Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дефицит қисқарган, газ ва олтин сотиш кўпайди – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи
2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон 355 млн долларлик газ экспорт қилиб, 572 млн долларлик импортни амалга оширди. Газ сотиш 50 фоизга ошган бўлса, сотиб олиш 30 фоизга камайган. Ҳисобот даврида 6,5 млрд долларлик олтин сотилди. Бу умумий экспортнинг қарийб 38 фоизини ташкил этади.
2025 йил январ-июн ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 37 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 5 млрд 123 млн долларга ёки 16,1 фоизга кўп.
Бунда экспорт ҳажми 16,88 млрд доллар (+29,1 фоиз), импорт ҳажми эса 20,13 млрд доллар (+7 фоиз) бўлган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 3 млрд 246 млн долларгача қисқарган.
Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Хитой (17,7 фоиз), Россия (16,3) Қозоғистон (6 фоиз), Туркия (3,6 фоиз) ва Жанубий Корея (2,3 фоиз) билан қайд этилган.
Дастлабки 6 ойликда йирик ҳамкор давлатлардан Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Туркманистон, Италия ва Литва билан савдо айланмаси миқдори қисқарган. Хитой, Афғонистон, Франция, Германия, Ҳиндистон, БАА каби давлатлар билан эса умумий савдо ҳажми сезиларли миқдорда ошган.
Экспорт
Ҳисобот даврида 6 млрд 492 млн долларлик (+54,8 фоиз) олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 38,4 фоизини ташкил этади. Шунингдек, экспорт таркибида саноат товарлари (10,9 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (7,2 фоиз), кимёвий воситалар (5,8 фоиз), минерал ёқилғилар (4,3 фоиз) ва турли хил тайёр буюмлар (4,1 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлган.
Ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия (12,1 фоиз), ХХР (5,4 фоиз), Қозоғистон (4 фоиз), Афғонистон (3,6 фоиз), Туркия (3 фоиз), Франция (2,9 фоиз), БАА (1,8 фоиз), Қирғиз Республикаси (1,6 фоиз) Тожикистон (1,4 фоиз) ва Покистон (1,1 фоиз) каби давлатлар бўлган. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 36,8 фоизни ташкил этади.
Январ-июн ойларида 355 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50,5 фоизга кўп. Бундан ташқари, 277 млн долларлик нефт ва нефт маҳсулотлари (-1,9 фоиз), 100 млн долларлик электр токи (+52,5 фоиз) экспорти ҳам амалга оширилган.
Ҳисобот даврида қарийб 136 млн долларлик автомобил ва унинг эҳтиёт қисмлари сотилган. Бу 2024 йилга нисбатан 18,9 фоизга кам.
Импорт
Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (32,9 фоиз), саноат товарлари (16 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,9 фоиз) ҳисобига тўғри келган. Умумий импортнинг 2/3 қисми 7 та давлатдан амалга оширилган:
- Хитой – 28,1 фоиз;
- Россия – 19,8 фоиз;
- Қозоғистон – 7,6 фоиз;
- Жанубий Корея – 4,1 фоиз;
- Туркия – 4,1 фоиз;
- Германия – 2,9 фоиз;
- Ҳиндистон – 2,7 фоиз.
Газ импорти ярим йилликни ҳисобга олганда қисқарган. Ҳисобот даврида 572 млн долларлик газ сотиб олинган, бу ўтган йилги кўрсаткичнинг 70 фоизини ташкил этади. Аммо биргина июн ойида 286 млн долларлик газ импорт қилинган. Бу январ-май ойларидаги умумий кўрсаткичдан ҳам кўпроқ.
Шунингдек, автомобил олиб кириш ҳам сезиларли даражада қисқариб кетган. Жумладан, январ-июн ойлари давомида 1 млрд 522 млн долларлик (-8,5 фоиз) машина импорт қилинган. Ўз навбатида, автомобиллар қисмлари ва анжомлари импорти 34 фоизга ошиб, 802 млн долларга етган.
Мавзуга оид

16:05 / 23.07.2025
Божни истеъмолчи тўламоқда. Ноқонуний импортга зарба iPhone нархларини оширди

18:37 / 12.07.2025
Импортда яна муаммо: Техник тартибга солиш агентлиги музлаткич ва совиткичларни Ўзбекистонга киргизмаяпти

15:21 / 12.07.2025
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 70 млрд долларга яқинлашди

15:47 / 07.07.2025