Ўзбекистон | 22:49 / 22.05.2025
1221
4 дақиқада ўқилади

21 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ўзбекистонда шифокорларнинг маошлари оширилади, «чиройли» авторақам 722 млн сўмга сотилди, 1 июндан меҳмонхоналарга MyID билан кириш мумкин бўлади, Люблянада Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шифокорларнинг маошлари оширилади

Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 июлдан туман (шаҳар)ларда, 2026 йил 1 январдан Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарларида тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинади.

Тажриба-синов лойиҳаси доирасида тиббиёт бирлашмалари негизида соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилади.

Шунингдек, оилавий поликлиникаларда тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада фаолият юритиши белгиланди.

Оилавий поликлиникадан 10 километрдан узоқ масофада жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли учун тиббиёт ходимларининг сайёр тиббий хизмати йўлга қўйилади.

Тажриба-синов лойиҳаси доирасида сайёр тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларига ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида устама тўланади. Бундан ташқари, туман ва шаҳар марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари – 20 фоиз, ўрта тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари – 10 фоиз миқдорида оширилади.

«Чиройли» авторақам 722 миллион сўмга сотилди

Ўзбекистон товар-хомашё биржасининг электрон савдо платформасида ўтказилган навбатдаги онлайн аукционлар натижасида жами 697 дона авторақам сотилди.

Сотилган авторақамларнинг катта қисми — аниқроғи 644 таси жисмоний шахслар томонидан харид қилинган. Қолган рақамлар эса юридик шахслар томонидан сотиб олинган.

Савдо платформасида энг паст нархда харид қилинган авторақам қиймати 1 миллион 900 минг сўмни ташкил этган. Шунингдек, 20 май куни энг юқори нархда сотилган «чиройли» авторақам 722,3 миллион сўмга баҳоланган.

Мазкур сумма 2025 йил бошидан буён қайд этилган энг юқори нархга айланди.

Меҳмонхонага MyID билан кириш мумкин бўлади

«2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

2025 йил 1 июндан бошлаб туризм соҳасидаги барча давлат электрон тизимлари ва платформалари Туризмнинг ягона миллий платформаси доирасида ишлаб чиқилади.

Бунда жойлаштириш воситаларини платформа орқали банд қилаётган Ўзбекистон фуқароларига шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз MyID тизимида идентификациядан ўтиш рухсат этилади.

Шунингдек, платформага уланган жойлаштириш воситаларининг шахсий кабинетида меҳмонларни QR-код ёки юзни таниш тизими орқали идентификация қилиш имконияти яратилади.

Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Люблянага борди

Бугун Люблянадаги Конгресс майдонида Словенияга расмий ташриф билан борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарини Словения президенти Наташа Пирц Мусар самимий кутиб олди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул сафланди. Ҳарбий оркестр Ўзбекистон ва Словения давлат мадҳияларини ижро этди.

Икки мамлакат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзолари билан саломлашди.

Расмий маросимдан сўнг «Звезда« боғида уруш қурбонлари хотирасига ҳурмат ҳамда тинчлик ва инсонпарварлик ғояларига садоқат рамзи сифатида Барча урушлар қурбонлари ёдгорлигига гул қўйилди.

Мавзуга оид