Жаҳон | 13:12
2239
10 дақиқада ўқилади

Санкциялари ечилаётган Сурия, янги бомба яратган АҚШ ва имтиёзлари бекор қилинаётган Исроил – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Европа Иттифоқи Сурияга қарши санкцияларни бекор қилади

Европа Иттифоқи Сурияга қарши жорий этилган санкцияларни бекор қилиш бўйича қарор қабул қилди. «Охирги 14 йил давомида Евроиттифоқ доим сурияликларни қўллаб-қувватлаб келди ва бу ишни давом эттиради», — деди ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас.

Европа бош дипломати санкцияларнинг барчаси дарҳол ечиладими ёки бу босқичма-босқич амалга ошириладими — аниқлик киритмаган. Хорижий нашрларга кўра, Брюссел Дамашққа қарши санкцияларни «босқичма-босқич» бекор қилиш имконияти ҳақида ўйламоқда.

13 май куни Саудияга ташриф буюрган АҚШ президенти Доналд Трамп президент Аҳмад аш-Шаръа билан учрашган ҳамда Сурияга қарши санкцияларни бекор қилишини айтган эди. У бунда Саудия шаҳзодаси, Туркия ва Қатар етакчиларининг роли катта эканини билдирган.

АҚШ бошчилигидаги Ғарб коалициясининг Сурияга нисбатан санкциялари мамлакатни Башар Асад бошқарган даврда жорий этилган. 2024 йил декабрда у ҳокимиятдан ағдарилди ва Россияга қочиб кетди. Ҳокимият тепасига Аш-Шаръа бошчилигидаги кучлар келди.

Евроиттифоқ ва Буюк Британия Исроилга қарши иқтисодий имтиёзларни бекор қилмоқчи

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Кая Каллас Иттифоқнинг Исроилга савдо имтиёзлари берадиган Ассоциация битими қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

Унинг айтишича, Брюсселда ўтган ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Нидерландия Евроиттифоқ ва Исроил ўртасидаги Ассоциация битимини қайта кўриб чиқишни таклиф қилган. Бу таклифни аъзо давлатларнинг аксарияти қўллаб-қувватлади.

Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп Калласга йўллаган мактубида Ғазо секторининг блокадаси халқаро гуманитар ҳуқуқни бузишини ва шу билан Евроиттифоқ-Исроил Ассоциация битимининг 2-моддасини бузаётганини айтди. 2000 йилда кучга кирган ушбу битимнинг 2-моддаси ҳамкорликни «инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуққа садоқат» билан боғлайди.

«Шу боис бу жараённи бошладик. Айни пайтда Исроил гуманитар ёрдамга тўсиқни ўзи олиб ташлаши керак. Биз бу ишни бошлаяпмиз ва шу орада гуманитар ёрдам йўлига очилиши ҳамда вазият яхшиланишига умид қиламиз», деган Каллас.

Бундан ташқари, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Девид Ламмий ҳам Исроил билан янги эркин савдо битими бўйича музокараларни тўхтатганини эълон қилди.

«Биз четда туриб, вазиятнинг ёмонлашувини томоша қила олмаймиз. Бу икки томонлама муносабатларимизга асос бўлган принципларга ва Британия халқининг қадриятларига зид келади. Шу боис бугун мен Нетаняху ҳукумати билан янги эркин савдо битими бўйича музокараларни тўхтатганимизни эълон қиламан. Бу қарор Исроил ҳукуматининг ҳаракатлари туфайли заруратга айланди», — деди у Парламентдаги нутқида.

«Биз Исроил халқи билан умумий қадриятларга асосланган мустаҳкам дўстликни истаймиз. Аммо Ғазода олиб борилаётган уруш шакли ҳукуматларимиз ўртасидаги муносабатларимизга путур етказмоқда. Агар Исроил ҳарбий ҳаракатларни давом эттирса ва гуманитар ёрдамнинг узлуксиз етказилишини таъминламаса, биз яна бошқа жавоб чораларини кўрамиз», — деган Британия ташқи ишлар вазири исроилликларга мурожаат қилиб.

Исроил армиясининг 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 53 573 нафарга етди. Сўнгги сутка ичида эксклавда 87 киши Исроил ҳужумлари қурбонига айланган, яна 290 нафар жароҳатланганлар касалхонага олиб келинган. Ғазо секторининг соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, бомбаланган уйлар харобалари остида минглаб инсонларнинг жасадлари қолиб кетмоқда.

Исроилнинг босқинчилик ҳужумларига мамлакат ичидаги мухолифат ва айрим ҳарбийлар ҳам қарши фикр билдирмоқда. Хусусан, мухолифатдаги Демократик партия раҳбари Яир Голан Исроил армияси Ғазо секторида болаларни «ҳобби сифатида» ўлдираётганини айтган. Унинг таъкидлашича, амалдаги Исроил ҳукумати мамлакатнинг ўзи учун жиддий таҳдидга айланган.

АҚШ янги атом бомбаси яратилганини эълон қилди

Қўшма Штатлар энг янги Б61-13 гравитацион ядровий бомбанинг биринчи прототипини ишлаб чиқаришни якунлади, унинг қуввати 360 килотоннагача. Бу муддатдан бир йил олдин содир бўлди, деб хабар берди Энергетика вазири Крис Райт.

Унинг сўзларига кўра, Б61-13 эълон қилинганидан икки йил ўтмасдан яратилган ва Совуқ уруш давридан бери энг тез ишлаб чиқилган ва қабул қилинган қуроллардан бирига айланди. Райтнинг таъкидлашича, бу Қўшма Штатларнинг «янги беқарор даврда» глобал хавфсизлик соҳасидаги ортиб бораётган муаммоларга тезда жавоб бериш қобилиятини намойиш этади.

