Ўзбекистоннинг Малдив Республикасидаги биринчи элчиси тайинланди
Сардор Рустамбоев мамлакат президенти Муҳаммад Муиззуга ишонч ёрлиқларини топширди.

Фото: Дунё
Ўзбекистоннинг Малдив Республикасига тайинланган биринчи элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида жойлашган) Сардор Рустамбоев мамлакат президенти Муҳаммад Муиззуга ишонч ёрлиқларини топширди.
Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Малдив ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ҳамда келажакдаги ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Президент Муҳаммад Муиззу Малдив Республикаси Ўзбекистон билан БМТ, ИҲТ, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида томонларни қизиқтирган масалалар, жумладан, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш ва минтақавий хавфсизлик бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Алоҳида эътибор туризм ва олий таълим йўналишида шерикликни ривожлантиришга қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида Мальдив Республикаси талабаларини ўқитиш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни очиш, виза режимини соддалаштириш ва қўшма саёҳат пакетларини ишлаб чиқиш имкониятларини кўриб чиқишга келишилди.
Томонлар олий ва юқори даражадаги ташрифлар ташкил қилиш, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакиллари делегациялари алмашинувини йўлга қўйиш юзасидан фикр билдирди.
Ўзбекистон ва Малдив Республикаси ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1994 йил 7 декабр куни ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг янги элчиси Сардор Рустамбоев Деҳлида 2024 йил январ ойида ўз фаолиятини бошлаган. Бундан олдин у Франция ва Португалиядаги дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилган.
Мавзуга оид

16:21 / 29.05.2025
Ўзбекистоннинг Иорданиядаги янги элчиси тайинланди

16:09 / 28.05.2025
Ўзбекистоннинг Португалиядаги янги элчиси тайинланди

15:01 / 28.05.2025
Таниқли журналист ва блогер Ўзбекистоннинг Кувайтдаги туризм элчиси этиб тайинланди

21:17 / 24.05.2025