Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энрике ўйиндан кейинги жанжалга аралашди ва рақиб футболчисини уриб йиқитди
Парижликлар финалдаги мағлубиятга чидолмади.

2025 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати можаро билан якунланди. «Челси» финалда кутилмаганда «ПСЖ»ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва бош совринни ўзиники қилди. Ўйин якунланганидан кейин икки жамоа футболчилари бир-бирига қўл бериш ўрнига оммавий жанжал уюштиришди.
Ўйин олдидан аутсайдер сифатида қаралган «Челси» илк дақиқалардан катта куч билан олдинга ташланди ва кетма-кет хафвли вазиятларга эга бўлди. Турнир давомида Диего Симеоненинг «Атлетико»си, Месси етакчилигидаги «Интер Майами» ва Ҳаби Алонсо бошқарувида янги даврга кирган «Реал»ни бир хилда 4:0 ҳисобида ер тишлатган «ПСЖ» эса ўзига ўхшамади.
Жорий мавсум учун «Олтин тўп»ни қўлга киритишга асосий номзод сифатида қаралаётган Усмон Дембеле навбатдаги ёрқин ўйинини намойиш этиши кутилганди, лекин бу оқшом лондонликлар етакчиси Коул Палмерга аталди. У аввалига саккиз дақиқа ичида эгизак голлар урди, бироз ўтиб Жоау Педрини голли узатма билан таъминлади.
Воқеалар ривожи кутилмаган сценарийда кетиши «ПСЖ» футболчиларини издан чиқариб юборди. Ушбу жамоа футболчилари иккинчи бўлимда жуда қўпол ўйнай бошлашди. Айниқса яримҳимоячи Жоау Невеш бу борада ажралиб турди. У ўзи учун қурбон сифатида «Челси» ҳимоячиси Марк Кукуреляни танлади. Аввалига португалиялик футболчи ҳужумда муваффақиятли пас беролмагач, испаниялик ҳимоячини уриб кетди. Кукуреля газонга йиқилиб, жиддий жароҳат олгандек томоша кўрсатди. Невеш уни турғазиб қўйишга уринди, аммо жабрланувчи бунга унамади, рақиб нари кетганидан кейин эса ҳеч нарса бўлмагандек ўрнидан туриб ўйинни давом эттирди.
Бу ҳолат табиийки Невешга умуман ёқмади. Бир неча дақиқа ўтиб Жоау оддий эпизодда Кукуреляни айёрлиги учун жазолашга қарор қилиб, унинг сочларидан тортиб йиқитди.
Ўйин бош ҳаками Алиризо Фағоний видеотакрордан кейин «ПСЖ» яримҳимоячиси майдондан четлатди.
Кейин эса иккинчи бўлимда ўйинга қўшилган «ПСЖ» форварди Гонсалу Рамуш ҳам «Челси» ҳужумчиси Лиам Делапга нисбатан ўта қўпол ҳаракат қилди. Бу вақтда ўйин якунига кўп қолмаган ва амалда парижликларнинг ўйинни қутқариб қолишга имкони йўқ эди. Мағлубиятга чидай олмаган французлар хунук ҳаракатлардан ўзини тия олмади.
Бу ҳали ҳаммаси эмасди. Ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштак чалинганидан кейин лондонликлар ғалабани истагандек нишонлай олишмади.
Жанжал парижликлар дарвозабони Жанлуиджи Доннарумма лондонликлар ҳужумчиси Жоао Педро билан тортишувидан бошланди. Кейин вазиятга «ПСЖ» ҳимоячиси Нуну Мендеш қўшилди. Французлар бош мураббийи Луис Энрике ҳам воқеа жойига етиб келди ва рақиб футболчисини ўз футболчиларидан узоқлаштиришга киришди.
Лекин у бу паллада ўзини ўта тажовузкор тутди ва «Челси» форвардининг бўйин соҳасига кетма-кет зарбалар йўллади, футболчи эса газонга йиқилиб қолди.
Шундан кейин жанжал кўлами катталашди ва «Челси» мураббийи Энцо Мареска ҳам воқеа жойига етиб келди. У ватандоши Доннаруммани нари олиб кетди.
Парижликлар ҳимоячиси Преснелю Кимпембе эса устозини маҳкам ушлаб олди.
Якунда хавфсизлик хизмати ходимлари футболчиларни ажратишга муваффақ бўлишди.
Ўйиндан кейин «ПСЖ» устози «фақат футболчиларни ажратмоқчи бўлгани, вазият янада ёмонлашишини истамагани»ни айтиб ўтди.
Жоао Педро эса кескинроқ баёнот берди: «Мен «ПСЖ» футболчилари қуршовида қолган Андрей Сантосни ҳимоя қилиш учун бордим. Ҳақиқий бразилиялик сифатида жамоадошимни ҳимоя қилмоқчи эдим. У ерда эса одам кўпайиб кетди ва талатўпда мени туртиб юборишди. Бундай ҳолатлар ўйиннинг бир қисми. Менимча, улар ютқазишни билишмайди, аммо бу ҳам футболнинг бир қисми. Энди ғалабани нишонлаймиз».
Нега бундай бўлди?
«ПСЖ» йилни ажойиб ўтказди — жамоа одатдагидек Франциядаги барча совринларни (чемпионат, кубок ва Суперкубок) қўлга киритишдан ташқари ўз тарихида илк бор Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди. Картина тўлиқ бўлиши учун фақат клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги ғолиблик қолганди — аммо парижликлар бунинг ўрнига финалда йирик ҳисобда ютқазди.
«ПСЖ» футболчилари мағлубиятни ҳазм қила олишмади. Натижада Луис Энрике жамоаси мавсум давомидаги кам сонли мағлубиятларидан бирини жанжалга айлантиришди ва ўзи ҳақидаги таассуротга доғ туширди.
Бу Энрике учун фаолиятида илк бор финалда ютқазиши бўлди, у бунгача 12 финалда ғалаба қозонганди. Унинг ҳаракати изсиз кетмаслиги тайин. Франциядаги L`Equipe газетаси ФИФА турнир имижи ҳақида қаттиқ қайғуриши ва шу сабабли Энрике ўзининг ёмон хулқи учун «тегишли тартибда жазоланиши» кутилаётганини ёзган.
Мавзуга оид

02:13
«Челси» финалда даҳшатли «ПСЖ»ни йирик ҳисобда енгди

17:41 / 13.07.2025
Ёзнинг асосий ўйини: «ПСЖ» ва «Челси» клублар мундиали финалида тўқнашади

08:07 / 10.07.2025
«ПСЖ» «Реал»га ҳам ҳеч қандай имкон қолдирмади

09:30 / 06.07.2025