Исроил Эрон осмони узра патрул ташкил қилиши ҳам ажабланарли бўлмасди.
Бундай ҳолатда Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ёки қирувчи самолётлар ёрдамида осмонни ҳимоя қилиши Эронга асқотган бўларди. Лекин Россия Украинага қарши урушда ўзига ёрдам берган иттифоқчисига бундай ёрдам кўрсатмаяпти.
Ҳарбий ёрдамдан ташқари Россия дипломатик майдонда Эронга катта ёрдам бериши мумкин. Чунки Путин ва Нетаняҳунинг муносабатлари ёмон эмас, улар уруш бошлангач доимий алоқада бўлиб турибди. Лекин бу мулоқотлардан кейин ҳам Исроил Эронни бомбалашда давом этмоқда. Афтидан, Россия Исроил ракеталарини уриб тушириш ёки бу учун Эронга қурол бериш орқали яна бир урушга аралашиб қолишни истамаяпти.
Нима халақит бермоқда?
Энди Россия нега Эронга ёрдам беролмаётгани ҳақида. Биринчи сабаб тушунарли – Россиянинг ўзи қўшниси Украинага қарши тўрт йилдан бери урушиб ётибди, бутун ҳарбий қудрат украин қишлоқларини эгаллашга қаратилган. Бундан ташқари, Сурияда Асад режими қулагач, Россиянинг минтақадаги таъсир доираси ҳам йўқолди. Суриядаги авиабаза ортиқ ҳарбий вазифа бажара олмайди. Қирувчи самолётларни Россиядан Эронга юбориш эса қийин масала, унақада Донбассдаги вайрон бўлган шаҳарларни эгаллаш қолиб кетади.
Ва энг асосий сабаб – Россия бу урушни ўзиники деб қарамаяпти. Кремлнинг баёнотларини диққат билан кузатсангиз, ундаги иккиланишларни пайқайсиз. Ахир урушнинг бир томонида – Россияни оғир кунда ташлаб қўймай қурол берган Эрон. Иккинчи томонда – яҳудийлар давлати Исроил. Путин яҳудийлар геноцитидан энг кўп Собиқ иттифоқ жабрланганини кўп марта айтган. Чиндан иккинчи жаҳон уруши вақтида аксар яҳудийлар Собиқ иттифоқ ҳудудида яшаган. Путин яҳудийлар давлатини очиқчасига душман деб эълон қилолмайди. Исроилда иброний ва инглизчадан кейин турадиган тил рус тили, русча гаплашадиган исроилликлар жуда кўп, Россияда ҳамон оз эмас. Шу сабаб Россия икки ўт орасида қолди десак, муболаға бўлмайди.
Россия уруш бошлагач...
Биласизми, охирги йилларда бўлаётган урушлардаги бир жиҳат эътиборни тортади. 2022 йил февралда Россия Украинага бостириб кирди. Шундан кейин Россия ўзи билан ўзи бўлиб қолди ва мамлакатнинг иттифоқчилари бирин-кетин муаммога дуч кела бошлади. 2023 йил Озарбойжон Қорабоғни қайтиб олди. Москва Арманистонга иттифоқчилик қилмади, қайтанга Пашинян ҳукуматини айблаб чиқди. Яқинда Сурияда Башар Асад ҳукумати қулади, Россия яна ҳеч нарса қилолмади. Энди Эрон жиддий муаммога дуч келди.
Тўғри, булар шунчаки тасодиф бўлиши мумкин, лекин ишонинг, Россия уруш билан банд бўлмаган, Ғарб билан алоқаларни узмаган кучли вақтида уч ҳолатда ҳам вазиятни урушсиз ўзгартира олган бўларди. Лекин Россия тўрт йилдан бери Украина шарқини эгаллай олмаётгани кўпчиликка сигнал ўлароқ хизмат қилган кўринади.
Ҳеч кимга ишониб бўлмайдиган замон
АҚШда президент ўзгариб Украина ҳарбий ёрдамсиз қолган, Эрон жанг майдонида ёлғиз қолган бугунги замонда бир ҳақиқат юзага чиқмоқда: урушда ҳеч кимга, ҳеч қандай иттифоқчига ишониб бўлмайди. Замон шунақа, ҳамма ўзи учун яшайдиган давр келди, ҳеч кимнинг бошқалар билан иши йўқ. Европа ҳам Украинага азбаройи ҳамдардлигидан эмас, уруш кейинчалик ўзининг ҳудудига кирмаслиги учун ёрдам беряпти. Сиз бугун жанг майдонидаги иттифоқчингизга кейин у ҳам уруш вақти менга ёрдам беради деган умидда қурол бериб, кейин сизга ҳужум қилишгач ўша иттифоқчидан «қаттиқ хавотир билдирилган» баёнотдан бошқа ёрдам ололмаслигингиз мумкин.
Барча давлатлар бу аччиқ ҳақиқатдан хулоса чиқариши, мудофаасини кучайтириши керак. Афсуски жуда ёмон даврга кириб келдик...
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид

01:59
«Рус аскари фақат ўлим ва ҳалокат келтиради» - Украина ТИВ Путиннинг сўзлари ҳақида

01:30
Европа Иттифоқи Россия нефти нархининг юқори чегарасини пасайтиришдан бош тортди – ОАВ

00:59
«Толибон» Россияга минглаб меҳнат мигрантини юборишга келишиб олди

23:24 / 20.06.2025