Ўзбекистон ва Россия гидрометеорология соҳасида мутахассисларни тайёрлайди
Ўзбекистон Бош консулхонаcи ходимлари Россия давлат гидрометеорология университети (РДГМУ) ректори Валерий Михеев ҳамда ушбу олий таълим муассасасида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан учрашдилар.

Фото: "Дунё" АА
Ректор Валерий Михеев билан кечган суҳбатда Россиядан таълим грантларини жалб қилиш, биргаликда гидрометеорология соҳасида мутахассисларни тайёрлаш ва академик алмашинувни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Дипломатлар РДГМУга ташриф давомида хорижий талабаларнинг ўқиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши бўйича яратилган шароитларни кўздан кечирдилар.
1930 йилда ташкил этилган РДГМУ Россиядаги ягона гидрометеорология соҳаси бўйича олий таълим муассасаси саналади. Мазкур университет Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази, Ғани Мавлонов номидаги Сейсмология институти, "ЎзЛИТИнефтегаз" АЖ, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ва Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик битимларини имзолаган.
Ҳозирги кунда ушбу университетда Ўзбекистоннинг 183 нафар фуқароси бакалавриат ва магистратура дастурларида таҳсил олмоқда.