Жамият | 11:27
1729
3 дақиқада ўқилади

Тожикистондан контрабанда қилинган наркотик моддалар тўхтатиб қолинди

Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Хизматнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда божхона идоралари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Фото: Видеодан кадр

Унда, Тожикистон фуқароси “ўзбек-тожик” давлат чегарасини қонунга хилоф равишда бузиб ўтган вақтида тўхтатиб қолинди.

Унга тегишли сумка кўздан кечирилганда, 15 дона ўрамдаги жами 14 кг 584 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шундан сўнг, ушбу ажал оғусини буюртма қилган шахсни аниқлаш юзасидан тезкор тадбир давом эттирилди. Натижада, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшовчи шахс Бекобод туманида наркотик моддани қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса, Хизматнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар ҳамда божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилоятининг Бекобод туманида яшовчи шахс қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб келинган 9 кг 467 гр “опий” моддасини сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Терговга қадар текширув давомида, тожикистонлик наркокурьер томонидан Сурхондарё вилояти ҳудудига контрабанда йўли билан етказиб берилган мазкур ажал оғусини Денов туманида яшовчи фуқаро қабул қилиб олиб, Тошкент вилоятига олиб келганлиги аниқланди ва у ҳам процессуал тартибда ушланди.

Қўқон шаҳрида қайд этилган ҳолатда, “Фарғона-Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган “Ласетти” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада унда йўловчи сифатида ҳаракатланаётган - Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро ўзининг бел қисмига 1 кг 759 гр “гашиш” моддасини яшириб олганлиги аниқланди.

Фарғона шаҳрида кузатилган ҳолатда эса, “Фарғона-Тошлоқ” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган шахс бошқарувидаги “Запорожец” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 995 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланди ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ашёвий далил сифатида олинган жами 26 кг 805 гр гиёҳвандлик воситалари Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид