“Юксалиш” “Ўзсувтаъминот”га қарши – икки ташкилот нега баҳслашди?
“Юксалиш” ҳаракати аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш соҳасида қилинаётган ишларни танқид қилди. “Ўзсувтаъминот” бунга раддия бериб, “Юксалиш”ни масъулиятсизликда айблади. Kun.uz икки томон позициясини оммага етказиш мақсадида уларни ўз студиясига чорлади. Аммо фақат “Ўзсувтаъминот” келди.

Шокир Шарипов, журналист: Куни кеча “Юксалиш” ҳаракати соҳадаги бўлаётган ишларни танқидга олди, “яхши кетмаяпти ишлар” деб. Шу тўғрисида бироз тўхталсак.
Асилжон Муҳиддинов, "Ўзсувтаъминот" АЖ бўлим бошлиғи: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ичимлик ва оқова сув қурилиш объектлари ўрганилди, бир қанча камчиликлар аниқланиб, кенг жамоатчиликка эълон қилинди. Аниқланган камчиликларни биз қайта ўрганиш жараёнида ҳаракат томонидан ўрганиш ишлари маълум бир тартиб-тамойилга, қонун-қоидага амал қилинмасдан амалга оширилганини аниқладик. Қурилиш объектига чиқиладиган бўлса, мана шу йўналишда маълум бир салоҳиятга, маълум бир маълумотга эга бўлган мутахассис иштирокида ўрганилади.
Ш.Шарипов: Бевосита танқид манбасига тўхталайлик, улар нимани танқид қиляпти ва сизларнинг эътирозларингиз нимадан иборат?
Ислом Абдуллаев, "Ўзсувтаъминот" АЖ бошқарма бошлиғи: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ўтган йили, 2024 йилда қуриб битказилган, қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган объектлар ўрганилган. Қайта ўрганишимиз натижасида, улар танқид қилган объектлар ўз исботини топмади.
Ўрганиш жараёнида нотўғри ёндашув бўлган. Биринчидан, қурилиш объектлари лойиҳа-смета ҳужжатларига биноан ўрганилиши керак. Муҳандис-қурувчи, муҳандис-технолог ўрганиши керак. Мисол учун, баъзи бир объектларга нисбатан “қурилиши якунланмаган” дейилган.
Тўғри, объектларимизнинг айримлари қурилиши якунланмасдан, президентнинг тегишли қарорлари билан 2025 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган, бюджетдан маблағ ажратилган. Шу тариқа, ўтган йили бошлаган қурилишни бу йил давом эттириб, йил якуни билан фойдаланишга топшириш мақсадида. Улар келтирган 37 та объектнинг аксарият қисми ўша – йилдан йилга ўтувчи объектлар, улар буни “қурилиши якунланмаган” деяпти. Иншоот битмасдан туриб, қандай тармоққа сув бериш мумкин?
Бахтиёр Эргашев, "Ўзсувтаъминот" АЖ бўлим бошлиғи: Деҳқонободдаги лойиҳа ҳақида. Куни кеча “Юксалиш” ҳаракати томонидан эълон қилинган раддияда айтилган: “бугунги кунда лойиҳа якунланган бўлса-да, аҳоли сув ичмаяпти”. Ваҳоланки, Деҳқонободда бошқа сув манбаси йўқ. Деҳқонобод аҳолиси бугунги кунда мана шу амалга оширилган лойиҳадан ичимлик суви билан таъминлаб келиняпти. Бунинг фотоатчотлари ҳам, видео ҳам, ҳамма нарсалари бизда бор. Лекин улар бу маълумотни нимага таяниб беришган, бунга аниқлик кирита олмадик.
Ш.Шарипов: Биз “Юксалиш” ҳаракати вакилларини ҳам бу ерга таклиф қилган эдик, лекин улар умумий баёнот билан чекланишга қарор қилган эканлар. Келинглар, масалани кенгроқ олайлик. Ўзбекистон 3 миллиарддан ошиқ доллар миқдорида кредит олган, ичимлик суви соҳасини яхшилаш ва канализация ўтказиш учун. Умумий қилиб айтайлик, нималарга эришдик шу кунгача?
Асилжон Муҳиддинов: Ҳар йили ичимлик суви ва оқова сув хизматини яхшилаш учун республика бюджетидан ва халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ҳисобидан маблағлар ажратилади. Ҳар йили ўша маблағлар ўзлаштирилган ҳолда сув таъминоти яхшилаб борилади. 2024 йилда 1,1 миллион аҳоли ичимлик суви билан таъминланди. Ичимлик суви билан қамров даражаси 78 фоиздан қарийб 81 фоизга кўтарилди. Бу айтаётган фоизларимиз ортида не-не машаққатлар, қанчадан-қанча маблағлар турибди. 2017 йилдан буёғига ҳисоблайдиган бўлсак, қарийб 20 триллиондан ортиқ маблағ ажратилган, сув таъминоти 63 фоиздан 81 фоизга етказилди. Мана шу темпда сув билан таъминланганлик даражасини 2030 йилга бориб 90 фоизга етказишни режа қилганмиз.
Эскириб кетган сув иншоотларимизни реконструкция қилишни ҳам назарда тутганмиз. Сабаби, ўша асосий тармоқларимиз 1960-70 йилларда қуриб фойдаланишга топширилган, таъмирталаб ҳолатда, босқичма-босқич реконструкция қиляпмиз. 2020 йилда сув тармоқларимизнинг таъмирталаблик ҳолати 25 фоиз бўлган экан. Яъни ўша жами сув тармоқларининг 25 фоизи яроқсиз бўлган. Ҳозир мана шу кўрсаткич 19 фоизга тушибди. 6 фоизга ўша таъмирталаб тармоқларимизни қисқартирдик. Бу жараённи давом эттириб, 2030 йилга қўйган мақсадларимиз бор. Бундан ташқари, ўша соҳани яхшилаш учун, модернизация қилиш учун янги технологиялар қўлланяпти.
Гулистон шаҳри ҳам катта бир шаҳар бўлишига қарамасдан, аҳолиси график асосида, жадвал асосида сув билан таъминланар эди. Ҳозирги кунда қарийб 76 километр шаҳар ичидаги сув тармоқларини 1 метр асфалтни бузмасдан туриб алмаштиряпмиз. Янгича услуб, горизонтал бурғилаш услубидан фойдаланяпмиз, яъни ёпиқ траншея усулида. Асфалт кўчирилмайди, ер ковланмайди.
Шокир Шарипов: Яъни олинган кредитнинг ҳажми катталиги айнан ўша эскириб кетганлик миқдори билан боғлиқ-да, тўғрими? СССР пайтидан бери кўп жойларда ҳеч нарса янгиланмаган, шунақами?
Асилжон Муҳиддинов: Ҳа. Соҳага кам маблағ ажратилган. Мана, бугунги кунда соҳага етарлича эътибор ажратиляпти, эскирган тармоқларни янгилашга эришяпмиз. Бундан ташқари, аввалги даврга қарайдиган бўлсак, сув соҳасига хорижий инвесторлар, халқаро молия институтлари томонидан қизиқиш билдирилмаган. Сабаби, у соҳага киритилган инвестиция, яъни кредит, ўзини оқламайди деб ҳисоблашган. Сабаби, у соҳа ишонарсиз бўлган. Бугунги кунга келиб, ислоҳотлар натижасида соҳага бўлган ишонч, соҳага бўлган қизиқиш ортиб, бир нечта халқаро ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз.
Биз илтимос қилиб қолар эдик, нафақат “Юксалиш” ҳаракатидан, бошқа жамоатчилик органлари томонидан ҳам, агар соҳага қизиқиш билдирилаётган бўлса, эшикларимиз очиқ. Керак бўлса жойига чиқиб, улар билан биргаликда ҳар битта лойиҳани кўздан кечиришга тайёрмиз.
Жуда катта, кенг кўламли ишлар кетяпти. Сув ресурси танқис бўлган Қорақалпоғистон, Хоразмда асосан ерусти манбаларидан сув олинади. Ерости сувлари жуда ҳам ёмон, қаттиқлик даражаси юқори. У ерда аҳолини сув билан таъминлаш таннархи юқори. У ерда ҳам дарёдан сув оламиз, ҳам ер остидаги шўр сув қатламини чучуклаштириш учун ускуналар олиб келганмиз. Замонавий, қаттиқлик даражаси юқори бўлган сувларни чучуклаштириб, аҳолига узатиб беряпмиз. Янгича технологиялар қўлланяпти.
Деҳқонобод тумани марказига сув бериляпти. Ёки Қашқадарёдаги оғир Ғузор туманини олайлик. Ғузор тумани 2020 йилда сув билан таъминланганлик даражаси 2 фоизни ташкил этарди. Бутун республика бўйича энг қониқарсиз кўрсаткич. Бугунги кунга келиб 50 фоизга яқинлашди сув билан таъминланганлик даражаси. Бунинг кетида озмунча маблағ, озмунча меҳнат ётгани йўқ.
Шокир Шарипов: Мактабларни сув билан таъминлаш ва ҳожатхона масаласи бўйича анча ишлар қилинаётганини биламан, бу ҳозир қай ҳолатга етди? Қаер қолди мактаблари сув билан таъминланмаган?
Асилжон Муҳиддинов: Мактабларда йилнинг бошида биз Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда хатловдан ўтказилган рўйхатларини олганмиз. Ўтган йилнинг ўзида 750 га яқин мактабларга сув тортилган. Хатловга асосан дастуримиз бор.
Шокир Шарипов: Жамоатчилик скептик бўлиб қолган бизда, савол туғилади: бу колоссал миқдордаги пуллар, 3 миллиард доллардан ошиқ пуллар, уларни мақсадли сарфлаш, талон-торожлик, коррупция – бунинг назорати қандай йўлга қўйилган? Ким назорат қилади?
Озод Норбоев, "Ўзсувтаъминот" АЖ бошқарма бошлиғи: Дастурни шакллантиришдан бошлаб гапирадиган бўлсак, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг ҳудудий бошқармалари томонидан сув таъминоти оғир бўлган ёки эскирган тармоқларни янгилаш мақсадида манзилли рўйхатлар шакллантирилади ҳамда ҳудудий халқ депутатлари кенгашига тақдим этилади. Ҳудудий халқ депутатлари кенгашлари томонидан қарор тасдиқланади ва ҳар йилги – президент томонидан тасдиқланадиган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури билан манзилли рўйхатлар тасдиқланиб, молиялаштириш манбаларига аниқлик киритилган ҳолда қурилиш ишлари бошланади.
Асилжон Муҳиддинов: Қурилишларни назорат қилишда қурилиш бўйича ҳудудий инжиниринг компаниялари бор. Ўша ҳудудий инжиниринг компанияларида махсус сертификатга эга бўлган техник назоратчилар фаолият юритади. Буларнинг асосий вазифаси объектга чиқиб, қурилиш давомидаги шаҳарсозлик нормалари, қоидаларига асосан қурилишлар амалга оширилишини назорат қилиш, биринчи навбатда. Ва бундан ташқари, ўша лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда, у лойиҳа ташкилотлари томонидан муаллифлик назорати доимий объектда, муаллифлик назорати амалга оширилади ҳамда қурилиш соҳасида уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан ҳам назорат, давлат назорати амалга оширилади.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид

20:39 / 01.05.2025
Қувурлардан келаётган сув ичишга яроқли экани айтилди

10:23 / 19.03.2025
715 минг аҳолига илк бор тоза ичимлик сув етиб боради

21:48 / 12.02.2025
“Аҳолини ичимлик сув билан 100 фоиз таъминлаш имконсиз” – “Ўзсувтаъминот” АЖ

17:35 / 12.02.2025