Жаҳон | 23:21 / 03.07.2025
2933
6 дақиқада ўқилади

“Тасодифий, лекин яхши контекст” — экспертлар Озарбойжонга ташрифнинг геосиёсий аҳамияти ҳақида

Ўзбекистон президентининг Озарбойжонга давлат ташрифи Боку–Москва муносабатлари анча таранглашган кунларга тўғри келиб қолгани, гарчи тасодиф бўлса-да, туркий бирликни урғуловчи яхши сигнал бўлди, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов. Иқтисодчи Шуҳрат Расул икки давлат ўртасида иқтисодий ҳамкорлик учун жуда катта потенциал ва халқаро платформалар борлигини қайд этди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастури 3 июл кунги сонида, глобал майдондаги сўнгги воқеликлар таҳлил қилинди. Аввалига экспертлар президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбойжонга давлат ташрифи асносида Тошкент–Боку иттифоқчилиги ҳақида сўз юритди.

Камолиддин Раббимов: Аввало, расмий Тошкентнинг ташқи сиёсий ва геосиёсий муносабатларида Ўзбекистон-Озарбойжон алоқаларининг ўрнини аниқлашимиз керак. Ўзбекистон мустақил бўлгандан сўнг, яъни ўтган 34 йил мобайнида бор-йўғи тўртта давлат билан иттифоқчилик муносабатларини шакллантирди.

Биринчи маъмурият даврида фақат битта давлат – Россия билан, 2006 йилда иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач эса, биз билан минтақавий ёки ўзлик жиҳатдан тарихан боғлиқ бўлган учта давлат билан қисқа муддатда иттифоқчилик муносабатларини ўрнатди.

2022 йилнинг февралида Россия Украинага бостириб кирди, шу йилнинг декабрига бориб Ўзбекистон ва Қозоғистон иттифоқчи давлатлар бўлди. 2023 йилда биз иккита давлат билан иттифоқчилик муносабатларини ўрнатдик: булар Тожикистон ва Озарбойжон. Яъни Озарбойжон – Ўзбекистоннинг тўртта иттифоқчисидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг биринчи иттифоқчиси бўлган Россия билан имзоланган шартнома – мураккаб, зиддиятли сиёсий ва геосиёсий контекстда, мажбуран тузилган эди. Лекин қолган учта давлат Ўзбекистоннинг табиий иттифоқчилари: ўзлик нуқтайи назаридан, тарихий бирлик нуқтайи назаридан, тил бирлиги нуқтайи назаридан. Уларнинг учаласи ҳам – мусулмон давлатлари, бевосита ёки билвосита қўшни давлатлар.

Озарбойжон билан ўзаро чегарамиз йўқ, лекин тарихий боғлиқлигимиз жудаям кучли. Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида, ҳозирги замонда талқин қилиб содда шаклда айтадиган бўлсак, ўзбекистонлик йигит Фарҳод озарбойжонлик қиз Ширинни ёқтириб қолади. Шундан ҳам иккита катта миллатнинг тарихий боғлиқлигини кўриш мумкин.

Президент Мирзиёевнинг Озарбойжонга шу кунларда бориши бир неча ой олдин белгилаб қўйилган эди. Давлат ташрифлари анча аввалдан, пухта режалаштирилади. Ташриф Бокунинг Москва билан муносабатлари анча таранглашган кунларга тўғри келиб қолгани, гарчи тасодиф бўлса-да, яхши бир контекст ва сигнал деб ўйлайман.

Икки давлат ўртасида ҳам сиёсий элиталар, ҳам жамиятлар ўртасида яқин муносабатлар реал шаклланяпти. Кеча Озарбойжон президенти Илҳом Алиев: “Қорабоғ қайтариб олингандан кейин, ҳудудга биринчи ташқи дунёдан келган лидер Ўзбекистон президенти бўлди”, деди. 2023 йилда Шавкат Мирзиёев Қорабоғдаги Фузулий шаҳрига борганида, Мирзо Улуғбек номидаги катта бир мактаб очиб берилган эди. Бу мактаб Ўзбекистон халқининг Озарбойжон халқига совғаси бўлганди.

Озарбойжон НАТОга интилаётгани йўқ, минтақада Россияга қарши у ёки бу лойиҳаларни амалга ошираётгани йўқ. Боку ва Москва ўртасида сўнгги ярим йилда кузатилаётган таранглик учун масъулият Россия тарафида. Чунки ўтган йили декабрда Озарбойжон фуқаролик самолёти уриб туширилгани учун Россия томони ҳалигача кечирим сўрамади, бу ишни ёпди-ёпди қиляпти. Ҳатто Озарбойжоннинг ўзини айблашга ҳаракатлар ҳам бўлди.

Россия шунақа давлатки, кимдир унга “мана буни хато қилдинг” деса, жаҳли чиқиб кетади ва носоғлом жавоб қайтаради. Масалан, Америка, Англия, Франция ёки Япония ҳам қудратли давлатлар, лекин улар муаммо юзага келганда, рационал йўл тутади. Муаммони шундай ҳал қиладики, ўзининг таъсири ва манфаатларини аксинча кучайтириб олишга ҳам эришади.

Шуҳрат Расул: Озарбойжон – бизга қардош давлат. Лекин иқтисодий муносабатларимиз бор имкониятлар даражасида эмас ва бунинг асосий сабаби – география. Марказий Осиё билан боғланиш учун ўртамизда бутунбошли Каспий денгизи бор. 2023 йилни таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги савдо айланмаси 253 млн доллар бўлган холос. Озарбойжон – Ўзбекистоннинг топ-10 савдо ҳамкорлари қаторига кирмайди. Лекин икки давлат раҳбарлари учрашувида савдо айланмасини 2030 йилгача 1 млрд долларлик маррага етказиш режалаштирилди.

Айнан географик тўсиқни бартараф этиш устида ишланяпти. Каспий атрофида бизнинг мақсадларимизга ҳам кўмак берувчи иккита лойиҳа бор: Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” лойиҳаси ва Евроиттифоқнинг Марказий Осиёни Европага боғловчи “Global Gateway” лойиҳаси. Марказий Осиё давлатларининг Европа ва Шимолий Африка билан савдо алоқалари Озарбойжон орқали ўтади. Умуман, Озарбойжон келажакда Евросиёдаги энг йирик қуруқлик ҳабига айланмоқчи бўляпти ва биз бу маънода қардошларимизга қўйган мақсадларига эришишда тилакдошмиз. Бундан, албатта, Ўзбекистон ҳам фойдаланиши мумкин.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да батафсил томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид