Ўзбекистон | 20:16 / 13.06.2025
8315
9 дақиқада ўқилади

Яна божхона: ўнлаб автомобиллар эгаларидан яширин тарзда Тожикистонда ғойиб бўлди

Божхона қўмитасининг бундан 6 ой аввал барча чегара божхона постларига юборган кўрсатма ва тавсияси иш бермади: бўлиб тўлаш шарти билан олинган машиналарни чет давлатга чиқариб сотиб юбориш ҳолати яна такрорланди. Фақат автомобиллар бу сафар Қозоғистонга эмас, Тожикистонга олиб ўтилган. Уларни чегара постларидан бошқариб ўтган шахсларда, худди аввалги кейслардаги каби машинани чет давлатга ҳайдаб чиқиш ҳуқуқи бўлмаган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эски услуб – янги “бозор”

Бўлиб тўлаш шарти билан олинган машинани қўшни давлатга олиб чиқиб сотиб юбориш ҳолати Ўзбекистонда янги турдаги фирибгарлик эмас. Аввал ҳам одамлар айни шу услубда чув туширилган.

Жумладан, Kun.uz 2 қисмли суриштирув қилган Абдулла Абдурасулов иши кўпчиликнинг ёдида. Ушбу шахс бир неча ойда 50 нафарга яқин кишини чув тушириб, уларнинг турли русумдаги машиналарини божхона чегара пости орқали Қозоғистонга олиб чиқиб кетганди. Чегарадан ўтказилган машиналар эса ғойиб бўлган.

Орадан 6 ой ўтиб, шу каби ҳолат яна кузатилди. Фақат бу сафар машиналар Тожикистонга олиб чиқиб кетилган. Бу ишни амалга оширганлар эса асосан қиммат турдаги электромобилларни “овлаган”.

33 йиллик “туйнук”

Бу турдаги фирибгарликни амалга оширган шахслар божхона чегара постларидаги 33 йиллик “туйнук”ни сезиб қолишган.

Гап шундаки, бошқа шахс номида бўлган машинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома онлайн ёки нотариус орқали расмийлаштирилиши мумкин. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштирилганда ишончнома машинани бошқа давлатга олиб чиқиб кетиш ҳуқуқисиз берилади.

Абдулла Абдурасулов ишига қадар Ўзбекистонда рўйхатга олинган машина божхона чегара пости орқали мамлакатдан чиқиб кетаётганида ҳайдовчидан ушбу транспорт воситасини бошқариш, хусусан, чет давлатга бошқариб чиқиш ҳуқуқи бор ёки йўқлиги текширилмаган.

Автотранспорт воситасини бошқаришга доир бўлган ишончнома ҳайдовчи томонидан божхона органига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатига киритилмаган. Ҳозирги кунда қонунчиликда бу нарса назарда тутилмаган. Лекин Божхона кодексининг 190-моддасига мувофиқ, божхона органи ходими тақдим этилган маълумотларни текшириш мақсадида қўшимча ҳужжатларни сўрашга ҳақли. Бу ҳуқуқ, мажбурият эмас”, дея ушбу ҳолатни изоҳлаганди Божхона қўмитаси вакили.

Қўмита матбуот котиби Ҳусан Тангриев эса ярим йил муқаддам божхона тизимида 33 йилдан буён бу каби муаммо кузатилмаганини, шундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун барча чегара божхона постларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар юборилганини айтганди. Бироқ божхона чегара постларидаги ва қонунчиликдаги ушбу “туйнук” ҳамон ёпилмагани маълум бўлди.

Ғойиб бўлган BYD HAN

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган Ли Дмитрий исмли шахс 2025 йилнинг 18 апрел куни Абдуваҳоб Валиевдан бўлиб тўлаш шарти билан BYD HAN EV машинасини олган. Машина Фаррух Орипов номида бўлган. Ли Дмитрийга онлайн ишончнома расмийлаштириб берилган.

Ли Дмитрий машинани ўша куннинг ўзидаёқ Фарғона вилоятидаги Андархон божхона чегара пости орқали Тожикистонга олиб чиқиб кетибди. У машинани сохта ҳужжатлар билан Тожикистон божхонасидан рўйхатдан ўтказиб, Аҳмаджон Юсупов исмли фуқарога сотиб юборибди.

Ҳозирда Ли Дмитрийнинг телефони ўчирилган. Доимий рўйхатда турган манзилига излаб борсам, у ерда яшамаскан. Менга маълум бўлишича, ушбу шахс бир нечта шериклари билан бошқа фуқароларни ҳам алдаб, машиналарини Тожикистонга ўтказиб сотиб юборган экан”, дейди Абдуваҳоб Валиев.

Ли Дмитрий BYD HAN EV машинасини 24 ойга бўлиб тўлаш шарти билан 45 100 АҚШ долларига олган. У дастлабки тўлов сифатида 10 минг АҚШ доллари берган.

“2 та BYD бергандим”

Яна бир ҳолатда эса бир фуқаронинг 2 та BYD машинаси чегара орқали олиб ўтилиб, Тожикистонда сотиб юборилган. Ушбу машиналар ҳам дастлабки тўлов сифатида 3 минг АҚШ долларидан берилиб, бўлиб тўлаш шарти билан олинган бўлган.

Ушбу машиналарнинг бири Бухоро шаҳрида яшовчи 1986 йилда туғилган Элёр Аслонов, иккинчиси эса 39 ёшли Владимир Хван томонидан олиб чиқиб кетилган. Жабрланувчи ушбу шахсларнинг барчаси, яъни Ли Дмитрий, Элёр Аслонов ва Владимир Хван бир жиноий гуруҳ эканини таъкидламоқда.

Биринчи машинани 2025 йил 31 март куни биздан олиб кетишган ҳамда 2 апрел куни Андархон божхона чегара постидан ўтказишган. Иккинчисини эса 2025 йил 3 апрелда олиб кетиб, 4 апрел куни Ойбек божхона чегара постидан Тожикистонга ўтказган ҳолда сотиб юборишган. Ойлик тўлов вақти келганида улар йўқолиб қолишди. Шунда билдик. Тожикистонга бориб, машиналарни сотиб олган одамларни ҳам топдик, бироқ машиналарни топа олмадик”, дейди жабрланувчи.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу шахсларга чув тушганлар сони анча кўп. Иш кўлами Абдулла Абдурасуловникидан кам эмас. Алданганлар ушбу шахслар аллақачон чет давлатга чиқиб кетган бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

“Ишончнома бўлмаса, рухсат берилмайди”

Kun.uz ҳолатга изоҳ олиш мақсадида Божхона қўмитаси матбуот хизмати билан боғланди. Таҳририятга тақдим қилинган маълумотда ҳозирги кунда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган енгил автотранспорт воситалари чегара божхона постлари орқали олиб чиқилаётганда ҳайдовчидан машинага эгалик қилиш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ишончнома талаб қилиш юзасидан кўрсатмалар берилгани таъкидланган. 

“Гувоҳномада қайд этилган эгасидан ташқари бошқа шахслар томонидан енгил автотранспорт воситасини олиб чиқиш ҳолати аниқланганда, ҳайдовчида ишончнома мавжудлиги текширилади. Ишончнома тақдим этилмаган тақдирда ҳайдовчига белгиланган тартибда чора кўриш учун ЙҲХХ билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Яъни ишончномада автотранспорт воситасини хорижга олиб чиқиш ҳуқуқи кўрсатилмаган ҳолларда ҳолатга ойдинлик киритилгунига қадар автотранспорт воситаси республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилишига рухсат берилмайди”, дейилади қўмита маълумотида.

Қўшимча қилинишича, божхона пости орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини божхона кўздан кечирувидан ўтказиш жараёнида идентификация (VIN) рақами гувоҳномада қайд этилган маълумотларга мослиги ҳам текширилмоқда. Машиналарнинг идентификация рақамлари

“Е-Транзит” ахборот тизими орқали ўрганилганда, айрим ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам фош қилинган.

Хусусан, 2025 йил 28 январ куни “Малик” чегара ўтказиш пункти орқали қўшни давлат фуқароси бошқарувида ва қўшни давлат рақами остида кириб келган Lacetti 2024 йил 24 июн куни айнан ушбу пункт орқали Ўзбекистоннинг давлат рақами остида ва ўзбекистонлик фуқаро томонидан олиб чиқилганлиги, ушбу машина ҳозирда қидирувда экани аниқланган. 

Шу каби ҳолат “Ғишткўприк” чегара божхона постида ҳам кузатилган. Қўшни давлат фуқароси бошқарувида ва қўшни давлат рақами остида кириб келган Cobalt аслида муқаддам “Яллама” чегара божхона пости орқали Ўзбекистон фуқароси бошқарувида олиб чиқилгани ҳамда қидирувда экани маълум бўлган. 

“Божхона қўмитаси, Адлия ва Ички ишлар вазирлиги томонидан 2026 йилнинг март ойига қадар чегара ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган фуқароларнинг бошқарувидаги автотранспорт воситасига эгалик қилиши ёки ундан фойдаланиш ёхуд уни тасарруф этиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатнинг мавжудлиги ҳақида маълумотларни тасдиқлаш учун идоралараро ахборот алмашинуви йўлга қўйилади. Шу мақсадда Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда технологик йўриқнома ишлаб чиқилмоқда”, дея таъкидланади қўмита маълумотида.

Шунингдек, Божхона қўмитаси ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон ишончномалар тақдим этиш жараёнига ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилганини ва Адлия вазирлигига тақдим этилганини билдирди. 

Тезкор чоралар зарур

Бир шахс иккинчи шахсга тегишли машинани чет давлатга ҳайдаб чиқиш ҳуқуқи бўлмаган ҳолда божхона чегара постидан бемалол олиб чиқиб кетиш мумкинлиги фирибгарликка йўл очиб бермоқда. Шу сабабли ушбу муаммога нисбатан тезкор чоралар кўрилиши зарур. Йўқса, чегараларда машиналар ғойиб бўлаверади. 

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид