Жаҳон | 10:01 / 03.06.2025
1816
2 дақиқада ўқилади

ПСЖ ғалабасидан кейин тартибсизликлар: Парижда яна 79 киши ушланди

"Пари Сен-Жермен"нинг Чемпионлар лигасидаги ғалабасидан сўнг Елисей майдони ва «Парк де Пренс» стадионидаги байрам тадбирлари атрофида яна тартибсизликлар рўй берди. Франция пойтахтида 79 киши қўлга олинди.

Фото: Aurelien Morissard/AP

Париждаги Елисей майдонларида УЕФА Чемпионлар лигаси ғолиби – «Пари Сен-Жермен» (ПСЖ) футбол клуби шарафига ўтказилган парад, шунингдек, клубнинг уй стадиони «Парк де Пренс» стадионида мухлисларнинг ғалабани нишонлаши вақтида яна тартибсизликлар содир бўлди, деб хабар берди dpa агентлиги 2 июн, душанба куни. Шу билан бирга, 1 июн оқшомида ва 2 июнга ўтар кечаси 79 киши қўлга олинди, дейилади нашрда.

Париж полицияси префекти Лоран Нунез RTLрадиоси орқали Елисей майдонларида 100 000 дан ортиқ одамни тўплаган парад ҳамда кубокнинг «Парк де Пренс» стадионида тақдим этилганидан сўнг содир бўлган янги воқеалардан афсусда эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, қўлга олинганлар «ПСЖ»нинг ҳақиқий мухлислари эмас.

Нунезнинг сўзларига кўра, 2 июнга ўтар кечаси тартибсизликлар иштирокчилари шаҳар автострадаларига синган тўсиқларни улоқтирган ва ПСЖнинг уй стадиони – «Парк де Пренс» яқинидаги Париж айланма йўлини 15 дақиқага тўсиб қўйган. Бундан ташқари, ҳужумчилар гуруҳлари петардалар улоқтириб, Елисей майдонларидаги дўконларни бузишга ҳаракат қилган, дея қўшимча қилди полиция префекти.

Мавзуга оид