Ўзбекистон | 22:59 / 14.05.2025
1104
5 дақиқада ўқилади

14 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Афғонистон Имом Бухорий мажмуаси қурилишига мармар жўнатди, Давлат шифохоналаридаги пулли хизматлар қимматлашади, Тошкентдаги омборхонада катта ёнғин содир бўлди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Афғонистон Ўзбекистонга мармар совға қилди

Афғонистон Ўзбекистонга 16 та юк машинасидаги Ҳирот оқ мармарини тақдим этди. Уларни Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси қурилишида ишлатиш режалаштирилмоқда.

Термиз халқаро савдо марказида ўтган учрашувда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Афғонистон бош вазири котибияти раҳбари Мулло Абдулвосе ва Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо қатнашди.

Юк машиналаридаги плакатларда «Биродар Афғонистон халқи номидан Имом ал Бухорий жоме масжиди ва мажмуасига туҳфа» деб ёзилган.

Таъкидланишича, бу қалинлиги 3,5−4 сантиметр бўлган мармар плиталарнинг биринчи партиясидир. У 324 та қадоқдан иборат.

Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, жумладан, савдо, транспорт, гуманитар ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Боғотда хонадонлардан бирига номаълум жисм қулагани рад этилди

Ижтимоий тармоқларда Боғот туманидаги уйлардан бирига астероид тушган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги видеолавҳа тарқалди. Унда ҳодисадан олдин кучли зарба овози эшитилгани айтилади. Видеода уйнинг кириш қисми, яъни даҳлизи тешилиб қолгани ва шифти қулаб тушганини кўриш мумкин.

Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси расмий баёнот бериб, хонадонга астероид тушганини рад этди.

Қайд этилишича, туманнинг Юксалиш маҳалласидаги уй даҳлизининг тахминан 10 метр квадрат том қисми қулагани тўғрисида хабар келиб тушган. Ҳодиса содир бўлган манзилда Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг махсус лаборатория хизматлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганишлар давомида ҳодиса жойида ҳеч қандай фазо жисмлари ёки портлаш хусусиятига эга мосламаларнинг қолдиқлари аниқланмаган. Шунингдек, ўрганишларда хонадонда 2 та пропан газбаллони борлиги маълум бўлган.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси осмон жисми тушганини рад этиб, ҳодисанинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида махсус экспертиза тайинланганини маълум қилган. Айнан қандай предметлар экспертиза учун олингани хабарда айтилмаган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га билдиришича, дастлабки маълумотларга кўра хонадонда пропан газ чақнаши содир бўлган ва тартиб бўйича экспертиза тайинланган. Уй эгалари ташқарида ухлагани сабаб тан жароҳати олганлар бўлмаган. Уй эгалари осмондан бирор жисм тушганини тахмин қилган.

Давлат шифохоналаридаги пулли хизматлар қимматлашади

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан пулли тиббий хизмат кўрсатадиган даволаш-профилактика муассасаларини молиялаш тартибига ўзгартириш киритилди.

Янги тартибга кўра, тиббий хизматга тўлов қийматини белгилашда рентабеллик кўрсатиладиган тиббий хизмат таннархининг 20 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

8 майга қадар амал қилган тартибда тиббий хизматга тўловнинг энг кўп қиймати даволаш-профилактика муассасаси томонидан бюджет маблағлари ҳисобига кўрсатилаётган айнан шундай хизматлар қийматининг 25 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилганди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур ўзгариш давлат шифохоналаридаги пулли хизматлар учун тўловларнинг 4,8 каррага ошишига олиб келиши мумкин.

Яъни эски тартиб бўйича 100 минг сўмлик қийматга эга бўлган хизмат учун 25 минг сўм ундириш мумкин бўлган. Тасдиқланган ўзгаришларга кўра, таннархи 100 минг сўм бўлган тиббий хизмат учун тўлов 120 минг сўмдан ошмаслиги керак бўлади.

Тошкентдаги омборхонада катта ёнғин юз берди

Тошкент шаҳри Сергели туманидаги омборхонада ёнғин содир бўлди.

Ёнғин ҳақида пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармасига соат 11:03 да хабар келиб тушган. 12 ёнғин-қутқарув экипажи қарийб 2,5 соатда ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирди. Таъкидланишича, ҳозирда ёнғин сабаблари ҳамда етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Вазирлик хабарида ёнғин содир бўлган омборхонада нималар сақлангани ҳақида маълумот берилмаган.

Мавзуга оид