Жамият | 11:50
1179
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда одам савдоси қурбонига айланиш хавфи остида қолган аёл Ўзбекистонга қайтарилди

Ўзбекистон элчихонаси Ҳиндистонга алдов йўли билан олиб келинган ва одам савдоси қурбонига айланиш хавфи остида қолган фуқаронинг ватанга қайтишига амалий ёрдам кўрсатди.

Фото: Getty images

Дипломатик миссия консуллик бўлимига Ҳиндистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан Деҳлидаги Индира Ганди халқаро аэропортида руҳий тушкунлик ҳолатидаги З.Т. исмли Ўзбекистон фуқароси аниқлангани ҳақида маълумот келиб тушди.

Шундан сўнг фуқаро билан алоқа ўрнатилиб, у элчихонага олиб келинди. Суриштирув жараёнида З.Т.га С. ва К. исмли кимсалар томонидан Деҳли шаҳридаги ошхоналардан бирида официант бўлиб ишлаш таклифи билдирилгани аниқланди. Бироқ Ҳиндистонга келиб, меҳмонхонага жойлашгач, З.Т. алдов тузоғига тушиб қолганини билиб қолган ҳамда уни ватанга қайтариб юборишларини талаб қилган.

Бироқ С. ва К. З.Т.дан унинг учун сарфланган йўл харажатларини қоплаб беришини талаб қилган ҳамда жинсий хизмат кўрсатишга мажбурлашга ҳаракат қилишган.

З.Т. ўзи ушлаб турилган маскандан қочиш ва маҳаллий полиция вакилларига мурожаат қилишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон элчихонаси томонидан оғир аҳволга тушиб қолган фуқаромизга тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилди ҳамда ҳомий ташкилотлар кўмагида "Деҳли-Тошкент" йўналишидаги авиарейсга чипта сотиб олинди.

Ҳиндистоннинг тегишли муассасалари билан Ўзбекистон фуқаросини ёлғон ваъдалар билан Деҳлига олиб келиб, эксплуатация қилишга уринишда гумон қилинаётган кимсаларга нисбатан қонуний чора кўрилиши бўйича ҳамкорлик қилинмоқда.

Дипломатик миссия ватандошларни Ҳиндистонга сафар қилишдан олдин турли шубҳали гуруҳ ёки шахсларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолмаслик, ушбу мамлакатга кириш ва унда бўлиб туриш чоғида маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирди.

Элчихона бундай ҳолатлар юзага келган тақдирда зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилиши учун зудлик билан қуйидаги воситалар орқали мурожаат қилишни тавсия қилди: телефон: +91 11 2467 0774/75; телеграм-бот: @consuluzbindia_bot.

Мавзуга оид