Ер майдонларини 500 минг доллардан ортиқ маблағга сотмоқчи бўлганлар ушланди
Ҳудудларда ер майдонларини жами 500 минг АҚШ долларидан ортиқ маблағга ноқонуний сотмоқчи бўлган шахслар ушланди.

Фото: Видеодан кадр
Хива шаҳрида боғдорчилик йўналишида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари МЧЖнинг 19,9 гектар ер майдонини гўёки 30 гектар эканини айтиб, уни мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 120 минг АҚШ доллари ҳамда 80 сотих қисмида кўп қаватли турар жой биноси қуришга рухсат олиб бериш учун 60 минг АҚШ доллари, жами 180 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари талаб қилинган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Кадастр агентлигининг Қўқон шаҳар бўлими етакчи инспектори деҳқончиликка ихтисослашган фермер хўжаликка 2024 йилда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан 5,8 гектар суғориладиган ер майдони ажратилишида ва унда енгил типдаги иссиқхона ташкил этиши бўйича тегишли қарор чиқарилишида ёрдам берганини рўкач қилиб, ушбу масалани ҳал этишда кўмаклашган мансабдор танишларига пул маблағлари бериши кераклигини айтиб, фермер хўжаликнинг иш юритувчисидан 150 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда кадастр инспектори ушбу пул маблағини олган вақтида ушланди.
Тошкент вилоятида кузатилган ҳолатда Ангрен шаҳрида яшовчи, муқаддам бир неча маротаба судланган шахс шаҳар ҳудудида жойлашган ҳамда боғдорчиликка мўлжалланган 18 сотих ер майдонини ва унга туташ бўлган Оҳангарон ўрмон хўжалиги фондига қарашли 2 гектар ер майдонини 100 минг АҚШ долларига сотишини ҳамда 21 минг АҚШ доллари эвазига кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришини айтади.
Лекин, сўралган 121 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Бу каби қонунбузилиш ҳолати Сурхондарё вилоятида ҳам қайд этилиб, “Тўпаланг-Қоратоғ” Ирригация тизимлари бошқармасининг Тўпаланг гидроузели бўлими ходими Сариосиё тумани ҳудудидан кесиб ўтувчи дарё ва канал муҳофаза ер майдони бўлган 32 сотих ерни 73 500 АҚШ доллари эвазига шахсий мулк сифатида харидор номига расмийлаштириб беришини айтиб, 70 минг АҚШ доллари ва 39 млн сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид

17:38 / 05.06.2025
Тошкентда ўзини ИИВ мансабдори сифати таништириб, пул ундирмоқчи бўлган адвокат ушланди

10:45 / 04.06.2025
Фуқароларни ноқонуний йўллар билан Ҳажга юбормоқчи бўлганларга жиноят иши қўзғатилди

20:39 / 29.05.2025
ДХХ раиси Ўзбекистонда дрон учириш бўйича федерация тузилишини айтди

09:20 / 29.05.2025