Иқтисодиёт | 15:55 / 12.06.2025
2716
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Афғонистон имтиёзли савдо тўғрисида битим тузди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент инвестфорумига келган Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизийни қабул қилди. Форум доирасида икки мамлакат савдо-саноат вазирлари имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 июн куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизийни қабул қилди.

“Суҳбат аввалида вазир Ўзбекистон етакчисига Афғонистон раҳбариятининг самимий саломини етказди”, – дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, учрашувда савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика, энергетика ва аграр соҳаларда, шунингдек, геология-қидирув ва фойдали қазилмалар борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

“Ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ортмоқда, икки мамлакат компаниялари иштирокида бизнес ташрифлари ва кўргазмалар мунтазам ўтказилмоқда. Термиз шаҳрида Халқаро савдо маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг май ойида Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларида савдо уйлари очилди.

Ўзбекистон раҳбари иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, "Ҳайратон" саноат марказини тез фурсатда барпо этиш, у ерда фармацевтика, мебелсозлик, тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш қувватларини жойлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Трансафғон темир йўли ва "Сурхон – Пули-Хумри" электр узатиш линиясини қуриш каби йирик минтақавий инфратузилма лойиҳалари қўллаб-қувватланди”, – дейилади расмий релизда.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Тошкент инвестфоруми доирасида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий музокаралари ҳам бўлиб ўтди.

Унда Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамда 2025-2026-йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва саноат соҳаларида ҳамкорлик дастури имзоланган.

Мавзуга оид