Жамият | 10:14
5287
3 дақиқада ўқилади

Наманганда Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бош мутахассиси ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан коррупцияга оид бир қатор ноқонуний ҳолатлар аниқланди.

Фото: ДХХ

Наманган вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси қўлга олинди.

У суд тизимидаги танишлари орқали жорий йилнинг январ ойида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумнинг ишини судда қайта кўриб чиқиш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони тайинлаш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИЖҚК департаменти ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда бош мутахассис олдиндан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди. 

Мазкур мутахассис фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун  муқаддам бир неча маротаба судланган. 

Наманган вилоятида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда, мол-мулкларни баҳолаш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари солиқ органларидаги мансабдор танишлари орқали тадбиркорга тегишли бўлган МЧЖнинг 783 млн сўмлик  солиқ қарздорлигини 141 млн сўмгача камайтириб бериш эвазига 4400 АҚШ доллари олган вақтида жиноят устида қўлга олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мансабдор таниши ҳисобланган Наманган вилояти солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи ҳам 4400 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ушланди.

Пойтахтда қайд этилган ҳолатда, Миробод туман ҳокимлиги Ижтимоий мослаштириш маркази раҳбари ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик паспортини расмийлаштириш ҳамда доимий рўйхатга қўйдириб бериш эвазига 1200 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Қашқадарё вилоятида кузатилган қонунбузилиш ҳолатида, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими давлат ижрочиси ўз иш юритувида бўлган, жавобгар фуқаронинг қарийб 70 млн сўмлик қарздорлигини ундириш учун унинг автотранспорт воситасига қўйилган тақиқни ечиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган. 

Ўтказилган тезкор тадбир натижада, давлат ижрочиси талаб қилинган пул маблағини Қарши туманидаги фермер хўжалик раҳбари воситачилигида пора сифатида олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид