Жаҳон | 19:30 / 13.07.2025
12298
7 дақиқада ўқилади

Air India Boeing 787 ҳалокати бўйича дастлабки ҳисоботни эълон қилди

Дастлабки маълумотларга кўра, июн ойида 260 кишининг ҳаётига зомин бўлган Air India самолёти ҳалокатга учрашидан бироз олдин учувчилар кабинасида ғайритабиий вазият юзага келган: бортда двигател ёқилғисини узиш тугмалари деярли бир вақтнинг ўзида ишга тушиб, двигателларга ёқилғи етиб бориши тўхтаган.

Ҳалокат жойи. Фото: EPA

Ҳиндистон ҳукумати Air India авиакомпаниясининг Аҳмадобод шаҳридан Лондонга парвоз қилган ва ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қулаган Boeing 787 Dreamliner самолёти ҳалокати бўйича терговнинг дастлабки хулосаларини эълон қилди.

Ҳисоботда айтилишича, самолёт дарҳол тортиш кучини йўқотиб, пастлай бошлаган, учувчилар эса двигателларга ёқилғи узатиш тумблери ўчириб қўйилгани ҳақида гаплашишган.

Ҳалокат ва унга оид расмий маълумотлар бир ой давомида эълон қилинмагани турли тахминлар пайдо бўлишига олиб келди. Мутахассисларнинг форумларида (уларда амалдаги ва собиқ учувчилар ҳамда авиация муҳандислари иштирок этади) қуйидаги версиялар муҳокама қилинган:

  1. Учувчилар тасодифан (балки шассини йиғаман деб) самолёт қанотидаги ортқанотча (закрилка) ва олдқанотча (передкрилка)ларни учишдаги 5 позициядан 0 позицияга – яъни, круиз парвози учун мўлжалланган ҳолатга – ўтказиб юборган бўлиши мумкин. Ортқанотчалар паст тезликда (учиш ва қўниш пайтида) қанот кўтарувчи кучни ошириш учун ишлатилади. Қанот юзаси қисқариши паст тезликда кўтарувчи кучни камайтириб, самолёт қулашига олиб келган бўлиши мумкин, деб ҳисоблашди ушбу версия муаллифлари.
  2. Номаълум сабабларга кўра ҳар икки двигател ишдан чиққан. Бу жуда кам учрайдиган ҳолат бўлиб, муҳокамаларда бундай носозликнинг эҳтимолий сабаблари келтирилди – двигателга катта қушлар галаси урилиши (энг кенг тарқалган сабаб), ёыилғининг сув, буғ ёки бошқа модда билан ифлосланиши каби омиллар назарда тутилди.
  3. Двигателларни бошқарувчи мустақил рақамли тизим (FADEC – Full Authority Digital Engine Control) нотўғри ишлаган, натижада двигателлар ўчирилган бўлиши мумкин.
  4. Пилотлар томонидан ёнилғи етказиб беришнинг қасддан ёки ҳатто ёвуз мақсадда ўчирилиши.

BBC мухбири Тео Леггетнинг хабар беришича, тергов экипажнинг ҳаракатларига қаратилган.

Ҳиндистоннинг Авиация ҳодисаларини текшириш бюросининг 15 саҳифали ҳисоботида айтилишича, иккала ёқилғи узгичи ҳам парвоздан кўп ўтмай «run» (яъни «иш») ҳолатидан «cut-off«» (яъни «ўчирилган») ҳолатига келтирилган.

Одатда бу тумблерлар самолёт ерда бўлганда двигателларни ишга тушириш ва тўхтатиш учун ишлатилади. Двигателларга ёқилғи бериш тўсиб қўйилгани сабабли, улар торта олмай қолади.

Двигателлар самолётнинг барча тизимларига электр энергияси ва гидравлик босим етказиб беради. Бироқ захира тизимлар ҳам бор ва улар муваффақиятли ишга тушган: лайнернинг компютер тизимлари алгоритм бўйича аввал фавқулодда турбина (RAT – ҳаво оқимида айланиб, шошилинч энергия ишлаб чиқарадиган «винт»)ни, кейин эса ёрдамчи куч қурилмасини ёққан. Бу тизим электр билан тўлиқ таъминлайди, аммо парвозни давом эттириш учун тортувчи куч бермайди.

Ҳисобот муаллифлари ёзишича, носозлик маълум бўлганидан бир неча сония ўтиб учувчилардан бири иккинчисига шундай деб мурожаат қилган: «Нега двигателларни ўчирдинг?» Иккинчиси жавоб берган: «Мен бундай қилмадим».

Ҳисоботда учувчилардан ким савол бергани ва ким жавоб қайтарганига аниқлик киритилмаган. Самолётни иккинчи учувчи бошқарган, командир эса назоратчи учувчи (pilot monitoring) вазифасини бажарган.

Бу суҳбатдан кейин двигателлардан бирига ёқилғи бериш тугмаси яна «run» ҳолатига ўтган. Тўрт сониядан сўнг иккинчиси ҳам «ёқилган».

Кейинги бир неча сонияда автоматик бошқарув тизими (FADEC) двигателларни кетма-кет қайта ишга туширишга уринган. Ҳисоботда айтилишича, самолёт қулаётганида биринчиси айланишни бошлаган, иккинчиси эса улгурмаган. Паст айланишда ишлаётган ягона двигателнинг интилувчи кучи пасайишни тўхтатиш учун етарли бўлмаган.

Ҳисобот муҳим ёқилғи узгичларининг жойлашуви бўйича янги саволларни қўяди, бироқ Boeing ва самолёт двигателлари ишлаб чиқарувчиси ҳалокат учун ҳеч қандай яққол жавобгар эмаслиги тахмин қилинмоқда, деб таъкидлайди Reuters.

Тадқиқот муаллифлари таъкидлашича, улар ишни давом эттирмоқда, шунинг учун ҳалокат сабаблари ҳақида якуний хулосалар чиқаришга ҳали эрта.

«Текширувнинг ушбу босқичида биз B787-8 (яъни Boeing 787 Dreamliner самолёти) ва/ёки GE GEnx-1B двигателлари операторлари ва ишлаб чиқарувчиларига ҳеч қандай ҳаракатларни тавсия эта олмаймиз. Бу самолёт ёки унинг двигателларида жиддий носозликлар аниқланмаганини англатади», – дейилади текширувда.

Капитан Сумит Сабҳарвал ва иккинчи учувчи Клайв Кундар бошқарувидаги Лондоннинг Гэтвик аэропортига AI171 рейсини амалга оширган самолёт 12 июн, пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 13:39 да Ҳиндистон ғарбидаги Аҳмадобод шаҳридан ҳавога кўтарилганди.

Лайнер ҳавога кўтарилганидан 40 сониядан камроқ вақт ўтгач қулаган.

260 киши, жумладан, бортдаги 241 киши (бир йўловчи тирик қолишга муваффақ бўлган), шунингдек, ердаги одамлар ҳалок бўлган.

Air India самолётининг командири 56 ёшли Сумит Сабҳарвал бўлиб, у жами 15 638 соат парвоз қилган, Ҳиндистон ҳукумати маълумотларига кўра, у Air India компанияси инструктори ҳам эди. Иккинчи учувчи 32 ёшли Клайв Кундер бўлиб, у жами 3 403 соат парвоз қилганди.

Дастлабки ҳисоботда қандай қилиб тумблерлар парвоз пайтида «cut-off» ҳолатига ўтиши мумкинлиги тушунтирилмаган. Авиация хавфсизлиги бўйича америкалик экспертлар таъкидлашича, учувчи тасодифан ёқилғи таъминоти қайта улагичларини алмаштира олмаган, деб ёзади Reuters.

«Cut-off» ҳолатига ўтиш бир зумда двигателларни ўчиради. Кўпинча бундай алмаштиришга самолёт қўнгандан кейин, шунингдек, баъзи фавқулодда вазиятларда – масалан, двигателда ёнғин чиқанда қўл урилади.

Америкалик эксперт Энтони Брикҳауснинг фикрича, асосий савол нима учун переключателлар бу тарзда алмаштирилганида: «Улар ўз-ўзидан силжиганми ёки учувчиларнинг хоҳиши биланми? Агар улар учувчининг хоҳиши билан алмаштирилган бўлса, нима учун?»

Air India авиакомпанияси Ҳиндистон расмийлари билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилиб, бошқа изоҳ беришдан бош тортган. Boeing ва авиадвигателлар ишлаб чиқарувчи GE Aerospace сўровларга жавоб бермаган.

Мавзуга оид