Ўзбекистон | 21:10 / 13.06.2025
10194
7 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда Dreamliner қулаши: авиаҳалокат сабаби нима бўлиши мумкин?

Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳридан Англия пойтахти Лондонга учаётган Air India авиакомпанияси самолёти билан айнан нима содир бўлгани ҳар томонлама текширувдан сўнг аниқланади, бироқ авиацияда самолёт ҳавога кўтарилгандан кейинги дастлабки лаҳзалар энг мураккаби бўлиши аввалдан маълум.

Фото: AP / Scanpix

Яқин кунларда ҳиндистонлик терговчиларга АҚШ ва Британия экспертлари қўшилади, улар Boeing 787-8 Dreamliner самолёти ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай, Сардор Валлабхай Пател халқаро аэропортидаги учиш-қўниш йўлагидан 1,5 км узоқликда қулаши сабабларини аниқлашга ҳаракат қилади. BBC нашри 12 июнь куни юз берган даҳшатли авиаҳалокат тафсилотларини таҳлил қилишга уриниб кўрди.

Бу Dreamliner самолётларининг 2011 йилда тижорат хизматига кирганидан бери илк ҳалокатидир. Ҳалокат оқибатида самолёт саҳнидаги 241 киши, шунингдек, ердаги одамлар ҳам қурбон бўлди. Самолётдаги фақат бир нафар йўловчи омон қолди.

BBC нашри авиация мутахассислари ва ҳиндистонлик учувчилар билан суҳбатлашди, улар самолётнинг Аҳмадободдаги турар-жой бинолари устига қулашига қандай омиллар сабаб бўлганини аниқлашга ҳаракат қилди.

Ҳавога кўтарилишдаги муаммо

Самолётни капитан Сумит Сабхарвал ва ёрдамчи учувчи Клайв Кундар бошқарган эди. Иккаласи ҳам тажрибали учувчи, умумий парвоз вақти 9000 соатдан ортиқ. Сабхарвал тижорат учувчиси сифатида 22 йилдан ортиқ тажрибага эга эди.

Самолёт бортида 242 киши бўлган. Самолёт Аҳмадобод аэропортидан маҳаллий вақт билан 13:39 да учди. Ҳиндистон ички ишлар вазири Амит Шоҳнинг айтишича, самолёт ёқилғи билан тўлиқ тўлдирилган, унинг бакларида 100 тонна ёқилғи бор эди.

Ҳиндистон расмийларига кўра, учувчилар парвоздан кўп ўтмай авария сигналини юборишган. Кейин самолёт билан алоқа йўқотилди. Фавқулодда вазият ҳақидаги сигналга нима сабаб бўлгани номаълум, бироқ омон қолган ягона йўловчи самолёт баландликка кўтарилаётганда қаттиқ шовқинни эшитганини айтди.

Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда самолётнинг турар-жой ҳудудидан паст баландликда учаётгани акс этган. Узатилган сўнгги маълумотлар самолёт 625 фут (109 м) баландликка кўтарилганини кўрсатади. Кейин самолёт пасайиб, дарахтлар ва бинолар ортида ғойиб бўлади ва олов билан қора тутун кўтарилади. Видеокузатув камералари тасвирида самолёт 30 сония давомида ҳавода бўлганини кўриш мумкин.

Икки двигателнинг ишдан чиқиши ҳақидаги «жуда кам учрайдиган» тахминлар

Фақат видеолавҳалар асосида ҳалокат сабабини аниқлаш деярли имконсиз. Яқин кунларда катта текширув бошланади, жумладан, парвозни қайд қилувчи қурилмаларни текшириш ва бўлакларни экспертизадан ўтказиш. Мавжуд лавҳаларда самолёт ердан жуда оғир кўтарилганини кўриш мумкин.

Фото: AP/Scanpix/LETA

Баъзи мутахассислар иккала двигателнинг бир вақтда ишдан чиққанини тахмин қилмоқда аммо бу жуда кам учрайдиган ҳодиса. Шунингдек, асосий тизимлар энергия ишлаб чиқара олмаганда қўлланиладиган авария турбинаси (Ram Air Turbine, RAT) ишга туширилганми ёки йўқми деган саволлар мавжуд.

Икки двигател бир вақтда ишдан чиққанининг энг машҳур мисоли 2009 йилда Ҳадсон дарёсидаги «мўъжиза» бўлиб, Нью-Йоркдаги «Ла-Гуардиа» аэропортидан кўтарилган самолёт кўп ўтмай, қушлар сурувига урилган эди. Шундан кейин иккала двигател ҳам ишламай қолди, аммо экипаж самолётни сувга хавфсиз қўндиришга муваффақ бўлди.

