Ўзбекистон | 19:28
2482
2 дақиқада ўқилади

Президент Паркент туманида «Паркентсой» турар жой массиви қурилиши билан танишди

Давлат раҳбари янги хонадонлардаги шароитларни кириб кўрди, паркентлик фаоллар билан суҳбатлашди.

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ҳудудларнинг иқтисодий ривожи ва янги лойиҳалар билан танишиш мақсадида 18 июн куни Тошкент вилоятининг Паркент туманига ташриф буюрди.

Дастлабки манзил «Паркентсой» турар жой массиви бўлди. Туман марказидан оқиб ўтувчи Паркентсой қирғоғида қурилаётган ушбу массивни экошаҳар дейиш мумкин. Унинг умумий майдони 6 гектар бўлиб, жами 5 минг 200 хонадонли 125 та кўп қаватли турар жой қурилади.

Давлат раҳбари мазкур янги хонадонлардаги шароитларни кириб кўрди.

Бу ерда, шунингдек, иккита мактаб, саккизта боғча, болалар майдончалари, 10 гектарлик парк, сунъий кўл, сайилгоҳ ва велойўлаклар барпо қилинади. 17 километр ички йўллар таъмирланади.

Давлат раҳбари шу ерда туманни янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Бу борадаги муҳим лойиҳа – «Байтқўрғон – Паркент» электрлаштирилган темир йўли. Ҳозир унинг қурилиши жадал кетмоқда. Қарийб 24 километрлик бу йўл фойдаланишга топширилгач, Паркентдан пойтахтга бориш учун қулайлик яратилади. Унда кунига 275 минг нафаргача йўловчи ташилиши ҳисоб-китоб қилинган.

Паркентсойни тартибга келтириш, қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Биринчи босқичда сойнинг 4 километр қисми тўлиқ бетонлаштирилди. Иккинчи босқичда Кумушконгача бўлган ўзанлар тартибга келтирилиб, очиладиган 100 гектар ерда туризм объектлари ташкил этиш режалаштирилган.

Президент шу ерда паркентлик фаоллар билан суҳбатлашди.

– Бизнинг энг катта бойлигимиз юртимиз тинчлиги, халқимизнинг осойишталиги. Тинчлик барқарор бўлса, мана шундай бунёдкорлик бўлади, режалар амалга ошади. Давлат ташкилотларини сафарбар қилиб, имкониятларни юзага чиқариб, ҳамма ҳудудларни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Паркентга ҳам истиқлол шабадаси, ислоҳотлар натижаси етиб келганини кўриб, хурсанд бўлдим. Халқимиз мана шундай фаровон шароитда яшашга муносиб, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид