Жаҳон | 23:21 / 03.06.2025
1838
2 дақиқада ўқилади

НАТО Европа давлатларидан ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини беш баравар кучайтиришни сўрайди

Шимолий Атлантика алянси шу орқали «Россия тажовузи таҳдидига» жавобан «муҳим бўшлиқни» тўлдириш ниятида.

Фото: Getty images

Шимолий Атлантика алянси Европа давлатларидан ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини беш баравар кўпайтиришни талаб қилади. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, НАТО шу орқали «Россия тажовузи таҳдидига» жавобан «муҳим бўшлиқни» тўлдириш ниятида.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимларини беш баравар кучайтириш масаласи НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг 5 июн куни Брюсселда бўлиб ўтадиган учрашувида муҳокама қилинади.

НАТОга кўра, ҲҲМ имкониятларини ошириш алянснинг европалик аъзоларини умумий мақсади бўлади, аммо ҳар бир давлат учун бу борадаги кўрсаткичлар бир-биридан фарқ қилади. НАТО қанча муддат давомида ушбу тизимни кучайтиришни режалаштираётгани номаълум.

Европалик юқори мартабали ҳарбий амалдорнинг сўзларига кўра, НАТО аъзолари «тобора такомиллашиб бораётган дронлар, ракеталар ва қирувчи самолётлар каби таҳдидлардан ҳимоя қилувчи ер усти ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини кучайтиришга жиддий эҳтиёж сезмоқда».

«Биз на уруш ва на тинчлик ҳолатидамиз. Ва биз тийиб туриш ва мудофаамизни мустаҳкамлашни давом этишимиз керак — бу тўлиқ жанговар шайликни англатади», — дейди алянс бош котиби Марк Рютте 2 июн куни Вилнюсда ўтказилган саммитда.

Олдинроқ НАТО алянс мудофааси учун Германиядан яна еттита бригада, яъни 40 мингга яқин ҳарбий хизматчи сўрамоқчи эканлиги тўғрисида хабар берилганди.

Россия—Украина уруши бошланганидан бери НАТО давлатлари ўзларининг мудофаа харажатларини сезиларли даражада оширди. Аммо улар ҳозирга қадар бу борадаги кўрсаткичларни АҚШ президенти Доналд Трамп талаб қилганидек ЯИМнинг 5 фоизига қадар етказмади.

Мавзуга оид