Ўзбекистон | 22:25 / 21.05.2025
1815
5 дақиқада ўқилади

21 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ўзбекистонликлар учун АҚШга виза талаблари енгиллаштирилиши мумкин, блогер Қобил Дўсов яна суд қилинмоқда, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернат иш бошлайди, Будапештда Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммити бўлиб ўтди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистонликлар учун АҚШга виза талаблари енгиллаштирилиши мумкин

2025 йил 15 май куни Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини кенгайтиришга доир президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, Ташқи ишлар вазирлиги уч ой муддатда Россия, Қозоғистон ва Озарбойжон давлатлари фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига ички ҳужжат ёки ID-карта, шу жумладан, 16 ёшга тўлмаган фуқароларга «киндер паспорт» билан 30 кунгача кириш режимини жорий қилиш юклатилди.

Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги Америка Қўшма Штатлари фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига 30 кунлик муддатга визасиз кириш режимини жорий қилиш ҳамда Ўзбекистон фуқаролари учун АҚШга виза талабларини енгиллаштириш юзасидан музокаралар бошлаш топширилди. Вазирлик 3 ой ичида ушбу масала якуни бўйича таклиф киритиши керак.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасига икки ҳафта муддатда маҳаллий ҳокимларни Европа Иттифоқи мамлакатлари, Россия, Хитой, Япония, Корея, Индонезия, Малайзия ва Кўрфаз араб давлатларидан хорижий туристларни кўпайтириш мақсадида тегишли ҳудудларга бириктириш топширилди.

Блогер Қобил Дўсов устидан яна бир суд иши бўлиб ўтмоқда

Бўстонлиқ тумани собиқ депутати, блогер Қобил Дўсов устидан яна бир суд иши бўлиб ўтмоқда. У Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида судя Толибжон Обидов раислигида кўриб чиқиляпти. Собиқ депутат Жиноят кодексининг «туҳмат», «ҳақорат қилиш», «ёлғон хабар бериш» моддалари билан айбланмоқда.

Суд ишида 5 киши жабрланувчи бўлиб ўтган. Уларнинг аксарияти таълим тизими вакиллари. Жумладан, жабрланувчилар орасида Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова ҳам бор.

20 май куни ушбу жиноят иши бўйича суд мажлиси ўтказилган. Ижтимоий тармоқларда судда прокурор Қобил Дўсовга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси сўрагани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Қобил Дўсов аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиевни ҳақорат қилганликда айбли деб топилиб, 1 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинганди. Феврал ойи охирида эса собиқ депутатга суд ҳукми билан 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернат фаолияти йўлга қўйилади

«Президент иқтидорли фарзандлари» ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернат фаолияти йўлга қўйилади. Мактабда ўқув жараёни 2025-2026 ўқув йилидан бошланади.

Мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат билан бир қаторда етакчи хорижий олий таълим ташкилотларига ўқишга кириш имконини берувчи халқаро таълим дастури дипломи берилади.

Мактабда таълим жараёни вариатив ўқув режалар асосида амалга оширилади ҳамда ўқувчилар инглиз тилидан ташқари камида яна битта қўшимча хорижий тилга ўқитилади. Мактабда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўқитиладиган ўқувчиларнинг умумий чекланган сони 180 нафарни ташкил этади.

Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммити бўлиб ўтди

Президент Шавкат Мирзиёев 21 май куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон етакчиси Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ фаолияти ва тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Туркий маданият жамғармаси кенгашининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, туркиялик атоқли олим, биокимёгар, Нобел мукофоти совриндори Азиз Санжарни Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлгани билан табриклади.

Саммит якунида Будапешт декларацияси, шунингдек, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича бошқа қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

Мавзуга оид