Иқтисодиёт | 15:34 / 10.06.2025
1701
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 50 млрд долларга етди

2025 йилнинг 1 июн ҳолатига Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 49,66 млрд долларга етди. Бу кузатувлар тарихидаги рекорд кўрсаткичдир. Захираларнинг кескин ошиши жаҳон бозорида олтин нархларининг қимматлашиши фонида юз беряпти.

Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 1 июн ҳолатига 49,66 млрд долларни ташкил этиб, 1 май ҳолатига нисбатан 410 млн долларга ошди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган ҳисоботда келтириб ўтилган. 

Кескин ўсиш кетма-кет бешинчи ой давом этяпти. Йил бошидан буён умумий ўсиш 8,48 млрд долларни (+20,6 фоиз) ташкил этиб, кузатувлар тарихидаги рекордлар бир неча бор янгиланди.

Ўтган ойда хорижий валютадаги захиралар 412 млн долларга ошди – 11,03 млрд доллардан 11,44 млрд долларгача. бу 2022 йил декабрь ойидан бери энг юқори кўрсаткичдир.

 Ўз навбатида захиралардаги олтиннинг физик ҳажми 11,46 млн троя унциядан 11,43 млн троя унциягача, қиймати эса 37,65 млрд доллардан 37,56 млрд долларгача камайган.

“Ўзбекистон Республикасининг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2025 йил май ойида 410,1 млн долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 3284,3 доллардан 3293,55 долларгача ошишининг таъсири 105,8 млн долларни ташкил этди”, дейилади МБ изоҳида.

Бундан ташқари, ўтган йилдан Марказий банк активларни диверсификация қилиш доирасида хорижий қимматли қоғозларни сотиб олишни ҳам бошлаганди. Апрел ойи якунига келиб захирадаги бундай қимматли қоғозлар ҳажми 706 млн долларга етган.

 

Мавзуга оид