Темирйўл музейида овқатланиш шохобчаси ва аттракционлар очилгани танқидларга сабаб бўлди
Тошкент темирйўл техника музейи экспонатида овқатланиш шохобчаси очилди. Музейдаги айрим жойлар ижарага берилиб, босқичма-босқич бошқа локомотивлар ҳам шундай қилиниши, ҳудуд кўнгилочар масканга айланиши кутилмоқда. Расмийлар бу орқали музейга кўпроқ одам келишидан умидвор, жамоат фаоллари эса бундан норози.

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида жойлашган Темирйўллар техника музейидаги поезд вагонларидан бирида “Сосискахона бекати” номли овқатланиш шохобчаси очилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Айрим фаоллар шохобча номига, айримлари эса музей экспонатида бундай жой ташкил қилинганига эътирозларини билдириб, пост жойлашди.
Хусусан, журналист Муҳрим Аъзамхўжаев музей экспонатларини “сосискахона”га айлантиришни кескин қоралаган. У музейлар даромад келтириши учун аттракционли боғ ёки ёки сосискахона-ю ресторанларга айлантирилиши шартмаслигини ёзган.
“Бошланишига ҳар бир экспонат ҳақида кўпроқ, қизиқроқ ахборот стендларини қўйиб чиқиш мумкин, балки интерфаолроқ нимадир қилса ҳам бўлар. Вокзаллар, станциялар, умуман темирйўл фаолиятини юқоридан кўриб, тушунишга ёрдам берадиган миниатюра шаҳарча қуриш мумкиндир.
Ўзбекистон темирйўлларининг эски вагонларини — у трамвайники бўладими, метроники бўладими ёки поездники, фарқи йўқ — “сўйиб ташламай”, шу музейга йиғаверса ҳам музей янада қизиқарли бўларди. Масалан, жуда кўпчилик метронинг ҳайдовчи ўрнига ўтириб кўргиси келса керак — буни музейдан бошқа яна қайси жойда қилиш мумкин ахир?” – деган Аъзамхўжаев.
Айни кейс жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлгач, “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ поезд вагонида ташкил этилган овқатланиш шохобчасидан “Сосискахона бекати” номи олиб ташланганини, музей ҳудудида реконструкция ва ободонлаштириш ишлари давом этаётганини билдирди.
Қайд этилишича, шу кунга қадар музейда 7 та болалар аттракционлари очилиб, 60 метрли ноёб мусиқали фаввора барпо этилган, 4 та йирик музей экспонатлари ташқи ва ички томондан реставрация қилиниб, кафе ва ресторанлар фаолияти учун мослаштирилган.
Музей паркка айлантириляптими?
Kun.uz музейнинг аттракционли боғга айлантирилаётганига оид саволларга жавоб олиш учун “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ матбуот хизмати билан боғланди.
Маълум қилинишича, музейнинг айрим ҳудудлари тадбиркорларга ижарага берилган, ҳозирча битта поезд вагонида овқатланиш жойи очилган, босқичма-босқич бундай зоналар кўпайтирилади ва бўш ерларга аттракционлар қўйилади.
“Олдин 1 ойда атиги 10 та одам келарди, ҳозир энди 200-300 нафар одам кириб келяпти. Бу ҳам музей учун катта кўрсаткич. Аттракцион қўйилиши ҳали лойиҳа, у бўйича тендер ўтказилади. Локомотивларнинг ичида секин-секин овқатланиш шохобчалари очилмоқда. Одамлар унинг ичига кириб, атмосферани ҳис қилиб овқатланади. Бўш жойларга 1-2 та аттракцион қўйилади, бўлди.
Ҳозирча битта локомотивда “сосискахона” қилинди, дарахтлар экилди, тўлиқ ободонлаштирилди. Энди ёш болалар локомотивнинг ичига кириб, машинист бўлиб, нарсаларни ушлаб, ўргана олади. Кечаси жойдаги чироқлар ҳам ёняпти, секин-секин қилиняпти.
Музейнинг вагонлари ўша ерда туради. Бундан ташқари, поездлар турмайдиган махсус жойга 60 метрли мусиқали фаввора қилинди. Поездлар реконструкция қилиниб, [музей бўйлаб ҳаракатланиши учун] бекатдан олиб чиқилди”, – дейди АЖ матбуот котиби Алишер Болтабоев.
“Марказдаги музейлар ўрни сотилиб кетиши эҳтимоли мени кўпроқ қўрқитади” – иқтисодчи
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров музей учун бундай лойиҳа концепцияси танлаб олинишининг асосини сўраб ёзмоқда. Унинг фикрича, 200 кишига етган мижозлар сосиска егани келяптими ё тарихий техникани кўрганими, бу нуқта ҳам аҳамиятли.
Қолаверса, Бакиров музейнинг “тиллага тенг ерлари” овқатланиш шохобчаси баҳона хусусийлаштирилишидан хавотир билдирган.
“Йил ўтиб сосискахона ўрнида дом ё бизнес марказ қурворишга, сосискахонага ёндош музейни, айтайлик, Сергелига кўчириб юборишга бўлган муносабат ва эътирозлар кучи, албатта, аввалгидек бўлмайди”, – дейди у.
Мавзуга оид

11:05 / 29.05.2025
Шарқ санъатидан метафизикагача: “Оламлар орасидаги нур” кўргазмасида нималар намойиш этилмоқда?

21:47 / 27.05.2025
Юк темирйўл станциялари пойтахт ҳудудидан кўчирилиши мумкин

16:26 / 27.05.2025
Марказий Осиёнинг энг яхши шаҳри аниқланди

14:30 / 27.05.2025