Жамият | 09:53 / 15.06.2025
1992
2 дақиқада ўқилади

Андижонда темирйўлдаги цистернага чиққан эркакни ток урди

Андижон вилоятидаги Пойтуғ темирйўл бекатида бўш турган цистернага чиқиб олган эркакни ток урди. Унинг танаси ёна бошлаган, шунда у ўзини вагондан пастга ташлаб, тирик қолган. Фуқаро шифохонага ётқизилди.

Фото: Видеодан кадр

Андижон вилоятидаги Пойтуғ бекатида 10 июн куни темирйўлдаги цистернага чиққан эркакни ток урди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, бегона фуқаролардан бири станция ҳудудига кириб, иккинчи йўлда бўш турган цистернага чиқиб олган. У контакт тармоғидаги кучланиш таъсирига тушиб, ерга йиқилган.

Станция навбатчи ходими тез тиббий ёрдам бригадасини чақирган. Жабрланувчига зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, тиббиёт муассасасига олиб борилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ушбу шахс вагон юқорисида танаси ёнишни бошлаган ҳолда ёпишиб қолгани, сўнг ўзини пастга ташлагани кўринади.

Ўзбекистон темирйўллари фуқаролардан темирйўл ва инфратузилма яқинида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш кераклигини эслатиб ўтди. «Темирйўл инфратузилмаси объектларига ўзбошимчалик билан кириш ҳаёт ва соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради», – дейилади хабарда.

Мавзуга оид