Тажрибали учувчининг айтишича, иккала двигателнинг ишламай қолишига ёқилғининг ифлосланиши ёки ёқилғи тизимининг тиқилиб қолиши ҳам сабаб бўлиши мумкин. Самолёт двигателлари ёқилғининг аниқ узатиш тизимига таянади - агар у тиқилиб қолса, двигателлар тўхтаб қолиши мумкин.

Собиқ учувчи Марко Чан сўзларига кўра, мавжуд видеоларда иккала двигателнинг бир вақтда ишдан чиққанини кўрсатадиган ҳеч қандай далил йўқ.

Авиация мутахассиси Моҳан Ранганатан сўзларига кўра, иккала двигателнинг бир вақтда ишдан чиқиши «жуда кам учрайди».

Двигател ишлаб чиқарувчи GE Aerospace компанияси терговда ёрдам бериш учун Ҳиндистонга гуруҳ юбораётганини айтди, Boeing эса Air India билан ҳамкорлик қилишини таъкидлади.

Қушлар билан тўқнашув

Ҳиндистондаги баъзи мутахассислар томонидан илгари сурилган яна бир назария қушлар суруви билан тўқнашувдир. Бундай зарбалар самолёт учун жуда хавфли бўлиши мумкин. Ўтган йили Жанубий Кореяда 179 кишининг ҳаётига зомин бўлган Jeju Air авиакомпанияси самолёти ҳалокатида бўлганидек, қушлар двигателлар ичига кирса, қувватини йўқотиши мумкин.

Аҳмадобод аэропорти билан таниш бўлган экспертлар ва учувчилар бу аэропорт «қушлар кўп экани билан машҳур» эканини айтди. «Улар ҳар доим аэропорт атрофида», деди эксперт Моҳан Ранганатан. Аэропорт билан таниш уч нафар ҳинд учувчиси ҳам буни тасдиқлади.

Ҳиндистон фуқаро авиацияси вазирлигининг 2023 йил декабрида парламентга тақдим этган маълумотларига кўра, ҳалокат содир бўлган Гужарат штатида беш йил ичида қушлар тўқнашуви билан боғлиқ 462 та ҳодиса юз берган, уларнинг аксарияти айнан Аҳмадобод аэропортида содир бўлган.

Ҳадсон дарёси ҳодисасида қушлар суруви двигателларга 2700 фут (823 метр) баландликда урилган эди. Яъни, учувчиларда манёвр қилиш учун баландлик ва вақт бор эди. Аммо Air India мисолида учувчиларда бундай имконият бўлмади.

Бироқ, тажрибали учувчининг айтишича, қушларнинг урилиши «агар иккала двигателни ҳам ишдан чиқармаса», камдан-кам ҳолларда фалокатга олиб келади.

Самолёт қанотлари қандай рол ўйнади?

Уч мутахассиснинг тахминига кўра, бошқа учувчилар ва таҳлилчилар бунга эътироз билдирса-да, ҳалокат самолёт қанотларидаги ёпқичлар (flaps) учиш вақтида очилмагани туфайли юз берган бўлиши мумкин. Ёпқичлар учиш, кўтарилиш, пасайиш ва қўниш пайтида муҳим рол ўйнайди ва самолётга паст тезликда максимал кўтарилишга ёрдам беради.

Агар улар тўғри очилмаган бўлса, оғир вазнли самолётнинг ҳавога кўтарилиши қийинлашади, айниқса ҳаддан ташқари иссиқ об-ҳаво шароитида.

Ҳалокат юз берган куни ҳаво ҳарорати 40 даражага яқин эди. Демак, Аҳмадободда ҳаво зичлиги паст бўлди, бу эса ҳавога кўтарилиш учун ёпқичларнинг кенгроқ очилиши ва дивгателнинг юқори қувватини талаб қиларди, деди учувчилардан бири. Бундай шароитда созламалардаги кичик хатолик ҳам ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бошқа бир учувчининг сўзларига кўра, ёпқичларнинг етарли даражада очилмагани экипажни хавфли парвоз конфигурацияси ҳақида огоҳлантирувчи тизимни ишга туширган бўлар эди.

Собиқ учувчи Марко Чан сўзларига кўра, видеолавҳаларда ёпқичларнинг етарли даражада очилгани ёки йўқлиги кўринмайди. Бироқ у бундай хатолик «жуда ғайриоддий» бўлишини айтди.

«Ёпқичлар парвоздан олдин учувчилар томонидан ўрнатилади ва бу созламаларни текшириш учун бир нечта назорат рўйхати ва процедуралари мавжуд», деди у. «Агар улар тўғри ўрнатилмаган бўлса, бу инсон хатосини кўрсатиши мумкин».

Мавзуга оид