«АҚШ ядровий арсеналини модернизация қилиш президент Доналд Трампнинг «Тинчлик орқали куч» ёндашувига эришиш учун жуда муҳим... Бу ютуқ Америка кучини рақибларимизга ҳам, иттифоқчиларимизга ҳам намойиш этади», деди вазир.

Россияга қарши санкцияларнинг 17-пакети тасдиқланди

Евроиттифоқ жорий қилган санкциялар асосан Россиянинг «соядаги флоти» танкерларига қаратилган. Иттифоқ расмийларига кўра, санкциялар Кремлнинг «деярли 200 та соядаги танкерига» таъсир кўрсатади.

«Янги чоралар, шунингдек, гибрид таҳдидлар ва инсон ҳуқуқларига қаратилган. Россияга қарши янги санкциялар устида ҳам иш олиб борилмоқда. Россия урушни қанча узоқ давом эттирса, бизнинг жавобимиз шунчалик қаттиқ бўлади», — деган ЕИ бош дипломати Кая Каллас.

«Соядаги флот»дан ташқари, 35 та компанияга нисбатан ҳам чекловлар қабул қилинган. Улар орасида Россия ҳарбий заводларига қурол ишлаб чиқаришда зарур бўладиган компонентларни етказиб берадиган Қозоғистон, Ўзбекистон, Сербия, Туркия ва БААдаги компаниялар ҳам мавжуд. Шунингдек, «Сургутнефтегаз», «ВСК» суғурта компанияси ва ҳарбийлар учун дронлар ишлаб чиқарувчи марказ ҳам чекловларга учради.

«KamAZ» бош директори Сергей Когонинга қарши ҳам чекловлар кўзда тутилган. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини бузгани учун 28 киши «қора рўйхат»га киритилади.

Германия канцлери Фридрих Мерцнинг айтишича, Европа етакчилари Доналд Трампни Россияга қарши санкциялар кучайтирилиши ҳақида хабардор қилган.

«Европа ва Америка бу борада жуда ҳамжиҳат: биз Украинани ўт очишни тўхтатиш йўлида фаол қўллаб-қувватлаймиз. Европа санкциялар билан Москвага босимни оширади», деб ёзди Мерц Х ижтимоий тармоғида.

Бундан ташқари, 20-22 май кунлари Канадада бўлиб ўтадиган G7 молия вазирларининг йиғилишида Европа Иттифоқи денгиз орқали ташиладиган Россия нефтининг максимал харид нархини пасайтиришни таклиф қилмоқчи.

Мунозаралардан хабардор бўлган Европа Иттифоқининг номи ошкор этилмаган расмийлари Reuters агентлигига бир баррель учун 50 доллар ишлаб чиқилаётганини айтишди. Ҳозирда Россиядан бир баррель нефть учун «нарх шифти» 60 долларни ташкил этади.

АҚШ «ихтиёрий депортация» дастури бўйича дастлабки мигрантларни чиқариб юборди

Доналд Трамп маъмурияти эълон қилган «ихтиёрий депортация» дастури бўйича Қўшма Штатларни ўз ихтиёри билан тарк этган Гондурас ва Колумбиянинг 64 нафар фуқароси бўлган биринчи чартер самолёти Гондурас ва Колумбияга етиб борди. Бу ҳақда АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги пресс-релизида маълумот берилди.

Департаментнинг таъкидлашича, ноқонуний мигрантлар ўзларини янги CBP Home иловасида рўйхатдан ўтказишган. Улар учун Хюстондан иккита тўхташ жойи бўлган чартер рейс ташкил этилди. Улар бепул чипта, 1000 доллар тўлов ва АҚШга қонуний йўл билан қайтиш имкониятига эга бўлган.

38 киши қайтиб келган Гондурас ҳукумати уларга ҳар бирига қўшимча 100 доллар ва озиқ-овқат талонлари тақдим этди, шунингдек, иш топишда ёрдам ваъда қилди. Колумбияга қайтган 26 кишига мамлакат ҳукумати томонидан «ижтимоий хизматлар кўрсатилди», деб хабар берди АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги.

Ички хавфсизлик вазирлиги раҳбари Кристи Ноэм Қўшма Штатларда қолган ҳужжатсиз муҳожирларни бундан ўрнак олишга чақирди, акс ҳолда улар «жарима билан жазоланади, ҳибсга олинади, депортация қилинади ва ҳеч қачон қайтиб келишига рухсат берилмайди».

Қўшниларимиздан янгилик: Қирғизистонда суд мажлисларини аудио ва видеога ёзиб олиш мажбурий бўлди

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 20 май куни мамлакат Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Қонун орқали Жиноят-процессуал кодекси ва суд тизимига «видео-конференц-алоқа» ва «трансляция» тушунчалари киритилади.

Шунингдек, эндиликда Қирғизистонда суд мажлисининг бориши аудио ва видео воситалар орқали мажбурий тарзда қайд этилади.

Агар суд мажлисининг аудио ва видео ёзувлари мавжуд бўлмаса, бу – суд қарорини ўзгартириш, қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш учун асослардан бири сифатида тан олинади. Шунингдек, жиноятнинг оғирлигига қараб гаровнинг энг кам миқдорлари белгиланади.

Расмий релизда жиноят қонунчилигига киритилаётган ўзгаришлар қачондан кучга кириши ва тартиблари ҳақида маълумот берилмаган.

Мавзуга оид