Жаҳон | 22:12 / 05.06.2025
4620
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда сарой биноси остидан яширин кутубхона топилди

У ерда 50 мингдан ортиқ ноёб китоблар жамланмаси сақланган. Китобларнинг айримлари яхши ҳолатда сақланган.

Фото: Times of India

Ҳиндистоннинг Тикамгар шаҳридан 50 минг ноёб китоблар жамланмасига эга ерости кутубхонаси топилди, деб хабар беради Times of India.

Яширин кутубхона Маҳендра Сагар кўли яқинида жойлашган, бир вақтлар сарой бўлган, ҳозирда эса коллеж вазифасини бажараётган Тал Котидан топилган. Уни ҳудуднинг солиқ инспектори лавозимига тайинланган Вивек Кшотрия аниқлаган. У болаликда бобоси ва бувисидан эшитган ерости хазиналари ҳақидаги ҳикояларини хотирлаб, буни текшириб кўришга қарор қилган. Саройни кўздан кечирган амалдор бино остидаги ёпиқ эшикни очишни буюрган.

Натижада, еростидан китоблар ва қўлёзмаларга тўла кутубхона топилган. Уларнинг айримлари яхши сақланган, баъзиларига эса шикаст етган. Топилмалар орасида рассом Феликс Тополскийнинг ноёб нашри — «Гандининг чизмалари», Ҳиндистон князликлари тарихи бўйича китоблар ва санскрит тилидаги ноёб матнлар бор. Китобларнинг аксарияти Орчха президент кутубхонасининг муҳрига эга.

«Қадимий, аллақачон унутилган тиллардаги матнлар тарихий тавсифлар, илмий рисолалар ва шеърият жилдлари орасида ётарди. Баъзи китоблар чарм муқовада, бошқалари эса юпқа ипакда бўлиб, уларнинг саҳифалари вақт ўтиши билан сарғайган бўлсада, айрим жойларини ҳануз ўқиш мумкин эди. Кўзларимга ишонолмай қолдим», — дейди Кшотрия.

Кутубхона бешта қаватни эгаллади. Авваллари у коллеж талабалари учун очиқ бўлган, аммо 20 йиллар олдин собиқ кутубхоначи иштирокидаги можаро сабаб ёпилган.

Шикастланган китоблар бутун мамлакат бўйлаб мутахассисларга топширилган. Олимлар жамоаси барча китобларни каталоглаштиришга киришган. Энди амалдор ушбу кутубхонани маданий марказга айлантириш ниятида. Унинг сўзларига кўра, кутубхона олимлар, тарихчилар ва туристларни ўзига жалб этадиган масканга айланиши мумкин.

Мавзуга оид