Жаҳон | 19:22 / 25.07.2025
25203
3 дақиқада ўқилади

Конибодомдаги серияли қотилликлар бўйича тўрт киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Тожикистоннинг Конибодом шаҳрида 10 ой ичида 7 оиладан 23 киши сирли равишда ўлдирилган эди.

Фото: Asia-Plus

Тожикистоннинг Конибодом шаҳридаги шов-шувли қотилликлар иши бўйича тўрт нафар тожикистонлик умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Конибодом шаҳри раиси Даврон Зоҳидзода маълум қилди.

Ушбу иш бўйича бошқа қўшимча маълумотлар, жумладан, судланганларнинг исмлари очиқланмади, Зоҳидзода тергов тафсилотлари билан таниш эмаслигини айтди.

2024 йил 21 декабрда Тожикистон бош прокуратураси Конибодомда содир этилган серияли қотилликлар фош этилгани ва 4 киши (26 ёшли Солиҳжон Худойбердиев, 27 ёшли Аҳаджон Тўхтаев, 28 ёшли Манучеҳр Одилов, ва 36 ёшли Бахтиёр Равшанов) қўлга олиниб, жиноий жавобгарликка тортилганини маълум қилган эди. Шу вақтда ҳам, ҳозир ҳам иш тафсилотлари ошкор этилмади, қўшимча маълумотлар йўқ.

Конибодом ва унинг атрофидаги ҳудудларда бир қатор қотилликлар 2024 йил 28 мартдан 29 мартга ўтар кечаси содир этилган жиноят билан бошланди. Ўша тунда Конибодомнинг Комил Ёрматов кўчасида бир оиланинг 5 нафар аъзоси: 65 ёшли Муҳиддин Шарифов, унинг турмуш ўртоғи Марям Шарифова, келини Фируза Шарифова ва икки набираси - Абубакр Шарифов ва Азиз Кабирзода ўлдирилган ҳолда топилди.

16 апрелдан 17 апрелга ўтар кечаси Конибодом шаҳрининг Сайхун қишлоғида 70 ёшли эр-хотин Музаффар Ўрмонов ва унинг рафиқаси Иноят Ўрмонова ўлдирилган ҳолда топилди. Жиноят содир этилганидан 21 кун ўтиб, Музаффар Ўрмоновнинг укаси Шарифжон Ашуров қотилликда гумонланиб ҳибсга олинди. Ўлдирилган эр-хотиннинг қариндошлари ва фарзандлари, шунингдек, гумонланувчининг фарзандлари унинг айбини рад этиб, қотиллик содир бўлган кечаси уйдан чиқмаганини айтган бўлса-да, у айбдор деб топилиб, 12 декабр куни 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.

28 майдан 29 майга ўтар кечаси Конибодом шаҳридаги Санчидзор қишлоғида икки оиланинг олти аъзоси ўлдирилган ҳолда топилди. Оилаларнинг бири тожик, иккинчиси қирғиз эди. Расмийлар бу қотилликларда Санчидзор қишлоғидаги мактабнинг 42 ёшли қўриқчиси Марат Саттаровни айблади. Ўтган йилнинг ноябр ойи охирида Тожикистон Олий суди уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Кейинги қотиллик 8 декабрдан 9 декабрга ўтар кечаси Конибодом шаҳрининг Шуробқалъа қишлоғида содир этилган бўлиб, у ерда бир оиланинг олти аъзоси - эр-хотин ва уларнинг тўрт нафар фарзанди жасади топилди. Оила бошлиғи 37 ёшли Наимжон Неъматовнинг жасади дарахтга осилган ҳолда, унинг 33 ёшли турмуш ўртоғи Нафиса Неъматова ва уч нафар қизи (бири 13 ёшда, иккитаси 10 ёшда) ҳамда икки ёшли ўғли бўғилиш аломатлари билан топилди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, 15 декабрдан 16 декабрга ўтар кечаси Ҳисорак (собиқ Қўрғонча) қишлоғида икки оиладан яна тўрт киши ўлдирилди.

Умуман олганда, 10 ой ичида Конибодомда 7 оиладан 23 киши сирли равишда ўлдирилди. Ниқоб таққан одамлар акс этган видеоёзувларнинг пайдо бўлиши ваҳималарни янада кучайтирди. Аҳоли кечалари гулхан ёқиб, кўчаларда навбатчилик қила бошлади.

Қотиллик сабаблари ҳақида ҳануз маълумот берилмади.

Мавзуга оид