Жаҳон | 22:08 / 20.05.2025
1278
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда май бошидан бери 8 киши йўлбарслар ҳужуми қурбонига айланди

Йиртқичлар ҳужуми ортиб бораётгани сабаб Ўрмон хўжалиги департаменти янги хавфсизлик қоидаларини эълон қилди.

Фото: AP

Ҳиндистоннинг Чандрапур округида йўлбарслар саккиз кун ичида 8 кишининг умрига зомин бўлди. Йил бошидан бери бу турдаги йиртқичлар ҳужуми оқибатида 21 киши ҳалок бўлди, деб хабар беради Times of India.

2024 йилда Чандрапурда ёввойи табиат билан боғлиқ 29 та ўлим ҳолати қайд этилган. 2025 йилнинг дастлабки беш ойида эса ўлим ҳолатлари 21 тага етган ва уларнинг барчаси йўлбарслар томонидан амалга оширилган.

Навбатдаги фожиа Бхандурна қишлоғида юз берган. 70 ёшли Риши Пендор шанба куни бедарак йўқолган, якшанба куни эса уни қидириш ишлари бошланган. Эркакнинг жасади Мул ўрмон массивидан, Тадоба-Андхари йўлбарслар қўриқхонаси ҳудудидан топилган. Маълумотларга кўра, Пендор руҳий бузилишдан азият чеккан. Унинг оиласига 50 минг рупий миқдорида компенсация тўланган.

Бошқа бир ҳужум Нагбхид шаҳри атрофида юз берган. У ерда йўлбарс ўрмонда барг териб юрган 63 ёшли Мароти Шендега оғир жароҳат етказган. Жабрланувчи шифохонага олиб кетилаётганида вафот этган.

Йиртқичлар ҳужуми ортиб бораётгани сабаб Ўрмон хўжалиги департаменти янги хавфсизлик қоидаларини эълон қилди. Барг терувчиларга ўрмонга соат 08:00 дан кейин бориш ва уни 17:00 гача тарк этиш, доим гуруҳ-гуруҳ бўлиб ишлаш ва йўлбарсларни қўрқитиш учун махсус ниқоблар тақиш тавсия қилинган.

Мавзуга оид