Ўзбекистон | 16:58 / 03.06.2025
9092
4 дақиқада ўқилади

Жоним-у қоним бешлик

Беш қардош халқ асрлар давомида ёнма-ён яшаб, бир ариқдан сув ичиб келган. Аммо тақдир тақозоси билан юрт миллий республикаларга бўлинди, чегаралар тортилди. Эндиликда аслида бир оила эканимизни англай бошладик.

Фото: Envato

Журналист Шокир Шарипов яқинда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – 2050: барқарорлик ва умумий фаровонлик сари йўл” мавзусидаги биринчи минтақавий форсайт-семинаридаги иштирокидан кейинги таассурот ва ҳислари билан бўлишади.

Ватан туйғусини тушунтириш қийин – тушунтиришдан юқорироқ турадиган, келиб чиқиш нуқтаси мутлақо сирли ҳис у. Балки қачонлардир инсоният космосга чиқади-ю, унинг сирини узоқ галактикадан топиб олади...

“Марказий Осиё” деб айтаётганимиз заминда асрлар давомида тўқилган кўпмиллатли “мато” – уникал маданий марварид – ўзимизнинг-да англовимизга муҳтож. Ажиб чолғунинг торлари бўлиб келган миллат-у элатлар яратган куй асрлар оша чор-атрофга таралиб келган, бебаҳо кашфиётларга омил бўлган.

Бемисл нақшли бу “мато” бошқа ҳеч қачон аслига қайтмаслиги учун бўлакларга йиртилди. Юртни қайчилаганларга бу симфония асло керакмасди.

Кўплаб миллатлар миллат эканини-да англамай, қўшилиб-аралашиб, ёнма-ён яшаб келган юрт бу. Бирмиллатли ўлкалардан фарқли, унинг замирида ўша – ҳозирда “толерантлик” деб аталмиш матоҳнинг асли мужассам эди.

Ким билсин, балки айнан шунга ҳасад қилароқ у – заминимиз – чавақлаб ташланди, миллат ажратиш нималигини билмаган элга “сен фалон миллатсан” деб, кенг дунёси торайтирилди, катта қалби кичрайтирилди.

Куни кеча бир тадбирда қатнашдим. Беш миллат вакиллари йиғилиб, Марказий Осиё 2050 йилгача қандай ўзгариши мумкинлиги, аниқроғи, ҳамкорлиг-у ислоҳотлар йўлида керакли ишлар қилинса, бизни қай келажак қарши олади-ю, қилинмаса нима бўлади – шулар ҳақида фикр юритдик.

Тўрт гуруҳга бўлиндик, тўрт соҳа бўйича келажак режалари устида ишлаш учун. Мен “сув ва иқлим” гуруҳига қўшилдим. Ўзгариб бораётган иқлим, камайиб бораётган сув шароитида нима қилиш лозимлиги борасида давлат раҳбарлари учрашадиган куни уларнинг олдига қўйиладиган таклифларни туздик. Биздан бошқа уч гуруҳ ҳам ўз таклифларини тузди. Кейин йиғилиб, барча тўрт гуруҳнинг таклифлари асосида умум таклифларни жамладик.

Энди муддаога ўтаман. Семинар охирида якуний сўзни айтиш сўралди. Мен тадбир давомида қалбимда ҳосил бўлган ҳис ҳақида айтгим келди, микрофонни олиб: “Мен ўзимни кўпдан бери кўрмаган қариндошларимни кўриб тургандек ҳис қиляпман”, дедим. Бу муболаға эмас, бор гап эди, мен беш халқ вакиллари ичида туриб, уларни ягона оиладек яққол ҳис қилдим, ўзимни бу оила аъзоси деб ҳис қилдим.

Мендек – юртларни кезмаган, бу замин элатларининг тузларини тотмаган, тупроқларни оёқлари билан тўзитмаган одамнинг қалбида қандай қилиб бу ҳис пайдо бўлиши мумкин? Қандай қилиб ақл тушунтириб бериши мумкин бўлган бирон-бир сабабсиз, мантиқ “келиштириб” берадиган бирон-бир омилсиз инсоннинг қалби минг йилни, минглаб йилларни сеза олади?..

Қандай қилиб атиги ярим аср аввал дунёга келган инсоннинг бир аъзоси кўҳна тоғларгина билиб, гапиролмай ичида сақлаб келаётган залворли тарих сасини-ю юкини ҳис қила олади?

Ҳисни ўзга билан бўлишиш қийин иш, мен уриндим. Ишонаманки, бу кўҳна юртда яшаётган халқларни ягона оила каби ҳис қилмоқ барчамизга хос, уни шундай кўриш – барчамизнинг қалбимиз тубида ётган мужда. Тоғлар билганни қалбимиз сезиши... бежиз эмас.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид